“Сумерки”нинг ашаддий мухлислари ҳам пайқамаган 10 та хато

“Сумерки”нинг ашаддий мухлислари ҳам пайқамаган 10 та хато
Куз фасли ҳукм сурар экан, демак, “Сумерки”ни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Аммо филмларни яна бир бор томоша қилиб, айрим саҳналарга синчковлик билан қаралса, режиссёрлар ва монтажчилар эътиборидан четда қолган майда, лекин қизиқарли хатоларни ҳам кўриш мумкин.
**Бошланишидаёқ қўшалоқ хато**
“Сумерки”нинг биринчи қисми томошабинни кинохатолар билан том маънода кутиб олади. Уларнинг иккитасини филмнинг олтинчи дақиқасидаёқ, Белла эски машинасида янги мактабга келган пайтда пайқаш мумкин. Тўқ қизил худи кийган қора танли йигит машинага истеҳзо билан қарайди. Кўринишидан, Белла машинадан тушишга анча вақт журъат эта олмайди, чунки у тушгунига қадар бу йигит аллақачон совқотиб, устидан кулранг нимчасини кийиб улгурган бўлади.
Лекин қизиқ томони шундаки, Белла автомобил ойнаси орқали кўрсатилганда, унинг аксида нафақат камера, балки микрофон ҳам кўринади.
**Синфдаги нарсалар ҳаракатланади ва пайдо бўлади**
Ёдингизда бўлса, Белла биринчи марта Эдварднинг ёнига ўтирганида улар орасида дарҳол ноқулайлик юзага келади. Аммо бундан олдин, қиз эндигина партага яқинлашаётганида, чеккада битта китоб ташлаб қўйилган бўлади. У ўтирганида эса дарслик бурчакда тартибли туради. Гўё Эдвард ёки бошқа биров уни олиб, жойини ўзгартириб қўйгандек. Қизиғи, бу икки кадр орасида бир сония ҳам ўтмаган.
Шунингдек, айни шу саҳнада орқадаги жавонда тўсатдан зирҳли ҳайвон (броненосец) тулуми ҳам пайдо бўлади.
**Рюкзак ҳаракатланади ва ғойиб бўлади**
“17 ёшга кирганингга қанча бўлди?” деган афсонавий саҳна ёдингиздами? Белла ўрмонга кириб кетаётганда, рюкзагини дарахт тагига ташлайди ва унинг тўқ рангли томони кўпроқ кўриниб туради. Эдвард яқинлашганида эса сумка тўқ сариқ қисми юқорига қараган ҳолда ётади.
Кейинги кадрларда эса рюкзак бутунлай йўқолиб қолади.
**Белланинг қон босимини икки марта ўлчашади**
Карлайл касалхона палатасига кирганида Белланинг қон босими ўлчанади. Қизнинг олдига отаси келган пайтда ҳамшира айнан шу вақтда унинг қўлидан манжетни ечаётган бўлади. Аммо кейинги кадрларда манжет яна Белланинг қўлига қайтади. Карлайл пайдо бўлиши билан эса у бутунлай ғойиб бўлади.
**Касалхонада ҳамма нарса ўз-ўзидан ҳаракатланади**
Белла касалхонага тушиб қолган, Эдвард эса унинг ёнидаги диванда гўёки мудраб ётган навбатдаги драматик лаҳза. Аввал бизга қаҳрамоннинг юзи йирик планда кўрсатилади ва кислород найчалари негадир жуда баланд кўтарилиб, қизнинг киприкларига тегиб турганини кўрамиз. Умумий кадрларда эса улар одатдаги ҳолатда туради. Майли, Белла уларни тўғрилаб қўйган бўлиши мумкин. Аммо кейин кадрлар алмашганда, найчалар унинг юзи бўйлаб пастга ва юқорига “саёҳат” қилишда давом этади.
Бу пайтда “ухлаётган” Эдвард ёнидаги тумбочка устидаги нарсалар ҳам негадир жойини алмаштиради. Чунки турли ракурслардан олинган кадрларда чироқ, қандайдир латта ва гулларнинг жойлашуви бир хил эмас.
**“Сумерки. Сага. Янги ой” филмидаги кинохатолар**
**Китоб гоҳ пайдо бўлади, гоҳ йўқолади**
“Сумерки” сиквели ҳамма нарсада биринчи қисмдан ўзиб кетишга уринади, шунинг учун биринчи кинохато бу ерда эртароқ — айнан учинчи дақиқадаёқ пайдо бўлади. Белла уйғонади, унинг ёстиғида эса “Ромео ва Жульетта” китоби туради. Кейин отаси уни туғилган куни билан табриклаш учун хонага киради. Ва китоб бирдан ғойиб бўлади.
Аммо йўқ, кейинги кадр алмашинувида китоб яна пайдо бўлади. Айнан ўша саҳнада, худди шу ракурсдан олинган жойида.
**Шарф ўз-ўзидан боғланиб қолади**
Белла туғилган кунини нишонлашни истамайди, лекин ҳамма унга тинмай совғалар бераверади. Қизни мактабда навбатдаги сюрприз кутади, у ерда Элис кутилмаганда унга қутича тутқазади.
Ахир, Элис стереотипик қиз сифатида, афтидан, шарф ўрашнинг қайси усули унга кўпроқ ёқишини ҳал қила олмаган кўринади. Шу сабабли турли кадрларда тугунлар ҳам ҳар хил: шарфнинг учлари гоҳ икки томонга қараб туради, гоҳ пастга осилиб туради. Бу ерда шунчаки либослар бўйича усталар турли дублларда буни ҳар хил қилишган ва буни на режиссёр, на монтажчи пайқаган.
**“Сумерки. Сага. Тонг” филмларидаги кино хатолари**
**Белла ўзини қўнғироқ қилаётгандек кўрсатади**
Белла ҳомиладорлигини билиб қолади ва Эдвард «бундан» халос бўлишни талаб қилади. Улар самолёт томон йўл олишади, аммо эри нарироққа кетганида, қиз ёрдам сўраб Розалига қўнғироқ қилади.
Аниқроғи, қўнғироқ қилгандек ўзини тутади: у телефонни олади, қулфдан чиқариш тугмасини босади ва кейин уни қулоғига тутади. Қўнғироқ вақтида бўлиши керак бўлганидек, экран ўчмайди. Ҳатто экранда қўнғироқ кетмаётганини ҳам кўриш мумкин.
**Қоғоз кутилмаганда ифлосланади**
"Тонг"нинг иккинчи қисмида Эдвард ва Белланинг асосий вазифаси қизларининг ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи имкон қадар кўпроқ гувоҳларни йиғишдан иборат. Шу ўринда, нега катта тезликда югура оладиган вампирлар секин юрадиган автомобилларда вақтларини сарфлашади, деб ўйлаб қолиш мумкин. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Улар китобдан йиртиб олинган саҳифада хат қолдириб ғойиб бўлган Жаспер ва Элисдан тавсия олишади. Кейинчалик Белла жавобни китобнинг ўзидан излаш кераклигини тушуниб етади. У барча саёҳатлар давомида заррача ҳам кирланмаган, мутлақо тоза хатни олади. Сўнг уни китобга қўяди. Ва бир сония ичида саҳифада бир-иккита доғ пайдо бўлишига улгуради.
**Белла кутилмаганда поябзалини алмаштиради**
“Тонг”нинг иккинчи қисмидаги якуний жанг — кинодаги энг ғалати жанг саҳналаридан бири. Тўполон ҳам, графика ҳам кўп, аммо маъно кам. Ҳатто Белла ҳам шунчалик зерикканидан, жанг пайтида поябзалини алмаштиришга улгурган. Ахир дастлаб уни пошнали этикда кўрамиз, бироқ у оёқлари билан душманлардан ҳимояланаётганида, поябзалининг тагчарми яққол ўзгариб қолади.

