СУИ буми экспортни ошириши ортидан Хитойнинг иқтисодий ўсиши жадаллашди
Экспорт ички харажатларнинг сустлигини қоплашга ёрдам берди, аммо савдодаги кескинликлар ва сунъий интеллектга бўлган шубҳалар истиқболларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хитойда СИ соҳасидаги ўсиш экспортни ошириши ортидан иқтисодий ўсиш тезлашди
Хитой иқтисодиёти сентябрь ойи охиригача бўлган уч ой ичида, сунъий интеллект (СИ) буми экспортни қўллаб-қувватлагани эвазига уч йиллик энг паст кўрсаткичдан тикланиб, суръат олди.
Дунёнинг иккинчи энг йирик иқтисодиёти учинчи чоракда 4,5 фоизга ўсди, бу ўтган даврдаги 4,3 фоиздан юқори, аммо январдан мартгача кузатилган 5 фоизлик ўсишдан пастдир.
Сўнгги кўрсаткич Пекиннинг йиллик 4,5%-5%лик ўсиш мақсадининг қуйи чегарасида жойлашган бўлиб, таҳлилчиларнинг фикрича, бу сиёсатчиларга мамлакатнинг иқтисодий қийинчиликларини ҳал қилиш учун имконият қолдиради.
Экспорт ички истеъмолнинг сустлигини қоплашга ёрдам берди, аммо глобал савдодаги кескинлик ва СИга киритилаётган инвестициялар атрофидаги ноаниқлик истиқболларни хавф остига қўймоқда.
Хитой Миллий статистика бюроси душанба куни иқтисодиёт "босимга қарамай барқарор ривожланишни сақлаб қолганини" ҳамда "янги ўсиш омиллари ва яхшиланаётган тузилма билан ижобий суръат" кўрсатганини маълум қилди.
Экспорт ортиши билан Хитойнинг савдо профицити - мамлакатнинг хорижга сотадиган ва бошқа мамлакатлардан импорт қиладиган товарлари ва хизматлари ўртасидаги фарқ - ўтган йилги рекорд даражадаги 1,2 трлн доллардан (900 млрд фунт стерлинг) ўтиш йўлидадир.
Бироқ, расмий маълумотлар шунингдек, дастлабки тўққиз ойда кўчмас мулкка киритилган инвестициялар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан кўпроққа камайганини кўрсатди.
Хитой иқтисодиёти хусусий қурувчилар томонидан йиллар давомида ҳаддан ташқари кўп қурилиш қилингани ва ҳаддан ташқари кўп қарз олинганидан сўнг, кўчмас мулк соҳасидаги узоқ давом этаётган пасайишдан чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Технология сектори сўнгги чоракларда Хитой ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб келди.
СИ маълумотлар марказларини қуриш учун ишлатиладиган компьютер чиплари ва бошқа қисмларга бўлган кучли глобал талаб Пекинга тушаётган босимни енгиллаштиришга ва ички истеъмолнинг сустлиги етказган зарбани юмшатишга ёрдам берди.
Хитой компаниялари экспортга катта суянмоқда, чунки кўчмас мулк соҳасидаги узоқ давом этаётган пасайиш, иш ҳақи ўсишининг сустлиги ва ёшлар ўртасидаги юқори ишсизлик мамлакат ичидаги истеъмол харажатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Сентябрь ойида Пекин иқтисодиётни жонлантиришга уриниш сифатида бир қатор қўллаб-қувватлаш чораларини, жумладан, баъзи корхоналар учун фоиз ставкаларини пасайтириш ва кўчмас мулк харидорлари учун субсидияларни эълон қилди.
Аммо Пекин Ғарб иқтисодиётлари, жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан қаршиликларга дуч келмоқда, чунки ишлаб чиқарувчилар арзон Хитой товарларининг катта ҳажми билан рақобатлашишга қийналмоқда.
Шунингдек, СИ инфраструктурасига йўналтирилаётган миллиардлаб долларлар ва ушбу инвестицияларни киритаётган компаниялар катта фойда келтириш бўйича ваъдаларини бажара олиши ёки олмаслиги борасида хавотирлар мавжуд.

