Суперкучлар орасида қолиб кетган: Австралия Хитой ва АҚШ рақобатида қандай йўл тутмоқда
Австралия Хитойнинг ҳарбий қудратидан тобора кўпроқ хавотирга тушмоқда, бироқ Пекин айни пайтда унинг энг йирик савдо ҳамкори ҳамдир.

**Суперкучлар орасида: Австралия Хитой ва АҚШ рақобатида қандай йўл тутмоқда**
**Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар беқарор бўлиб қолди**
Снайперлар Австралиянинг чекка ҳудудларидаги сукунатни бузади. Кейин ракеталар зарба беради ва узоқда тутун кўтарилади. Дронларнинг овози эшитила бошлайди, аммо тез орада уларни тепадан учиб ўтаётган вертолётлар шовқини босиб кетади.
Ҳеч қандай маблағ аямасдан, барча турдаги техникалардан фойдаланилмоқда. Бироқ бу ҳақиқий жанг майдони эмас — Таунсвилл охирги марта Иккинчи жаҳон урушида тўқнашувларни бошдан кечирган эди. Бу ҳарбий қудрат намойишидир.
«Биз беқарор дунёда яшаяпмиз», дейди Австралия армияси бригада генерали Бен МакЛеннан.
«Армияни эҳтимоли аввалгидан кўра юқорироқ бўлган урушга тайёрлаш жуда муҳимдир».
Бошқа жойлардаги инқирозлардан кўпинча ўзларини узоқ ҳис қиладиган австралияликлар учун уруш энди мавҳум тушунча эмас. Ҳар қандай фаол жанглардан минглаб километр узоқликда жойлашган бу мамлакат, худди бутун дунё каби, Эрон ва Украинадаги воқеаларнинг акс-садосини, жумладан, ёқилғи нархининг ошиши ва инфляциянинг ўсишини ҳис қилмоқда.
Хитойнинг ҳарбий қудрати ўсиб, Тинч океанидаги таъсири кенгая боргани сайин, ундан келаётган таҳдид борасида хавотирлар ортиб бормоқда. Австралия бунга ўз хавфсизлик бўйича ҳамкори ва Хитойнинг рақиби бўлган АҚШ билан алоқаларини мустаҳкамлаш орқали жавоб қайтарди.
Бироқ бу Австралияни қийин аҳволга солиб қўяди, чунки Хитойнинг юксалиши уни Австралиянинг энг йирик савдо ҳамкорига айлантирди.
Австралия армияси бригада генерали Бен МакЛеннаннинг айтишича, Австралия «урушнинг энг ёмон турига» тайёргарлик кўрмоқда
Бу кўпчилик яхши тушунадиган зиддиятдир — эҳтимол шунинг учун ҳам биз Австралия ўзини ҳимоя қилиш учун нималар қилаётгани ҳақида репортаж тайёрлашга таклиф қилинганмиз, айни пайтда ҳеч ким кимга қарши жанг қилиш учун машғулот ўтказаётганини очиқ айтгиси келмайди.
«Биз урушга — урушнинг энг ёмон турига — Иккинчи жаҳон уруши ёки Биринчи жаҳон уруши каби умумий урушга тайёргарлик кўряпмиз», дейди бригада генерали МакЛеннан душман кимлиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб беришдан қочиб.
Кўз ўнгимизда содир бўлаётган можаро сценарийси «Southern Jackaroo» деб номланган йирик қўшма машғулотларнинг бир қисмидир — бу Австралия, Америка ва Япония қуролли кучлари иштирокидаги Ҳинд-Тинч океани минтақасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўқув дастуридир.
«Биз ўзимизни Американинг 911 тезкор ҳаракат қилиш кучлари деб аташни яхши кўрамиз», дейди АҚШ денгиз пиёдаси Кевин Хикс.
Рақамларга кўра, улар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тайёр. 2012 йилда йиллик олти ойлик хизмат учун Австралияга бор-йўғи 200 нафар АҚШ денгиз пиёдаси юборилган эди. Бугунги кунда бу рақам тахминан 2500 га етди.
Австралиянинг 2026 йилга мўлжалланган Миллий мудофаа стратегиясига назар ташлаш бу ўсишнинг сабабини аниқ кўрсатади.
«Йирик давлатлар — асосан Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги шиддатли рақобат стратегик муҳитимизнинг доимий хусусияти бўлиб қолади», дейилади унда.
«Хитой бугунги кунда минтақа кутаётган шаффофлик ёки стратегик кафолатларсиз дунёдаги энг йирик ҳарбий қурилишни амалга оширишда давом этмоқда».
Бу ҳарбий келишувлар нафақат аскарлар сонида, балки базаларда ҳам ўз аксини топмоқда — айниқса мамлакат шимолида, жумладан, Шимолий ҳудуддаги RAAF Tindal авиабазасида. У Американинг узоқ масофага учувчи B52 бомбардимончи самолётларини қабул қилиш учун янгиланган.
Аммо АҚШ, Буюк Британия ва Австралия ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлиги — Aukus — Австралияни ядровий сув ости кемалари билан қуроллантиради ва бу муносабатлар чуқурлашиб бораётганининг энг яққол белгисидир.
Австралиянинг ёндашуви бошқа ўртача қудратли давлатларникидан фарқ қилади. Канада Бош вазири Марк Карни ўртача қудратли давлатлар тобора ишончсиз бўлиб бораётган АҚШга жавобан ўз устуворликларини қайта кўриб чиқаётгани ҳақида гапирган бўлса, Австралия ўзини у билан янада жипсроқ боғлашга қарор қилгандек кўринади.
«Southern Jackaroo» машғулотлари Ҳинд-Тинч океани минтақасида мудофаа ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган
Бироқ бу австралияликларнинг ўзлари АҚШ билан муносабатларини тобора кўпроқ шубҳа остига қўяётган бир пайтда юз бермоқда.
«Австралияликларнинг атиги 31 фоизи Қўшма Штатларнинг дунёда масъулият билан ҳаракат қилишига ишонади ва атиги 28 фоизи Хитойга нисбатан худди шундай ишонч билдиради», дейди Лоуи институти илмий ходими Чарльз Лайонс-Жонс институтнинг йиллик сўровномасига таяниб.
«Австралия ҳукуматининг Қўшма Штатларга бўлган ишонч даражасини ҳисобга олсангиз, бу ҳайратланарли натижалардир».
Австралиянинг АҚШ билан иттифоқи ривожланиб борар экан, унинг Хитой билан муносабатлари ҳам ўзгармоқда.
Қуролли кучлар эҳтимолий ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин, аммо Хитой Австралиянинг энг муҳим иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётгани ҳақиқатдир.
Австралия ва Хитой ўртасида 1972 йилдан бери дипломатик муносабатлар мавжуд, бироқ фақат 2010 йилларнинг бошига келиб Хитой Австралия етказиб бериши мумкин бўлган хомашёга эҳтиёж сезиб, унинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди.
Австралия ўз иқтисодиётини очди ва бизнес ҳамда савдони рағбатлантирди, Хитой Раиси Си Цзиньпин парламентда нутқ сўзлашга таклиф қилинди ва бу жараён 2015 йилда эркин савдо шартномаси имзоланиши билан якунланди.
Бу олтин давр узоқ давом этмади. Австралия 2020 йилда Ковиднинг келиб чиқишини текширишга чақирганида, Хитой буни рад этди ва божлар билан жавоб қайтарди.
Кейин 2021 йилда Австралия Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси — улкан глобал инфратузилма режасидан воз кечган биринчи давлат бўлди ва имзоланганидан уч йил ўтиб Виктория штатининг Хитой ҳукумати билан келишувини бекор қилди.
Бир неча австралияликлар, жумладан, уч йилдан ортиқ вақтдан кейин 2023 йилда озод этилган журналист Ченг Лей ҳам Хитойда ҳибсда ушлаб турилди.
Сўнгги йилларда Энтони Албанизнинг Лейбористлар ҳукумати даврида муносабатлар яхшиланди, аммо қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.
Масалан, шу йилнинг июнь ойида Хитой эркин савдо шартномасига қарамай, ички бозорини ҳимоя қилиш учун мол гўштига 55 фоизлик бож жорий қилди.
Хитой Австралиянинг энг йирик экспорт бозоридир
Ушбу муваффақиятсизликларга қарамай, Лоуи институтининг бу йилги сўрови шуни кўрсатдики, австралияликларнинг аксарияти, яъни 61 фоизи Хитойни хавфсизликка таҳдид эмас, балки кўпроқ иқтисодий ҳамкор сифатида кўради. Бу ўтган йилга нисбатан 11 пунктга кўпдир. Аммо Хитойнинг Австралиядаги инвестициялари ҳақида гап кетганда, одамлар эҳтиёткорроқ бўлишмоқда.
«Австралияга Хитойдан кўра кўпроқ сармоя киритадиган бир қатор Европа давлатлари бор ва бунинг сабаби бизнинг қонунчилигимиз анча ўхшашлиги ва ҳукуматларимиз ўртасида ишонч даражаси юқорироқ эканлигидадир», дейди Лайонс-Жонс.
Лоуи институтининг бу йилги сўрови шуни кўрсатдики, биринчи марта австралияликларнинг аксарияти, яъни 51 фоизи Австралиянинг Хитой билан муносабатлари АҚШ билан муносабатларидан кўра муҳимроқ деб ҳисоблайди.
Шу ой бошида собиқ Бош вазир Кевин Радд — хитой тилида эркин сўзлашадиган сиёсатчи — нутқ сўзлаб, Австралия миллий хавфсизлигини қайта шакллантираётган «туб ўзгаришлар», жумладан, «Америка қандай глобал куч бўлишни хоҳлаётганини муҳокама қилаётган бир пайтда Хитойнинг тобора юксалиб бораётгани» ҳақида гапирди.
Сидней Технология университети доценти, доктор Марина Юэ Чжан ҳам Австралиянинг энг яқин иттифоқчиси билан муносабатлари ўзгараётганига қўшилади.
«АҚШ ҳақиқатан ҳам кескин чоралар кўрмоқда ва Австралияда — ва менимча, бутун дунёда — тобора кўпроқ одамлар 'бу биз ишонадиган ва бор умидимизни боғлайдиган катта ака-ми?' деб ўйлай бошлашди», дейди у.
Трамп даврида австралияликларнинг АҚШ билан муносабатлари совиган
Аммо эски рақобат сақланиб қолмоқда. Австралия икки суперкуч орасида қолган бир пайтда, уларнинг раҳбарлари ўртасидаги ҳар бир мулоқот муҳим аҳамиятга эга. Шу йил бошида Пекинда Си Трамп билан учрашганда, Хитой раиси «Фукидид тузоғи» ғоясини — юксалаётган куч мавжуд кучга таҳдид солганда можаро деярли муқаррар бўлиб қолиши ҳақидаги назарияни тилга олди.
«Бу буюк давлатларнинг ўтиш даври бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда улар ўртасидаги ҳокимият учун курашдир», дейди Чжан.
Ва бу рақобат Австралияга муқаррар равишда таъсир қилади. АҚШ хавфсизлик бўйича иттифоқчи бўлиб, у аввалгидан кўра камроқ ишончли бўлса-да, барибир унинг пойдевори ҳисобланади. Аммо Хитой ҳам иқтисодий жиҳатдан жуда муҳим. Бу у ёки бу томонни танлаш эмас — бу мувозанатни сақлаш санъатидир.
«Австралия бир томонни танлаб, иккинчисини ташлаб юбориши мумкин эмас — бу унинг манфаатларига тўғри келмайди», дейди Чжан.
«Буни сақлаб қолиш тобора қийинлашмоқда, аммо Австралия буни қилишга мажбур».

