Сунъий интеллект 10 йиллик заифликларни топди: Европада давлат сайтлари вақтинча ўчирилди
Германия ва Европанинг бошқа давлатларида ПҲП дастурлаш тилида аниқланган иккита ўта жиддий хавфсизлик заифлиги туфайли давлат идоралари, шифохоналар ва бошқа ташкилотлар сайтлари вақтинча ўчирилди. ДВ хабарига кўра, ўн йилдан ортиқ вақт давомида сезилмаган заифликлар сунъий интеллект ёрдамида топилган.

Сунъий интеллект 10 йиллик заифликларни аниқлади: Европада давлат сайтлари вақтинча ўчирилди
21-октабр куни амалга оширилган чоралар сайтларни эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоялаш ва тизимларни янгилашга қаратилган эди. Хусусан, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда Германия Ахборот хавфсизлиги федерал идораси — БСИ бундай чорани қатъий тавсия қилган.
Германияда федерал ИТ-хизматлар провайдери ИТЗБунд бир қатор ҳукумат сайтларини вақтинча ўчирган. Айрим шаҳарлар маъмуриятлари ва полиция бошқармалари ҳам тизимларни янгилаш учун онлайн хизматларини тўхтатган. Берлиндаги «Шарите» клиникаси сайти ҳам вақтинча ишламаган.
Германия Рақамлаштириш вазирлиги бу қадамлар эҳтиёт чораси эканини билдирган. Вазирликка кўра, мазкур заифликлар билан боғлиқ хавфсизлик ҳодисалари ҳақида хабар келиб тушмаган.
Европанинг бошқа давлатларида ҳам шунга ўхшаш чоралар кўрилган. Франсия Ички ишлар вазирлиги заифликлар бартараф этилгунига қадар префектуралар сайтларини, Белгия Ташқи ишлар вазирлиги эса ўз онлайн ресурсларини вақтинча ўчирган.
Нидерландияда Роттердам порти, Оверҳеид ҳукумат портали, КНВБ футбол ассоциацияси, бешта йирик сиёсий партия ва бир қатор шифохоналар сайтларининг фаолияти тўхтатилган.
Хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар Европадан ташқарида ҳам тарқалган. Япония бош вазири Санае Такаити сайт эгаларини ПҲПъдан фойдаланаётганини текшириш ва зарур янгиланишларни ўрнатишга чақирган. Агар буни тезда амалга оширишнинг имкони бўлмаса, ресурсларни вақтинча ўчиришни тавсия қилган.
Заифликларни Салиф ва Виз компаниялари мутахассислари Гооглеънинг Гемини ҳамда ОпенАИънинг ЧатГПТ сунъий интеллект моделлари ёрдамида топган.
Виз маълумотига кўра, ушбу заифликлар ўн йилдан ортиқ вақт давомида эътибордан четда қолган. Улардан фойдаланиш инсон учун жуда мураккаб бўлган, бироқ сунъий интеллект бундай вазифаларни бажариш ва уларни кенг миқёсда такрорлашни осонлаштирмоқда.
ПҲП дунё бўйлаб кўплаб сайт ва онлайн хизматларнинг сервер қисмида қўлланади. Хабарда айтилишича, муаммо 2004-йилда чиқарилган ПҲП 5ъдан бошлаб турли версияларга таъсир қилиши мумкин.
Қўллаб-қувватланаётган версиялар учун тузатишлар тайёрланган. Эски версиялардан фойдаланувчиларга эса дастурий таъминотни янгилаш тавсия этилган.

