Сурхондарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда умумий қуввати 454 млн кВт бўлган чиқиндини қайта ишлаш заводлари қурилади
Сурхондарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда жами 395 миллион долларлик инвестиция ҳисобига чиқинди ёқиш заводлари қурилади. Корхоналар кунига 3250 тонна маиший чиқиндини қайта ишлаб, йилига 454 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Сурхондарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда умумий қуввати 454 млн кВт бўлган чиқиндини қайта ишлаш заводлари барпо этилади
17-сентабр куни имзоланган президент қарорлари билан Ўзбекистоннинг уч ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари белгиланди. Ушбу лойиҳаларга жами 395 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилиши ва чиқиндиларни қайта ишлаш қувватлари яратилиши кўзда тутилган.
Сурхондарё вилоятидаги лойиҳа учун Хитойнинг Чина Ссиенсес Энвиронментал Протестион Течнологй (Ҳонг Конг) Интернатионал Со., Лтд (ССЕТ) компанияси инвестор сифатида жалб қилинади.
2026−2028-йилларда лойиҳага 150 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилиб, кунига минг тонна қаттиқ маиший чиқиндини термик усулда қайта ишлаш ҳамда йилига 126 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади.
Лойиҳа Ангор туманидаги “Баҳор” МФЙ ҳудудида ташкил этиладиган 15 гектарлик экосаноат зонасида амалга оширилади.
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида “Ўзенергосотиш” АЖга кафолатланган тарзда сотади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги лойиҳа компаниясига 30 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб беради.
Лойиҳа доирасида электр стансиясини ягона электр тармоғига улаш учун зарур электр узатиш тармоқлари ва инфратузилма қурилмалари ҳам қурилади.
Бухоро ва Навоий вилоятларидаги лойиҳа учун Сингапурда рўйхатдан ўтган Вангненг (УЗ) Энвиронментал Протестион Энергй Пте. Лтд компанияси инвестор сифатида жалб қилинган.
165 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилиб, Бухоро вилоятида кунига 1,5 минг тонна чиқиндини термик қайта ишлаш ва йилига 238 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади.
Бу лойиҳа ҳам 2026−2028-йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
Когон туманидаги “Гулистон” МФЙ ҳудудидан 40 гектар ер экосаноат зонаси ташкил этиш учун ажратилади.
Бухоро вилоятида чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар билан ҳам давлат-хусусий шериклик асосида битимлар тузишга рухсат берилган.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Хитойнинг Чина Ссиенсес Энвиронментал Протестион Течнологй (Ҳонг Конг) Интернатионал Со., Лтд (ССЕТ) компанияси иштирокида чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
2026−2028-йилларда лойиҳага 80 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилиб, кунига 750 тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлаш ҳамда йилига 90 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати яратилади.
Лойиҳа Нукус туманидаги “Тақиркўл” ОФЙ ҳудудида ташкил этиладиган 30 гектарлик экосаноат зонасида амалга оширилади.
Сурхондарё ва Бухородаги каби бу лойиҳада ҳам электр энергиясини 30 йил давомида кафолатланган тарзда харид қилиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб бериш механизмлари белгиланган.
Учта лойиҳа доирасида инвесторлар қурилиш давридаги мажбуриятларини таъминлаш учун 8 млн долларлик биринчи даражали банк кафолати тақдим этади.
Лойиҳа компанияларига чет элдаги банкларда ҳисобварақ очиш, хорижий кредиторлар, пудратчилар ва етказиб берувчиларга айрим тўловларни Ўзбекистондаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш ҳуқуқи ҳам берилган.
Шунингдек, лойиҳалар учун зарур электр инфратузилмасини қуриш, ер участкаларини ажратиш ва экосаноат зоналарини ташкил этиш бўйича тегишли давлат органларига вазифалар юклатилган.
Умуман, қарорларга кўра, Сурхондарё, Бухоро ва Қорақалпоғистонда кунига жами 3,25 минг тонна маиший чиқинди термик усулда қайта ишланиши ва йилига 454 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати яратилиши кўзда тутилган. Лойиҳаларга жалб этиладиган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг умумий ҳажми 395 млн долларни ташкил этади.
Хоразмда 800 тонна чиқиндини қайта ишлаб, 71 млн кВт, Жиззахда эса минг тонна чиқиндини қайта ишлаш орқали 110 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи заводлар қурилиши маълум қилинганди.
2024-йил октабр ойида президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан электр энергияси ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида гапирар экан, бу соҳани “шунчаки заводлар эмас, балки тақдирий аҳамиятга эга масалалардан бири” деб атаган. 2025-йил март ойида у қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида қарор имзолаган.
Шундай лойиҳалардан бири Самарқандда Хитойнинг Шангҳаи СУС Энвиронмент компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
СУС Энвиронмент Самарканд заводи “Хушрав” массивидаги “Наврўз” маҳалласида жойлашган марказий полигон ҳудудида қурилмоқда: лойиҳа учун полигоннинг 100 гектар майдонидан 15 гектари ажратилган. Корхона пойдеворига тамал тоши 2025-йил 18-июл куни қўйилган, ҳозирда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Чиқиндиларни ёқиш заводлари саноат ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қозонлар ёки печларда термик қайта ишлаш технологияси асосида ишлайди. Ёниш жараёнида ҳосил бўлган иссиқликдан иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

