“Стереотипларга қарамай, орзумдан воз кечмадим”. ИИВ тизимидаги погонли аёллар ҳикоялари
Ўзбекистонда 25-октабр — Ички ишлар органлари ходимлари куни. Тизимда эркаклар билан бир сафда фидойилик кўрсатиб, стереотипларни енгиб келаётган аёллар талайгина. Газета уларнинг уч нафари билан касб танлови, хизмат синовлари, шунингдек, касб ва оила мувозанати ҳақида суҳбатлашди.

“Стереотипларга қарамай, орзумдан воз кечмадим”. ИИВ тизимидаги погонли аёллар ҳикоялари
Ўзбекистонда 25-октабр — Ички ишлар органлари ходимлари куни. Мазкур тизимнинг турли йўналишларида эркаклар билан бир сафда фидойилик кўрсатиб келаётган хотин-қизларнинг ҳиссаси катта. Касбий фаолияти давомида гендер стереотиплари ва турли қийинчиликларга дуч келган бу аёлларни Ватанга хизмат қилишга бўлган садоқат ва ўз касбига муҳаббат бирлаштиради. Газета уларнинг уч нафари билан суҳбатлашиб, касб танлаш сабаблари, хизматдаги синовлари ва оила билан иш ўртасидаги мувозанат ҳақидаги ҳикояларини тинглади.
21 йилдан бери хизматда.
Наманган вилоятининг Норин туманиданман. Оилада икки қизмиз, ўғил фарзанд йўқ. Болалигимдан ҳуқуқшунос бўлишни, жиноятчиликка қарши курашишни орзу қилардим. Тахтадан тўппонча ясаб, ўзимни милиция ходими сифатида тасаввур этардим. Телевизорда формали ходимларни кўриб, уларга ҳавасим келарди. Ўша пайтларда қиз боланинг ички ишлар органларида ишлаши кўпчилик учун ғайриоддий ҳол эди.
“Қиз бола милицияда нима қилади?”, “Ўғил болалар ишлайдиган жойда нима бор?” деган қарашлар мавжуд эди. Қариндошларим орасида ҳам бу тизимда ишлайдиганлар бўлмаганди.
Шунга қарамай, мақсадимдан қайтмадим. Лицейда гуманитар йўналишда таҳсил олдим ва Ички ишлар вазирлиги академиясига киришга қарор қилдим. Ота-онам дастлаб хавотирланишди, аммо охирида менга ишонишларини айтиб, қўллаб-қувватлашди.
2001-йилда биринчи уринишдаёқ Академияга еттинчи ўринда қабул қилиндим. Ўша пайтда қабул квотасининг атиги 4 фоизини қизлар ташкил этарди. Академияда тўрт йил тергов фаолияти йўналишида таҳсил олдим. Бу давр нафақат касбни ўрганиш, балки қийинчиликларга чидашни ҳам ўргатди. Полигонларда машғулотлар ўтар, далаларда пахта теришга чиқардик. Совуқда юрган, қўлларимиз яраланган пайтлар ҳам бўлган.
Уйга йилига бир марта таътилга боришимиз мумкин эди, ота-оналаримиз билан эса ҳар куни телефонда гаплашиш имконимиз йўқ эди. Дадам бир неча марта: “Қизим, сенга шунчалик қийналиб ўқиш керакми?” деб сўраган. Мен эса ўқишни охиригача тугатишимни айтиб, уларни тинчлантирардим. Бу касбни ўзим танлаган эдим, шунинг учун қийинчиликларга қарамай, орзумдан воз кечишни истамасдим.
Академияни тамомлагач, 2005-йилда Наманган вилояти ички ишлар бошқармасига ишга юборилдим. Тергов фаолияти бўйича дипломим бўлса-да, ўша пайтда вилоятда аёл терговчилар йўқлиги сабабли мени бу йўналишга тайинлашмади. “Бизда аёл терговчи йўқ, сизни терговга қўя олмаймиз” дейишди. Қаерга тайинлашса, ўша ерда ишлашга тайёрлигимни билдирдим ва Наманган шаҳридаги жиноят қидирув йўналишига жойлаштирилдим.
Уч йил давомида жиноят қидирув, одам савдосига қарши курашиш ва ахборот-таҳлил йўналишларида ишладим. Аммо фақат кабинетда ўтиришни истамасдим. Жиноятлар қандай очилиши, воқеа жойида нималарга эътибор бериш ва тезкор иш жараёни қандай кечишини амалиётда ўрганишни хоҳлардим.
Ўша даврда аёл ходимлар асосан иш вақтида ҳужжатлар билан шуғулланиши, иш тугагач эса уйига кетиши керак деган қараш бор эди. Мен эса бунга кўникишни истамадим. Раҳбарларга навбатчиликда қолиш ва воқеа жойларига чиқиш имконини беришларини сўрардим. Баъзан бу талабларим уларга ёқмасди, аммо имконият туғилганда, амалиётда ишлашга ҳаракат қилардим.
2008-йилда, ниҳоят, терговчиликка ўтдим. 2017-йилгача терговчи ва катта терговчи бўлиб ишладим. Кейин мурожаатлар бўлими бошлиғи этиб тайинландим. 2020-йилда вазирлик раҳбарияти тавсияси билан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ўтдим, 2022-йилдан буён эса шу хизматнинг ахборот хизматида ишлаяпман.
Мендан кейин Академияни тамомлаган қизлар ҳам Наманган вилоятида терговчи бўлиб ишлай бошлашди. Бу аёллар ҳам мазкур вазифани бажара олишини амалда кўрсатиш имкониятини кенгайтирди.
Гендер стереотипларига болалигимдан дуч келганман. Лицейда ҳам ўғил болалар кўп ўқийдиган муҳитда бўлганман. “Бунинг қўлидан келмайди”, “Ўғил бола қўйилса, яхшироқ ишлайди”, “Қиз бола барибир эртага турмушга чиқиб кетади” деган гапларни кўп эшитганман.
Ички ишлар тизимида ҳам аёллар турмушга чиқиши, фарзанд кўриши ва декрет таътилига кетиши мумкинлиги сабабли уларга муҳим вазифаларни топширишга шубҳа билан қараш ҳолатлари бор эди. Раҳбар бирор топшириқни бажариш учун аёл ва эркак ходимдан бирини танласа, кўпинча эркакка кўпроқ ишонарди. Бундай вазиятларда аёлга ўз салоҳиятини исботлашга тўғри келади. Баъзан раҳбарнинг олдига ўзингиз бориб, “Шу вазифани мен бажарсам бўлмайдими?” деб сўрашингиз керак. Натижа кўрсатганингиздан кейингина сизга ишонч пайдо бўлади.
Мен ҳам фаолиятим давомида ўз имкониятларимни кўрсатиш учун кўп ҳаракат қилдим. Аёллар эркаклардан кам ишламаслиги, айрим ҳолларда камроқ вақт сарфлаб ҳам яхши натижага эришиши мумкинлигини тажрибамда кўрдим. Иш самарадорлигини фақат ходимнинг ишхонада ўтказган соатлари билан баҳолаб бўлмайди.
Аёл киши ҳам хизмат вазифаларини бажариши, ҳам оиласига эътибор қаратиши мумкин. Менинг икки нафар фарзандим бор. Болаларимни назорат қилиш, уй ишлари ва хизматни бирга олиб боришга ҳаракат қиламан.
Оилали бўлиш аёлнинг касбий салоҳиятини йўқотишини англатмайди.
Шунинг учун унинг имкониятларига олдиндан шубҳа билан қараш тўғри эмас. Ота-онамнинг ишончи мен учун доим муҳим бўлган. Дадам: “Сен ҳалол ишлашинг керак. Ички ишлар ходими бўлишни ўзинг хоҳладинг, биз сени қўллаб-қувватладик. Энди формангга доғ туширмасдан, охиригача боришинг керак” дердилар. Бу сўзлар менга катта масъулият юклаган.
2022-йилдан буён ички ишлар органларидаги аёл кадрларнинг ўрни ва гендер стереотиплари бўйича илмий тадқиқот ҳам олиб боряпман. Диссертация мавзум — “Янги Ўзбекистон барқарор тараққиётида аёл кадрларнинг роли: ички ишлар органлари мисолида”. Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида илмий изланишларимни давом эттиряпман. Хизмат билан бирга тадқиқот олиб бориш осон эмас, аммо уни йил охиригача якунлаш ниятим бор. Бу мавзу мен учун фақат илмий изланиш эмас. У бутун фаолиятим давомида дуч келган муаммоларни ўрганиш, аёлларнинг ички ишлар тизимидаги имкониятларини кўрсатиш ва уларга нисбатан қарашларни ўзгартиришга ҳисса қўшиш усули ҳамдир.
Ички ишлар тизимидан кетиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман. Бошқа ташкилотлардан ҳалигача иш таклифлари бўлади. Лекин ўзимни бошқа соҳада тасаввур қила олмайман. Бу касбни ўзим танлаганман ва ишимни яхши кўраман. Хизматга ҳар куни шукроналик билан келаман. Агар касбимга меҳрим ва Ватанга хизмат қилиш туйғуси бўлмаганида, эҳтимол, анча олдин кетган бўлардим.
Академияда ўқиган пайтимиздаёқ танлаган касбимизга содиқ қолиш ва охиригача боришни мақсад қилганмиз. Хизмат мени қатъиятли, масъулиятли ва синовларга чидамли қилди. Бу хусусиятлар нафақат ишда, балки кундалик ҳаётда ҳам муҳим. Мен учун Ватанга хизмат қилиш шунчаки иш эмас. Фуқароларга ёрдам бериш, уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва жамият хавфсизлигига ҳисса қўшишни ўз бурчим деб биламан.
Келгусида ҳам шу тизимда қолишни истайман. Пенсияга чиққач, илмий изланишларимни давом эттириб, Ички ишлар вазирлиги академияси ёки Жамоат хавфсизлиги университетида дарс бериш ниятим бор. Ўз тажрибамни ёш ходимларга ўргатишни хоҳлайман.
Ҳозирги вазифам — Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматидаги ислоҳотлар, янгиликлар ва ҳуқуқий тушунтиришларни аҳолига етказиш. Ахборот хизмати тизим билан жамоатчилик ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради. Расмий маълумотларни тарқатишдан ташқари, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини ҳам олиб борамиз.
Айниқса, болаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, бошқа ташкилотлар ҳамда халқаро ҳамкорлар билан “Диққат, пиёда”, “Йўл ҳаракати билимдони”, “Намунали пиёда” каби лойиҳаларни амалга оширамиз. Ҳар йили 9−14 ёшли ўқувчилар ўртасида мактаб, туман ёки шаҳар, вилоят ва республика босқичларида “Яшил чироқ” мусобақаси ўтказилади. Мен унинг ташкилий қўмитаси аъзосиман.
Сўнгги уч йилда ўқувчиларимиз билан халқаро танловларда ҳам қатнашдик. Дастлабки икки йилда иккинчи ўринни эгалладик. Бу йил эса натижамизни яхшилаб, биринчи ўринни қўлга киритдик. Қозоғистонда ўтказилган “Ёш йўл ҳаракати инспекторлари” халқаро мусобақасида Тошкентдаги 110-мактабнинг “Ҳумо” жамоаси билан иштирок этдик. Энг юқори баллни тўплаб, биринчи ўринни олдик. Бу натижа болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга қаратилган ишларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатди.
Ҳозир биринчи синфдан саккизинчи синфгача бўлган ўқувчилар учун йўл ҳаракати қоидаларига оид таълим материалларини такомиллаштириш устида ишлаяпмиз. Мавжуд дарсликлар асосида видеодарслар тайёрлашни режалаштиряпмиз. Мақсадимиз — болалар, ота-оналар ва ўқитувчилар учун очиқ ва бепул платформа яратиш. Унда видео дарсларни кўриш, тест ишлаш ва йўл ҳаракати қоидаларига оид ўйинлар орқали билимни мустаҳкамлаш мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 11-сентабр куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи чоғида 441-сонли боғчадаги шароитлар билан танишди. У ерда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўгарак ҳам ташкил этилган эди. Биз давлат раҳбарига болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича ишларимиз, халқаро мусобақалардаги натижаларимиз ва келгуси режаларимиз ҳақида маълумот бердик.
Президентимиз мендан ички ишлар органларида қанчадан бери хизмат қилаётганимни сўради. 2005-йилдан буён ишлашимни ва 2017-йилда подполковник унвонини олганимни айтдим. Шундан кейин давлат раҳбари менга полковник унвони берилишини маълум қилди.
Бу мен учун кутилмаган ва унутилмас воқеа бўлди. У ерга полковник унвонини олиш хаёли билан бормаганман. Биз ўз вазифамизни бажариб, амалга ошираётган ишларимиз ва режаларимиз ҳақида маълумот берган эдик. Президентимизнинг ишимизга ижобий баҳо бериши катта қувонч бағишлади.
Полковник унвони мен учун кўп йиллик хизматимнинг муҳим натижаси бўлди. Академияга киришни орзу қилган пайтимда, бир куни шу даражага етишишни ҳам мақсад қилганман. Бу бир-икки кунлик орзу эмас, бутун умрим давомида кўнглимда олиб юрган ниятим эди. Бироқ бу унвонни фақат шахсий ютуғим деб ҳисобламайман. Бу ички ишлар органлари ходимларига, хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига билдирилган ишонч деб қабул қилдим. У бизга янада кўпроқ ишлаш ва бошлаган ишларимизни давом эттириш масъулиятини юклайди.
Ижтимоий тармоқларда ҳам фаолман. Инстаграм саҳифамда 184 мингдан ортиқ, Фасебоок тармоғида эса 22 мингдан ортиқ обуначим бор. Кўплаб қизлар ички ишлар органларида ишлаш ва бунинг учун қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида ёзишади. Ота-оналар ҳам қизларини шу тизимга киритиш бўйича маслаҳат сўрашади. Бундай мурожаатларни кўриб, хурсанд бўламан. Демак, қизлар орасида ҳам бу касбга қизиқиш бор.
Ота-оналарга доим бир гапни айтаман: қизларингизнинг йўлини тўсманг, стереотиплар қурбони бўлманг. Аввало, фарзандингизнинг ўзи нимани хоҳлашини эшитинг. Ҳар бир боланинг ўз қизиқиши, орзуси ва келажак ҳақидаги тасаввури бор. Агар қизингиз ички ишлар органларида хизмат қилишни, Ватанига фойда келтиришни, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишни чин дилдан хоҳласа, уни қўллаб-қувватланг. Инсон касбини ўзи танласа, қийинчиликларга дуч келганда ҳам осонликча таслим бўлмайди. Унда мақсад ва ички қизиқиш бўлади.
Жамият ҳам ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёлларга бошқача қарамаслигини истардим. Биз ҳам шу жамиятнинг бир қисмимиз: кимнингдир турмуш ўртоғи, опаси, синглиси ёки онасимиз. Фақат ўзимиз танлаган касб орқали хизмат қиламиз. Йўл ҳаракати қоидасини бузган инсонни тўхтатиш ёки жаримага тортиш шахсий адоватдан келиб чиқмайди. Бу йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва қоидаларга риоя этилиши учун қилинади. Мақсадимиз кимнидир жазолаш эмас, одамларнинг хавфсизлигини сақлашдир.
Мен 21 йил давомида шу касбда ишлаб, ўзим танлаган йўлдан қайтмадим. Болаликдаги орзумга етишиш учун ҳаракат қилдим, тўсиқларга дуч келдим ва ўзимни исботлашимга тўғри келди. Энди ўз тажрибам орқали бошқа қизларга ҳам шуни айтмоқчиман: агар бирор касбни чин дилдан хоҳласангиз, мақсадингиз сари ҳаракат қилинг.
Қиз бола эканингиз орзуларингизга тўсиқ бўлмаслиги керак.
Бекобод шаҳри ИИБ тергов бўлими катта терговчиси, подполковник. “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган. 15 йилдан бери хизматда.
Оилада уч фарзандмиз. Акам ва опам ҳам ички ишлар органларида терговчи бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада. Уларга ҳавас қилардим. Бу соҳага қизиқишимда онамнинг ҳам ўрни катта. У киши ёшлигида ички ишлар ходими бўлишни орзу қилган, аммо ниятига эриша олмаган. Шунинг учун фарзандларининг шу соҳада ишлашини истаган.
Болалигимдан жиноятларни фош этадиган “Комиссар Рекс” ва “Жюли Леско” каби филмларни кўп кўрардим. Улардаги қаҳрамонлар ўрнида ўзимни тасаввур қилардим. Ота-онам ҳам доимо қўллаб-қувватлаган. Ака-опамнинг изидан бориб, ички ишлар органларида хизмат қилиш мен учун ҳам орзу, ҳам катта масъулият эди.
2007-йилда иккинчи бор Ички ишлар вазирлиги академиясига ҳужжат топшириб, ўша йили тингловчилар сафига қўшилдим. Мандат натижалари эълон қилинганда исм-фамилиямни ўқишганини ҳали ҳам яхши эслайман. Бу хабарни эшитган ота-онам қувончдан йиғлаб юборишган, учинчи фарзанди ҳам ички ишлар ходими бўлганидан фахрланишган.
2011-йилда академияни тамомлаб, Бўка тумани ИИБда иш бошладим. Дастлабки кунлар осон кечмаган. Хизматимни бошлаганимдаёқ гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ, Жиноят кодексининг 273-моддаси бўйича иш берилган. Янги ходим бўлганим учун қийинчиликлар бўлган, аммо тажрибали устозларим йўл-йўриқ кўрсатиб, ишнинг нозик жиҳатларини ўргатишган. Вақт ўтиши билан кўникмаларим ва тажрибам ортди.
Бўкада ишлаётганимда бўлажак турмуш ўртоғим билан танишдим. У ҳам ички ишлар тизимида эксперт-криминалист бўлиб ишлайди. Бир соҳа вакили бўлганимиз учун бир-биримизнинг касбимизни яхши тушунамиз. Кейинчалик Бекобод шаҳрига ишга ўтдим ва ҳозиргача шу ерда хизмат қилиб келяпман.
Одатда иш куним эрталаб соат 08:00 да бошланади. Йиғилишдан кейин кунлик вазифаларни режалаштириб, тергов ҳаракатларига киришамиз. Ҳар бир ишнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Айримлари кўпроқ вақт, билим ва тажриба талаб қилади. Хизмат стажим катта бўлгани ва катта терговчи лавозимида ишлаётганим учун менга кўпинча мураккаброқ ишлар топширилади. Аёл эканим бу ишларни уддалашимга тўсқинлик қилмайди. Раҳбарларим ҳам менга ишонади.
Терговчининг фаолияти фақат ишхонада ҳужжатлар билан ишлашдан иборат эмас. Жиноят содир бўлган жойга чиқиб, ҳодиса ҳолатларини ўрганамиз, зарур бўлса, тергов эксперименти ўтказамиз. Айрим фуқароларнинг шароити сабабли уларнинг яшаш жойига бориб сўроқ қилишимиз ҳам мумкин. Фаолиятимда фирибгарлик жиноятлари кўп учраган. Бундан ташқари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни ҳам тергов қилганман.
Терговчи учун юридик билимнинг ўзи етарли эмас. Инсон психологиясини тушуниш, вазиятни тўғри баҳолаш, жисмоний ва руҳий жиҳатдан тайёр бўлиш ҳам муҳим. Иш жараёнида иқтисодиёт ёки бошқа соҳаларга оид масалаларга дуч келиш мумкин. Шунинг учун ҳар бир янги иш орқали ниманидир ўрганиб борамиз.
Менимча, терговчининг энг муҳим фазилатларидан бири — холислик. У ишда иштирок этаётган ҳар бир инсонни тинглаши, бир томоннинг гапига қараб хулоса чиқармаслиги керак. Гувоҳ, жабрланувчи ва айбланувчининг кўрсатмалари тўлиқ ўрганилиши лозим. Инсоннинг дардини тушуниш, гапини охиригача эшитиш ва далилларни ҳар томонлама текшириш орқали адолатли қарорга келиш мумкин.
Касб танлашимдан олдин “Аёл кишига бу соҳада нима бор?”, “Бундан кўра уй бекаси бўлгани яхши эмасми?” деган гапларни ҳам эшитганман. Аммо бу фикрлар мени ортга қайтармаган. Чунки мақсадим аниқ эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларида аёлларнинг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Масалан, хотин-қизларни сўроқ қилиш ёки шахсий тинтув ўтказишда қонун талабларига мувофиқ аёл ходим иштироки зарур бўлади. Шу жиҳатдан ҳам тизимда аёл мутахассислар бўлиши муҳим ҳисобланади. Йиллар давомида турли характердаги инсонлар билан мулоқот қилишни, уларни тушуниш ва вазиятни бошқаришни ўргандим. Ҳозир бундай ҳолатлар аввалгидек қийинчилик туғдирмайди.
Иш билан шахсий ҳаётни бирга олиб бориш ҳар доим ҳам осон эмас. Баъзан фарзандлар касал бўлади, ўзимиз ҳам бетоб бўлиб қоламиз. Аммо бошлаган ишимизни охирига етказишимиз керак. Агар бирор сабаб билан ишни давом эттира олмасам, виждоним қийналади.
Шундай пайтларда ҳамкасбларим ёрдам беради. Мабодо ишга кела олмасам ёки тергов ҳаракатини давом эттириш имконим бўлмаса, уларга ишонаман. Биз яхши жамоа бўлиб ишлаймиз. Шунинг учун оилавий ёки бошқа муаммолар туфайли катта қийинчиликларга дуч келмаганман.
Ишдан кетиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман. Баъзи ходимлар хизматдаги қийинчиликлар сабабли бошқа соҳага ўтиб кетганини кўрганман. Лекин устозларимиз қандай вазият бўлмасин, уни енгиб ўтишга ҳаракат қилишни ўргатишган. Қийинчиликка дуч келганда, ортга қайтмаслик керак деган тушунча билан тарбияланганмиз.
Терговчилик — шарафли касб. Инсон ўз ишини яхши кўриб, ундан завқ олиб бажариши билан фақат вазифасини адо этиш учун ишлаши ўртасида катта фарқ бор. Мен эрталаб ишга ўз касбимни яхши кўриб бораман. Шунинг учун ҳам уни танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман.
Бу касб дунёқарашимни ўзгартирди. Ҳар бир жиноят ва тергов ҳаракати орқали янги нарсаларни ўрганаман. Инсонлар билан муомала қилиш, вазиятни баҳолаш ва ўзимни жамият олдида қандай тутиш кераклигини хизмат давомида чуқурроқ англаб бораман. Касбим ўзимга бўлган ишончимни оширди, интизомли бўлишни, вақтни қадрлашни ва одамлар билан тўғри муносабат ўрнатишни ўргатди. Инсон ҳар куни ўз устида ишласа, тажрибаси ортиб, шахс сифатида ҳам ўсади.
Яқинда президентимиз фармони билан “Содиқ хизматлари учун” медалига лойиқ кўрилдим. Бу хабардан, энг аввало, онам жуда хурсанд бўлди. Ички ишлар бўлими бошлиғимиз ва прокуроримиз ҳам биринчи бўлиб қўнғироқ орқали табриклашди. Мендан кўра ҳамкасбларим кўпроқ хурсанд бўлишди. Афсуски, дадам бу қувончли кунимни кўра олмади. Агар ҳаёт бўлганларида, жуда қувонарди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни истайдиган, аммо иккиланиб турган қизларга айтадиган гапим — қўрқмаслик ва ўз мақсадидан қайтмаслик керак. Агар инсонда ишонч, хоҳиш ва интилиш бўлса, у албатта, танлаган касбини эгаллайди. Тўғри, бу соҳада ишлаш осон эмас. Ҳар ким ҳам бундай масъулиятни зиммасига олишни истамайди. Аммо “уддалайман” деган мақсадни олдига қўйган қизлар ҳаракат қилиб кўриши керак. Қийинчиликлар бўлади, лекин уларни енгиб ўтиш мумкин.
Жамиятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилаётган аёлларга ҳурмат билан қаралишини истардим. Аёллар ҳам эркаклар билан елкама-елка туриб, масъулиятли вазифаларни бажармоқда. Уларнинг меҳнатини қадрлаш керак.
Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси инспектори, капитан. 7 йилдан бери хизматда.
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг франсуз тили филологияси факултетида таҳсил олганман. Ўқишни тугатгач, мактабда етти йил франсуз тилидан дарс бердим. Ёшлигимдан форма кийган инсонларга ҳавас қилардим, лекин ички ишлар тизимида ишлайман, деб хаёлимга ҳам келтирмаганман. Қариндошларим орасида ҳам бу соҳада ишлайдиганлар йўқ эди. Оиламизда биринчи бўлиб мен шу касбни танладим.
Президентимиз ташаббуси билан Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилганида, франсуз тилини билишим сабабли менга шу йўналишда ишлаш таклиф қилинди. Бу имкониятнинг пайдо бўлишида синглимнинг Ички ишлар академиясига ҳужжат топшириши ҳам сабаб бўлган. Унинг ҳужжатлари ўрганилаётганда яқин қариндошлари ҳақидаги маълумотлар ҳам текширилган. Шу жараёнда менинг франсуз тили ўқитувчиси эканим эътиборга тушиб, кейинчалик мени танловда қатнашишга таклиф қилишди.
Танлов бир неча босқичдан иборат эди. Ҳужжатлар ва таржимаи ҳол ўрганилди, чет тилини билиш даражамиз, жисмоний тайёргарлигимиз ва соғлиғимиз текширилди. 15−20 нафар комиссия аъзоси сиёсий, ижтимоий, тарихий мавзулар ва чет тиллари бўйича саволлар берди. Якунда тахминан 15 номзод орасидан икки аёл ва икки эркак танлаб олинди.
Ўша пайтда икки нафар фарзандим бор эди: ўғлим тўрт ёшда, қизим эса саккиз ойлик эди. Оилавий шароитим сабаб танловга жиддий тайёрланишга вақтим кам бўлди. Бошида турмуш ўртоғим ҳам ҳужжат топширишимга қарши чиқди. Унинг фикрича, оиласи бор аёл учун ички ишлар тизимида ишлаш қийин, аввало уй-рўзғор ва фарзандлар билан шуғулланишим керак эди. Қайнотам эса мени қўллаб-қувватлади. У киши зиёли, шифокор. Турмуш ўртоғим билан гаплашиб, мени тушунишига ёрдам берди. Ота-онам ҳам бу касбни танлашимдан хурсанд бўлишини ҳис қилардим. Оилада уч қиз эдик, мен эса тўнғич фарзандман. Уларнинг ишончини оқлашни жуда хоҳлардим.
Танловнинг охирги босқичида ҳаяжонланганман. Бошқа номзодлар саволларга жавоб бериш учун мендан кўра кўпроқ тайёрлангандай кўринарди. Ўзимга: “Ишга ўта олмасам ҳам, отамнинг юзини ерга қаратмаслигим керак”, дердим. Саволларга имконим борича жавоб беришга ҳаракат қилдим. 2019-йилда танловдан ўтдим, 2020-йил 11-январдан иш бошладим. Бу мен учун бутунлай янги ҳаётнинг бошланиши эди.
Иш бошлаганимдаги илк кунлар ҳамон ёдимда. 14-январ — Ватан ҳимоячилари куни арафасида бошқармамиз ота-она қарамоғисиз қолган, меҳрибонлик уйида яшайдиган болалар учун байрам ташкил қилганди. Жамоамиз билан ўша тадбирда қатнашдик. Биринчи марта форма кийганим ҳам мен учун алоҳида воқеа бўлган.
Бироқ ишга кирганимдан кўп ўтмай, коронавирус пандемияси бошланди. Туристлар оқими кескин камайди, хизмат тартиби ҳам ўзгарди. Самарқандда ҳаракатланишга чекловлар қўйилган, махсус рухсатномасиз автомобилда юриш мумкин бўлмаган давр эди.
Уйим Соғдиёна мавзесида, хизмат жойим эса Ислом Каримов мақбараси жойлашган ҳудудда эди. Оралиқ масофа қарийб 10 километр бўлгани учун ишга пиёда бориб-келардим. Машинам ҳам, махсус рухсатномам ҳам йўқ эди. Тахминан ўн кун давомида ҳар куни шундай йўл босдим. Ёзнинг иссиғида йўлга овқат олиб чиқардим. Дўконлар ёпиқ бўлгани учун баъзан овқатим айниб қоларди. Бир неча соат йўлда юришга тўғри келган кунлар бўлган. Айрим эркак ҳамкасбларим постларга жалб қилингани сабабли баъзи жойларда бир ўзим хизмат олиб борганман. Кейин раҳбариятдан хизмат жойимни уйимга яқинроқ ҳудудга ўзгартиришни сўрадим.
Шунга қарамай, бу қийинчиликлар мени касбимдан совитмади. Эндигина иш бошлаганим учун ҳаммасини енгиб ўцам, кейин осонроқ бўлади, деб ўйлардим.
Ички ишлар тизимида аёллар ҳали ҳам кўп эмас. Аёл киши бу соҳада ишламаслиги керак, деган фикрларга ҳамон дуч келамиз. Бундай гапларни ҳамкасбларимдан ҳам эшитган пайтларим бўлган. Қариндошларим эса касбимдан фахрланишади. Айниқса, табаррук жойларга келган кекса инсонлар “Невараларимиз ҳам сизлардек бўлсин”, деб дуо қилишади. Шундай пайтларда чарчоқни унутаман.
Менимча, аёл киши учун бу касбдаги энг қийин масалалардан бири — хизмат ва оила ўртасида мувозанат сақлаш. Уч нафар фарзандим бор. Самарқанд туризм марказида триатлон мусобақалари, шахмат турнирлари, халқаро учрашувлар ва давлат ташрифлари каби йирик тадбирлар кўп ўтказилади. Бундай пайтларда иш жадвалимиз янада тиғизлашади. Баъзан йўллар ёпилади, хизматга эрта бориш ёки кеч қайтишга тўғри келади. Якшанба кунлари ҳам ишлайдиган пайтларимиз бўлади.
Шундай кунларда фарзандларим уйда қолгани учун виждоним қийналади. Ишга боришдан олдин овқат тайёрлаб қўйишга ҳаракат қиламан. Дам оладиган кунимда уй ишларини бажариб, кейинги кунлар учун ярим тайёр таомлар тайёрлаб қўяман. Кеч қолганимда қайнонам болаларга қарайди, овқат ҳам қилиб қўяди. Уларнинг ёрдами бўлмаса, хизмат ва оилани бирга олиб бориш янада қийин бўларди.
Касбимни ташлашни ҳеч қачон жиддий ўйламаганман. Баъзан уйдаги ишларимни тугатиб, эртаси куни хизматга бориш учун бир-икки соатгина ухлаган пайтларим ҳам бўлган. Мени бу касбда ушлаб турган нарса — ватанпарварлик, Ватанга ва касбга садоқат, деб ўйлайман.
Ишга янги кирганимизда бизга: “Бу формани шунчаки кийиб, хоҳлаган пайтингиз ечиб кетолмайсиз”, дейишган. Ёшлигимизда бу гапнинг маъносини тўлиқ тушунмаганмиз. Вақт ўтиши билан форма кийишнинг ўзи катта масъулият эканини англадим. Погонлардаги юлдузлар кўпайгани сари зиммангиздаги масъулият ҳам ортади. Энди ўзингизга: “Мен шу касбга муносиб бўлишим, унга доғ туширмаслигим керак”, деб қарайсиз. Хизмат мени ҳам ўзгартирди. Илгари анча тортинчоқ эдим. Билимимга ишонсам ҳам, одамлар олдида фикримни эркин айта олмасдим. Ҳозир эса ким билан гаплашишимдан қатъи назар, фикримни тушунтиришга ва суҳбатни тўғри олиб боришга ҳаракат қиламан.
Ҳозир Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг жамоат тартибини сақлаш гуруҳида инспектор бўлиб хизмат қиламан. Асосий иш жойим — Самарқанд туризм маркази, яъни Силк Роад Самарканд ҳудуди. Бу ерда йирик меҳмонхоналар, конгресс-холл ва “Боқий шаҳар” мажмуаси жойлашган. Катта тадбирлар, халқаро учрашувлар ва давлат ташрифлари кўп бўлади.
Хизмат кунимиз эрталабки сафланишдан бошланади. Топшириқларни олгач, белгиланган ҳудудларга тақсимланамиз. Вазиятни кузатиб, бошқарманинг навбатчилик қисмига ахборот берамиз. Зарур бўлса, бошқа ҳудудлардаги ҳамкасбларимизга ҳам ёрдамлашамиз. Самарқандда тарихий обидалар, туризм маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби йўналишларда хизмат олиб борилади. Ташрифлар ва тадбирлар жадвалига қараб, хизмат жойимиз ўзгариши мумкин.
Туристлар бизга турли масалаларда мурожаат қилишади. Кимдир манзил сўрайди, кимдир такси чақиришда ёрдамга муҳтож бўлади. Самарқанд туризм маркази шаҳарнинг марказий қисмидан узоқроқ жойлашгани учун бу ерда жамоат транспорти ёки такси топиш ҳамиша ҳам осон эмас. Айрим туристларда интернет бўлмайди, шундай пайтларда такси чақиришга ёрдам берамиз. Баъзан меҳмонхонада ёки таксида буюмларини унутиб қолдиришади, катта гуруҳлар эса бир-биридан ажралиб қолиши мумкин. Телефони йўқолган туристлар ҳам кўп мурожаат қилади.
Туристларнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учрайди. Иқлим ёки об-ҳаво таъсирида айримларнинг аллергияси қўзғайди, бошқаларнинг қон босими кўтарилади. Бундай пайтларда тиббий ёрдам чақиришга ва зарур ёрдамни ташкил этишга кўмаклашамиз. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарлигимиз бор, ҳар олти ойда малакамизни ошириб, тегишли билимларимизни янгилаб турамиз.
Туризм полицияси ходими бўлиш учун фақат форма кийишнинг ўзи етарли эмас. Чет тилини билиш, тарихий обидалар ҳақида маълумотга эга бўлиш, шаҳар инфратузилмасини яхши тушуниш, жисмоний тайёргарлик ва соғлиқ талабларига жавоб бериш керак. Биз гид ёки профессионал таржимон эмасмиз, аммо турист бирор манзил ёки тарихий жой ҳақида сўраса, унга тўғри маълумот бера олишимиз зарур.
Менимча, туризм полицияси мамлакатимизнинг юзи ҳисобланади. Турист келганда, аввало, атрофдаги муҳит ва одамларнинг муомаласига эътибор беради. Бизга савол билан мурожаат қилган инсонни жавобсиз қолдирмаслигимиз, имконимиз борича ёрдам беришимиз керак. Чунки туристнинг биз билан мулоқотидан нафақат хизматимиз, балки мамлакатимиздаги маданият ва тарбия ҳақидаги тасаввури ҳам шаклланади.
Франсуз тилини билишим ишимда ҳали ҳам қўл келади. Франсиядан келган сайёҳлар билан ўз тилида гаплашганимда улар жуда хурсанд бўлишади. Баъзан гуруҳидаги бошқа одамларни ҳам чақириб, мен билан суҳбатлаштиришади. Ўз тилида мулоқот қилишнинг ўзи уларда ёқимли таассурот қолдиради. Бироқ бугун туристлар орасида инглиз тилида гаплашадиганлар кўп. Шунинг учун инглиз тилини ҳам ўрганиш ва кўникмаларимни ривожлантириш зарурлигини ҳис қиламан. Бир неча йил олдин турк тилини ҳам ўрганганман. Ҳозир эса кундалик хизматда кўпроқ талаб қилинаётган инглиз тилини мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпман.
Франсуз тили билан боғлиқ орзуларим ҳам бор. Ўтган йили илмий конференсияга таклиф олганимда Франсияга бориш имконияти туғилган эди. Аммо оёғимни қайириб олиб, гипсда бўлганим учун сафарга чиқа олмадим. Бу кўп йиллик орзуларимдан бири эди. Насиб қилса, бир куни Франсияга боришни истайман.
Ҳозир Бухоро давлат техника университетида мустақил изланувчи сифатида илмий иш олиб боряпман. Тадқиқотим франсуз ва ўзбек тилларидаги сайёҳлик терминларининг мултимодал вектори ҳамда визуализациясига бағишланган. Хизмат ва оилавий вазифалар орасида илмий ишга вақт ажратиш осон эмас, лекин ўқиш ва изланишни давом эттиришга ҳаракат қиламан.
Мен одамлар ички ишлар тизимида ишлайдиган аёлларни ҳам оддий инсонлар сифатида кўришларини истардим. Биз ҳам кимнингдир онаси, қизи, опаси ёки турмуш ўртоғимиз. Оиламиз, фарзандларимиз ва ташвишларимиз бор. Фарқимиз — танлаган касбимиз ва зиммамизга юклатилган вазифада. Аёл киши бу ишни қилолмайди, деб ўйламаслик керак. Агар инсоннинг хоҳиши, интилиши ва касбига садоқати бўлса, қийинчиликларни енгиб ўтиши мумкин.

