Сурхондарёда Гентра поезд билан тўқнашди, икки киши ҳалок бўлди
Сурхондарё вилояти Денов туманида қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида Гентра поезд билан тўқнашиб, икки аёл ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва 2 ёшли қизча жароҳатланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув бошланди. Маҳаллий аҳоли кесишмага шлагбаум қўйишни сўрамоқда.

Сурхондарёда Гентра поезд билан тўқнашди, икки киши ҳалок бўлди
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида Гентра автомобили поезд билан уришиши оқибатида икки киши вафот этди.
Воқеа 29-август куни соат 17:13 лар атрофида Денов туманидаги Озод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида юз берган.
Сурхондарё вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Сариосиё бўлинмаси ППХ саф бўлинмаси командири Нурали Жўраевнинг маълум қилишича, тўқнашув ҳайдовчининг эътиборсизлиги сабаб юзага келган.
Душанбе — Волгоград йўналишида ҳаракатланаётган транзит поезд темир йўл кесишмасидан ўтаётган Гентра автомобили билан тўқнашган. Ҳодиса натижасида автомобил ичидаги 47 ва 30 ёшли икки нафар аёл йўловчи ҳалок бўлган.
Машина ичида бўлган 2 ёшли қизча ва ҳайдовчи жароҳат олган. Улар Денов тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши экани билдирилди.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳайдовчи йўл қоидаларига амал қилмаган. Маҳаллада яшовчи Алимардон Бобоев сўзларига кўра, автомобил аввал тўхтаган, сўнг бироз орқага ҳаракатланиб, яна йўлда давом этган. Шундан кейин поезд автомобилга урилган. Ҳодисадан сўнг маҳаллий аҳоли ҳайдовчи ва автомобил ичидаги қизчани қутқариб, шифохонага юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллий аҳоли ушбу темир йўл кесишмасига шлагбаум ўрнатиш ёки навбатчи қўйишни сўрамоқда. Шунингдек, тўқнашув оқибатида шикастланган электр устунини ҳам алмаштириш зарурлиги айтилмоқда.

