Сурхондарёда ички органида наркотик олиб ўтган Афғонистон фуқароси қўлга олинди

Сурхондарёда ички органида наркотик модда олиб ўтган Афғонистон фуқароси қўлга олинди.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 3 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, Денов туманида яшовчи, 1980-йилда туғилган, илгари гиёҳвандлик воситалари савдоси билан судланган шахснинг уйида ўтказилган тинтувда сотиш мақсадида сақланаётган 1 килограмм 7 грамм опий ва 998 грамм гашиш моддалари топилган. Шунингдек, шу туманда илгари худди шундай жиноят билан судланган яна икки фуқаро (1966 ва 1986-йилларда туғилган) 491 грамм гашишни 85 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Яна бир ҳолат вилоят марказида қайд этилган. 2003-йилда туғилган Афғонистон фуқароси “Термиз халқаро савдо маркази” ҳудудида 506 грамм опий моддасини 2500 долларга сотаётган вақтида ушланган. Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширинча олиб ўтишда ўз ички органидан "жонли контейнер" сифатида фойдаланган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда наркодилерлар қўлга олиниб, 1 килога яқин гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинганди. Бошқа бир вазиятда эса қурилиш анжомларидан қарийб 600 грамм синтетик наркотик топилган.

