Технология

"Сунъий интеллект ишимизни олиб қўймайди, вазифаларимизни ўзгартиради, холос" - эксперт Анвар Нарзуллоҳ

“Нима дард” подкасти навбатдаги сонида сунъий интеллектнинг касблар ва меҳнат бозорига таъсири муҳокама қилинди.

"Сунъий интеллект ишимизни олиб қўймайди, вазифаларимизни ўзгартиради, холос" — эксперт Анвар Нарзуллоҳ

Моҳирдев платформаси асосчиси Анвар Нарзуллоҳнинг таъкидлашича, технологик тараққиёт айрим касбларнинг йўқолишига олиб келади, бироқ шу билан бирга янги ишлар ва фаолият йўналишларини ҳам пайдо қилади.

"Шу вақтга қадар ҳаётимизга кириб келган ҳар бир янги технология айрим касбларни йўқотган. Масалан, АЦ пайдо бўлишидан олдин телефонларни қўлда улаб берадиган операторлар бор эди. Минглаб одамлар шу иш билан шуғулланган. Автоматик телефон стансиялари жорий этилгач, мазкур касбга эҳтиёж қолмади. Аммо унинг ўрнига бошқа вазифалар шаклланди.

Интернет ҳам мобилограф, СММ мутахассиси, копирайтер, дастурчи каби илгари мавжуд бўлмаган касбларни юзага келтирди. Бугун эса сунъий интеллект айрим вазифаларни ўз зиммасига олмоқда. Бу ходимнинг иши тугайди дегани эмас. Аксинча, инсон сунъий интеллект бажара олмайдиган вазифаларга кўпроқ эътибор қаратади", — дейди эксперт.

Суҳбатда сунъий интеллектдан фойдаланиш инсон меҳнатини бутунлай алмаштириш эмас, балки уни енгиллаштиришга хизмат қилиши мумкинлигига мисол сифатида тиббиёт соҳаси келтирилди.

Хусусан, шифокорлар беморни қабул қилиш билан бирга, кўплаб ҳисобот ва ҳужжатларни ҳам тайёрлашига тўғри келади. Сунъий интеллект эса мутахассис ва бемор суҳбатини аудио шаклида қайд этиб, уни матнга айлантириш ва белгиланган форматда ҳисобот тайёрлашда ёрдам бериши мумкин. Бунда якуний қарор ва масъулият шифокорнинг ўзида қолади, технология эса ҳужжат ишларига сарфланадиган вақтни қисқартиради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.