Сиёсат

Сурияда Асад давридаги хавфсизлик ходими ушланди

**Сурияда Асад даврида маҳбусларни қийноққа солганликда айбланган собиқ хавфсизлик ходими ҳибсга олинди**

Сурияда Башар Асад ҳукмронлиги даврида хавфсизлик хизматида ишлаган Мусаб Абу Рукба қўлга олинди. У Австрияда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаганликда айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди, бироқ мамлакатдан қочиб, Сурия жанубидаги туғилган шаҳрига қайтиб келган. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.

Собиқ лейтенант Абу Рукба Дераа вилоятида Сурия ички хавфсизлик кучлари ва терроризмга қарши кураш департаменти томонидан ўтказилган операция натижасида ҳибсга олинган. Ўтган ой Вена суди уни собиқ президент Башар Асаднинг ҳибсга олинган мухолифларига нисбатан тан жароҳати етказиш, зўравонлик ва жинсий тажовуз қилишда айбдор деб топган эди. Абу Рукба ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.

У саккиз йиллик қамоқ жазоси устидан апелляция шикояти берганидан сўнг Австрияни тарк этган. Абу Рукба август ойи бошида Нава шаҳрига етиб келган ва унинг оиласи қайтишини нишонлаш учун маросим ўтказган. Сурияга ноқонуний йўл билан кириб келганидан сўнг расмийлар унинг ҳаракатларини кузатиб борган.

Абу Рукба ҳибсга олингач, ҳуқуқий жараёнларни якунлаш учун масъул идораларга топширилган. Унга қарши жиноий иш очилиши кутилмоқда. Бироқ, Сурияда унга қандай айбловлар қўйилиши, шунингдек, Австрия уни ҳибсга олиш ёки экстрадиция қилишни сўраганми, ҳозирча номаълум.

Австрия судининг матбуот котиби ўша пайтда Абу Рукбанинг қочиш хавфи йўқ деб ҳисобланганини маълум қилган, чунки у 2014-йилдан бери Австрияда яшаб, оиласи билан бошпана сўраган. Матбуот котибининг сўзларига кўра, суд жараёнида у ҳибсда сақланмаган ёки бошқа чекловларга дуч келмаган, шунингдек, апелляция жараёни давом этаётган бир пайтда унинг Австрияни тарк этиши мамлакат қонунларини ёки суд қарорларини бузмаган.

**Башар Асад, унинг укаси ва икки амакиваччаси ўлимга ҳукм қилинди**

Маълумот ўрнида, 11-август куни Сурия суди фуқаролар уруши давридаги жиноятлари учун Башар Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу янги ҳокимият давридаги биринчи шундай ҳукм бўлди. Шунингдек, олти нафар собиқ ҳарбий ва хавфсизлик ходимларига ҳам худди шундай жазо тайинланган.

Улар орасида армиянинг элита 4-дивизиясига раҳбарлик қилган Асаднинг укаси Маҳер ва амакиваччаси Атеф Нажиб ҳам бор. Нажиб аввал Дераа вилоятида сиёсий хавфсизлик хизмати раҳбари бўлиб ишлаган. У 2011-йилда Дераада ҳукуматга қарши намойишларни шафқациз бостиришга раҳбарлик қилганликда айбланган. Айнан шу воқеалар кейинчалик 14 йил давом этган Сурия фуқаролар урушига туртки бўлган.

18-август куни эса Башар Асаднинг яна бир амакиваччаси Васим Ассад ўлим жазосига ҳукм қилинди. У фуқаролар уруши даврида содир этилган кўплаб қотилликларда айбланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.