Лайфстайл

Куз нафаси яқин: салқин кунларда томоша қилиш учун илиқлик бахш этувчи филмлар

Кузнинг салқин кунларида томоша қилиш учун илиқ ва ёқимли филмлар рўйхати

Бу рўйхатда янги ва тренддаги филмларни топмаслигингиз мумкин, аммо ҳар бир филм сизни қайта-қайта томоша қилишга ундайди ва кузнинг салқин кунларида ўзгача кайфият бағишлайди.

**“Гарри Салли билан учрашганда” (1989)**

Гарри ва Салли Ню-Ёркда тасодифан танишиб қолишади, сўнгра тақдир уларнинг йўлларини ажратади. Бир неча йил ўтгач, улар самолётда яна учрашишади. Яна бир неча йил ўтиб, улар дўконда тасодифан тўқнаш келишади. Бу сафар қаҳрамонлар анча ўзгарган эди: Гарри турмуш қуриб, ажрашишга улгурган, Салли эса бахциз севгидан азоб чекарди. Шу кундан бошлаб улар яна дўст бўлишга қарор қилишади. Вақт ўтиши билан қаҳрамонлар орасидаги боғлиқлик шунчаки дўстлик эмас, балки кучлироқ ришта эканлигини тушуниб етишади.

**“Фараҳли ноябр” (2001)**

Нелсон Мосс исмли тадбиркор, карьераси учун шахсий ҳаётини қурбон қиладиган реклама агенти бўлиб ишлайди. Бир куни у шу пайтгача учратган ҳеч қайси аёлга ўхшамайдиган Сара билан танишиб қолади. Уларнинг тасодифий танишуви бир нечта учрашувлар билан давом этади. Қувноқ Сара Нелсоннинг ҳаётини тубдан ўзгартиради ва унга ҳаётдан қандай завқланиш кераклигини кўрсатади. Бироқ, ажойиб севги ҳақидаги бу ҳикоя фожиали якунланади.

**“Кузги марафон” (1979)**

Бу машҳур филм устида қанча авлодлар улғайган бўлса-да, у ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган. Воқеа оддий: иккиланувчи Бузикин хотини билан маъшуқаси орасида сарсон, иккаласини ҳам хафа қилиб қўйишдан ва йўқотишдан қўрқади. Олег Басилашвилининг қаҳрамони бирон-бир қарор қабул қилишга ожиз бўлгани боис, имкон қадар ўзининг масъулият доирасидан ташқарида рўй бериши лозим бўлган тақдирий бурилишдан умид қилади. Назарида, фалак унинг илтижоларини эшитгандек: тенгсиз Наталя Гундарева ижросидаги рафиқаси ўз ихтиёри билан кетиб қолади. Тўғри, кейинчалик у қайтиб келади, аммо ҳаммаси яна янгидан бошланади.

**“Ню-Ёркдаги куз” (2000)**

Уилл Кейн доим аёллар эътиборида бўлишга ўрганиб қолган эркак. У муваффақиятли, келишган ва бой, аммо унинг барча муносабатлари ажралиш билан тугайди. Қувноқ Шарлотта билан учрашганда эса ҳаммаси ўзгаради. Аввалига Уилл уни тентакроқ деб ўйлаб, аёл билан бепарво муносабатда бўлади. Кўп ўтмай, қаҳрамон Шарлоттанинг оғир касал эканини, унинг бир йилгина умри қолганини билиб қолади.

**“Кузги соната” (1978)**

“Кузги соната” — швед режиссёри Ингмар Бергманнинг бадиий филми. Унинг қаҳрамони Шарлотта машҳур пианиночи. У бахтли бўлиши учун ҳамма нарсага эга: тенгсиз истеъдод, шон-шуҳрат, гўзаллик ва икки фарзанд. Бироқ Худо Шарлоттага илоҳий оҳангларни дунёга келтириш қобилиятини берган бўлса-да, уни ўз қизларига бўлган меҳр билан сийламаган. Кўп йиллардан сўнг биринчи марта жаҳон юлдузи чекка қишлоққа фарзандини кўргани келади ва фалаж бўлиб қолган кенжа қизининг тирик эканини ҳамда она меҳрига талпинаётганини кўриб даҳшатга тушади. Филм Шарлоттанинг жўнаб кетиши билан якунланади: у гўё йўқдан бор бўлгандек, севимли бўлмаган фарзандларини тарк этиб, яна ғойиб бўлади ва йўқлик қаърига сингиб кетади...

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.