Маҳаллий

“Ишга кетиб, тирик қайтмаганлар”. Хизмат пайтида фожиали вафот этган ички ишлар ходимлари хотирасига бағишланади

Хизмат пайтида фожиали вафот этган ички ишлар ходимлари хотирасига бағишланади

“Ишга кетиб, тирик қайтмаганлар”. Хизмат чоғида фожиали вафот этган ички ишлар ходимлари хотирасига бағишланади

25-октабр — ички ишлар органлари ходимлари куни. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мустақилликдан бугунги кунгача 127 нафар ички ишлар органи ходими (ИИО) хизмат вазифасини бажариш жараёнида ёки жанговар ҳаракатларда фожиали тарзда ҳалок бўлган. Газета 2017−2025-йилларда вафот этган 6 нафар ИИО ходимини ёдга олади.

Улар орасида ўт ўчириш, сув талашганларни тинчлантириш, юқори тезликда келаётган маст ҳайдовчини тўхтатиш, оилавий жанжалда аёлни эридан ҳимоя қилиш пайтида ҳаётдан кўз юмган ходимлар бор.

Марҳум катта лейтенантни турмуш ўртоғи Дилбархон Сотволдиева билан эслаймиз.

Воқеа 2025-йил 1-июл куни шом пайти юз берган. Ўша куни мен болалар билан онамникида эдим. Кечқурун соат олтилар атрофида турмуш ўртоғим билан гаплашдик, “ишдан қайтишда олиб кетаман, тайёр бўлиб туринглар”, — деди. Қарасам, саккиздан ҳам ўтди, лекин дараги йўқ. Тўққизларда ўзим телефон қилдим. Кўтармадилар, жуда кўп марта қўнғироқ қилдим, жавоб бўлмади. Юрагим безовта бўла бошлади.

Одатда турмуш ўртоғимга телефон қилсам, ёнида одам бўлса, “ўзим қайта қилиб юбораман” деб СМС ёзиб қўярди. Бу сафар на телефонимни кўтарди, на СМС ёзди. Ваҳимага тушдим. Болаларни ётқизаман деб юрганимда катта ўғлим телефон қилиб қолди. “Ойи”, деб йиғлаяпти. Нима бўлди, тинчликми десам,

“она, отам ўлиб қолибди”

, — деди. Нима деганинг у, қанақасига отанг ўлиб қолади, мен яқинда гаплашгандим, десам, “билмайман, биров ўлдириб қўйибди”, — деди.

Уйимдагиларга айтдим, акам мени олиб кетди. Хўжайинимнинг холалари телефон қилди. “Ваҳима қилманг, Дилрабохон, шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб кетишибди, ҳали тирик экан”, — деди. Шу гап билан бироз тинчландим, лекин барибир юрагим ҳапқиряпти, тезроқ етиб боришни истаяпман. Айтиб бериш ҳам, тасаввур қилиш ҳам жуда оғир ҳолат.

Ҳали уйга етмагандик, акам “нима қиламиз, қайнонангни ҳам олиб кетамизми”, — деди. Билмайман, шароитга қараймиз, деб жавоб бердим. Келсак, кўча одамга тўла, тез ёрдам машиналари турибди. “Бўлди, тўхтанг, ака, уйга кирамиз”, дедим. Кирсам, қайнонам дод соляпти. Кейин билдимки, эримнинг жони аллақачон узилган экан.

Бир оила бўлган экан. Эр ичиб келиб, уйда жанжал қилган, кейин хотин “участковой” чақирган. Ана ўша пайтда эримнинг “смена”си тугаб, “ноч”дан чиқаётган бўлган, чақирувларга бошқа навбатчилар бориши керак эди. Аммо эрим аввалроқ ўша аёлга ҳимоя ордерини олиб берган, “яна бирор муаммо бўлса, телефон қиласиз”, деган экан. Шунинг учун ҳам у эримга телефон қилган.

Эшитишимча, жанжал 50 минг сўм пул сабаб чиққан. Ё эри, ё хотини сўраган, тортишишган. “Мен сени соғ ҳолатимда ўлдиролмайман, ичиб келиб ўлдираман”, деб эр чиқиб кетган. Шу орада аёл инспектор, яъни эримни чақирган. Маҳалла раиси билан икковлари йўлга чиққан.

Орада қайнонам телефон қилиб, “овқатга келасанми?”, деб сўраса, “қуйиб тураверинглар, она, жанжал бўлиб қолди, шундан ўтиб, кейин бораман”, деган. Етиб боришса, ўша киши кўчада хотинининг ортидан кетаётган экан.

Хўжайиним уни тўхтатмоқчи бўлиб, “ака, тўхтанг” деб борганда, у қайрилиб, юрак соҳасига пичоқ уриб юборган. Шу воқеадан бир неча сония олдин раисга телефон келиб қолган, жавоб бериш учун сал четга ўтган экан. Кейин эрим “уҳ, раис!” деган. Раис қараса, эрим тиззалаб қолган экан.

Букчайганини кўриб, бир нарса бўлибди шекилли, ё бирор жойига қаттиқ тепиб қўйдими деб олдига борса, кўкрак қафасидан, юрак соҳасидан қон отилиб чиқаётган бўлган. Тиззалаб қолган пайтда пичоқ тепага кўтарилиб, юрак соҳаси беш-ўн сантиметр очилиб қолган.

Кейин раис дод солган, у эркак қочиб кетган. Битта келинчак югуриб чиқиб, болиш қўйган, қонни тўхтатишга уринишган. Қаердандир бир Нехиа машинаси келиб қолган. Унга солиб, катта йўлга чиқиб улгурмасларидан, кулиб туриб жон берган экан.

Раиснинг олдига бордим. Охирги сўзи нима бўлган, айтинг, илтимос десам, “тўғриси, келин, пичоқни тиқиб юборганда ъуҳ, раисъ деди. Шундан бошқа гапирмади, лекин кулиб туриб, мардларча жон берди”, — деди. Ўша қотилнинг суди ҳам бўлди, 19 йилга қамалди.

Эримни топширган пайтимиздан бери ҳозиргача қулоғимга овози эшитилгандек бўлади, чақиргандек, кўзимга кўрингандек туюлаверади. Қайнонамга кимдир чақирдими, деб қўяман. Йўқ дейди. Узоқ сафарга кетгану, худди кириб келадигандек маҳтал бўлиб ўтираман.

Мен болаларимни эркалаб, сал овунаман, лекин қайнонамга жуда қийин бўляпти. Ҳали ҳам ўзига келолмаяпти.

Кўча-кўйда формалиларни кўриб қолса, ўзини боса олмайди.

Боши касалдан чиқмаяпти, қон босими ошади. Бир неча кун олдин шифохонага ётқизиб келдик. Уч қиз ва битта ўғли бор эди, ягона ўғлидан айрилганини қабул қилиши осон эмас.

Эрим ота-онасини жуда қадрларди. Дадамиз олдинроқ ўтиб кетганлар, онамизга ҳеч қачон баланд гапирмаган, нотўғри гапириб қўйсалар ҳам бирор марта тўғриламаган, иш буюрсалар ҳам доим хўп деган, кўзига тик қарамаган ўғил бўлган.

Опа-сингилларининг ҳам кўнглига қараб, чарчаб ишдан келган бўлса ҳам, бирга гаплашиб ўтирар, ташлаб қўйиш керак бўлса, “бўлинглар, тайёрланинглар, ўзим олиб бориб қўяман”, деб турарди. Мен чарчадим, дам олишим керак, деган гап йўқ эди.

Биз курсдош бўлганмиз. Андижон давлат университетининг информатика ва ахборот технологиялари факултетида ўқиганмиз. Беш йил бир-биримизга кўнгил қўйиб, турмуш қурдик. Менга ҳам ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган, доим “онаси, онаси” деб кўнглимга қараб юрарди.

Ҳозир катта фарзандимиз 12, ўртанчамиз 9 ва кенжамиз 2,5 ёшда. Дадаси ўтиб қолганини билишади, ақлини танигани учун сўрашмайди. Баъзида чидамай, расмини қучоқлаб олиб, дод деб йиғлаб турсам,

“йиғламанг, она”

, деб кириб келишади.

Кичигимга отангиз қанақа қилиб куларди, десам, кулишини ўхшатиб беради. Отангиз қаерга кетган, десам,

“отам жаннатда”

, дейди. Кеча журналистлар келишганди, отангизнинг ишхонасидан келишяпти экан, ўғлим десам, “бува, отам келяптими?”, дебди. Отангиз эмас, ишхонаси, отангиз кетган эди десам, “эй, отам жаннатдаку,” деб қўйди.

Бир куни овқатланиб ўтирганимизда,

“она, юринг, отамнинг олдига бориб келайлик”

, — деди. Вой, қаерга борамиз десам,

“қабристонга бориб келайлик”

, — деди. Мабодо машинада қабристон ёнидан ўтиб кецак, “тушиб отамнинг олдига кириб чиқайлик”, — деб сўрайди. Болаларим гўдак ҳолида улғайиб қолди.

Эрим ички ишлар соҳасида беш йил ишлади. Оғир вазиятлар бўлса, айтмасди. Телефони 24 соат ёниқ турар, кечқурунми, кундузими соат нечада чақирув бўлса, чиқиб кетарди. Ўзим ўқитувчиман, тонгда аввал мени ишга ташлаб, кейин ўзи кетарди.

Жуда кўп гаплашардик. Бир куни машинада ҳангома қилиб кетаётиб,

“онаси, яқинда ўламан, қутуласиз”

, деб кулганди. Мен ҳам ҳазиллашиб “нимага қутуласиз дейсиз, ерга кирсангиз қулоғингиздан, осмонга чиқсангиз оёғингиздан тортиб пастга тушириб оламан, мендан қутуламан деб ўйламанг”, дегандим. Қайнонамга ҳам кулгу орасида шунақароқ гап айтган экан. Инсонга ўлими сезилармикан ёки ҳар бир сўзга эҳтиёт бўлиш керакмикан, билмадим.

Севишиб турмуш қурганимиз учун иккимизнинг жуда кўп орзуларимиз бор эди. Битта катта орзусини амалга ошириб кетди. 8-май куни қайнонам, болалар, холамизни олиб Бухоро, Самарқандни зиёрат қилдик.

“Онамни айлантириб келсам эди” деб ният қилиб, ишдан бўш вақтини узоқ кутганди. Энди қолган орзуларимизни ўзим амалга ошираман.

Марҳум катта сержантни қайнукаси Музаффар Холмуродов билан эслаймиз.

2024-йил 8-июл куни дадамга ЙҲХБдан “Примов Элбек оғир тан жароҳати билан Қашқадарё вилояти тез тиббий ёрдамга келтирилди”, деб хабар беришган. Шифохонага борсак, операция бўлимига олиб киришган экан. Икки соатдан кейин шифокорлар “бўлмади” деб айтишди.

Маст ҳайдовчини тўхтатганда у қишлоқ ичига қочиб кетган, куёвим уни ушлаш учун ортидан борганда пичоқ билан аввал талоқ, кейин юрак соҳасига оғир шикаст етказган.

Фото: Оиласининг шахсий архивидан. Элбек Примов — чапдан биринчида.

Қаршида янги ҳовлига кўчишганига кўп бўлмаганди. Ҳовли ҳали тўлиқ битмаган, кўчаси ҳам таъмирланаётганди. Соат учларда Қашқадарё ЙҲХБ, ИИБ бошлиқлари янги ҳовлига кўчган экан, таъзиядан олдин кам-кўсти бўлса тўлдирайлик деб, одамларни ҳашарга олиб боришган. Кейинги кун эрталаб жанозагача ишлашган. Биз эса “морг”дан олтиларда чиқдик. Тўққизда жаноза намози ўқилди.

Куёвим ЙҲХБдан олдин ОМОН (алоҳида топшириқли милиция отряди)да ишлаган.

Тезкор тадбирларда кўп юрарди. Шунинг учун ҳам катта юрак билан маст одамнинг ортидан кетишга ботинган.

Ҳам ҳайдовчи 58 ёшли одам экан. Бу ёшдаги кишининг олдида пичоқ бор, шикаст етказади деб ўйламаган чоғи.

Қотил 18 йил 5 ойга қамалди. Катта ходимларнинг айтишича, агар маст ҳайдовчини тўхтатишмаганда, у шундай юқори тезликда олдиндаги боғча болаларини босиб кетиши мумкин экан.

Эрка куёвим, ҳаддим сиғиб ҳамма нарсани гаплашадиган инсоним эди. Жуда камтар одам эди. Ишдан келганда кўчада бир қўшниси дала чопаётган ёки уйини таъмирлаётган бўлса, формасини алмаштириб, дарров ёрдамга чиқарди. Ҳангома айтиб, фақат кулиб, кулдириб юрарди. Онаси, ака-укалари, қариндош-уруғи “ҳозиргача Элбекни ишда деб тасаввур қиламиз”, дейишади.

Уч ўғли бор. Ҳозир каттаси 11-синфда, ўртанчаси 6-синфда ўқияпти, кичкинаси эса энди 4 ёшда. “Болаларимни кўра олмаяпман, иш билан бўлиб дийдорига тўёлмаяпман”, деб юрарди.

Кичиги дадам қачон келади, қаерга кетган деб сўрайверди. Охири қабрига зиёратга олиб бориб, “даданг шу ерда, вафот этган, энди унинг ортидан яхши ишлар қилиб, дуолар олиб келадиган фарзанд бўлинглар”, дегандим. Ўшанда

“дада, мен келдим, соғиндим сени. Чиқ, мени кўрмайсанми? Бўлмаса мен олдингга кирай, сени кўрай”

, — деб, ичимни зил-зил титратганди.

Икки йилдан бери ҳар куни кечқурун синглимникидаман. Болалар касал бўлиб, отасини соғиниб, ичикканидан шифохоналарга ётиб чиқди. Синглим ҳам қаттиқ стрессга тушиб, олмаган уколи, ичмаган дориси қолмади. Охири дўхтирлар ҳам вилоятларни айлантиринг, сал бўлса ҳам унутади, деди.

Элбек қарз деган нарсани ёмон кўрарди. Синглимнинг айтишича, ўша куни эрталаб уйдан чиқиб кетаётганда ҳеч қилмаган ишини қилибди. “Бирортадан қарзинг йўқми, дўкон-пўконлардан”, деб сўрабди. Синглим йўқ, деса,

“қара-да, мен кетгандан кейин чиқиб келмасин”

, деган экан. Ўша пайт синглим эътибор ҳам бермаган, кейин эслаб айтиб берганди.

Пичоқланишидан бир кун олдин болалари билан Телеграмъда тинимсиз гаплашган. Кўнгли сезганми, “ўғилларим, мен бўламанми, йўқми, сизлар президентнинг олдида юрадиган йигит бўласизлар, президентни ҳимоя қиласизлар, давлатни ҳимоя қиласизлар. Давлатга, президентга, халққа ҳеч қачон иккилик (хиёнат) қилманглар. Ҳали сизларни катталар қидириб келади”, деган экан.

Элбек Примовнинг катта ўғли собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан.

Ҳақиқатан ҳам катталар қидириб келди. Жанозасига келишди, ўғиллари собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан кўришди. Ҳозирги вазир Азиз Тошпўлатов ҳам компютер, совға-саломлар жўнатди. Ҳар байрамларда тинимсиз хабар олишади.

Катта ўғлининг бўйи узун бўлганига “Давлат хавфсизлик хизматида ишлайсан” деб юраркан, ҳозир шунга ҳаракат қиляпти. Ўртанчаси прокурор бўламан, дейди. Ўзи ҳам прокурорлардек дона-дона, чиройли гапиради. Кенжаси дадасининг соҳасидан кетаман дейди. Ҳозир ҳам отасининг шапкасини кийиб, қўлига таёғини кўтариб юради.

Марҳум сафдорни онаси Санобар Шодмонова билан эслаймиз.

2017-йил 19-декабрда ишга жўнатдим. Ўша кунги тунги навбатчилигида шу воқеа бўлибди. Жамоасининг бошлиғи эди. Менга айтишларича, ёнғин тугагач кўздан кечириш учун хонадонга кирган, бурчакда йиғиб қўйилган тўртта кўрпача тарафда яширин “розетка” ёки “удлинител” бўлган, уни кўрмай, қўли нам ҳолатда кўрпачага тегиб, ток урган.

“Дуо қилинг, аяжон, мен яхши ишлаб келай” деб, чопиб кетарди. Ўша куни ҳам шундай дуо олиб кетди.

Кўчанинг бошигача борди-да, яна қайтиб келди.

Нимага қайтиб келдинг, десам, “ая, пулим оз экан, пул олиб чиқиб беринг”, — деди. Олган ойлигини “ўзингиз харжларсиз” деб менга келтириб берарди. Пул бердим, сўнг яна кетди, шу бўйи орқасига қараб-қараб кетди.

Ҳамма қариндошларим хабар топган. Хўжайиним Россияда эди, унга ҳам айтишган, ўша пайт йўлга чиққан. Менга қандай айтишни билмай кечаси соат бирларда қайниларим, овсинларим “Алибекнинг мазаси бўлмабди”, деб олиб кетишди. Борсам, шунақа гап, болагинам йўлда тамом бўлган экан.

Ватан ҳимояси йўлида мардларча ҳалок бўлди, дейишганда ҳа, яхши, қисқа яшаган бўлса ҳам шунча иш қилди, дейман. Лекин барибир ёмон бўламан, болам ёш ўлди, болаларига тўймай кетди. Орзулари, ниятлари кўп эди. Биттагина ўғил эди, ўрнини босадигани йўқ. Мана ўн йил бўлса ҳам қийналаман.

Алибегим жуда меҳрибон бола бўлиб ўсган, мактабидан ҳам фақат яхши гап эшитардим. Хизматдан қайтиб, шу йўлни танлади. Дадаси ўқитамиз деганда, битта ўғил деб ёнимиздан кеткизгимиз келмаганди.

Биз ўт ўчиришни қийин соҳа десак ҳам, ўзи хоҳлади-да. Амакилари, кўп қариндошларимиз ўт ўчирувчи бўлиб ишлаганига ҳавас қилган.

Машинани яхши ҳайдагани учун бошлиқлари кўп чақирувларда шуни олиб кетарди. 7 йилча ишлади.

Дадаси четда 25 йиллар ишладилар. Оиланинг боши, эркаги бўлиб, ҳамма масъулиятни ўзига олиб, кам-кўстларимизни тўлдириб юрарди. Уч синглисига ҳам жуда меҳрибон эди.

Бир сўзли, қиламан деган ишини бажармай қўймас, иш ва бошқа масалалар тарозига турганда бирдан ўзини ишга бағишларди. “Отамнинг юзини ерга қаратмаслигим керак, яхши ишлашим керак”, деб юрарди доим. Бирор қийин ишга киришишдан олдин бир марта телефон қилиб, “мендан хавотир олманглар, телефон ҳам қилманглар, ўзим чиқиб қиламан” дер, кейин ўзи “яхшиман” деб айтиб қўярди.

Ўн йилда ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Синфдошлари, ҳамкасблари кўп хабар олади, тўлиб-тошиб келишади, ёлғизлатишмади. Ўзи йўқ бўлса ҳам ҳалигача раҳмат эшитиб келяпман.

Қизи 13, ўғли 10 ёшга кирди. Дадаси ўқиган мактабда ўқишади. Ўша пайтлар қизи сал каттароқ бўлгани учун айцак, тушунди. Ўғли эса “дадам келади” деб кутиб яшади, сўнг ичикиб қолгандан кейин, 5 ёшида ўргатдик. “Даданг ҳозир орамизда йўқ, сенга тепадан қараб, қилган ишларингни кўриб ўтиради”, дедик.

Худога шукур, эсли, ўқишда фаол болалар. Дадасидек фақат яхши гап эшитаман. Соғиниб йиғлашади. “Боболаринг бор, шу дадаларинг ўрнида”, деймиз. Тушунишади. Иккови ҳам инглиз тилини қаттиқ ўрганяпти. Қизи ўқитувчи бўламан, дейди, ўғли форма кияман, дейди. Энди унга форма кийдирамизми, йўқми, билмайман.

Баъзан ўзимдан хафа бўлиб кетаман, бошқа ишга қўйсак ёки дадаси ўзлари билан Россияга олиб кецалар бўларкан, дейман. Ўғилчаси худди ўзига ўхшайди, боламни бошқатдан катта қиляпман, деб қўяман.

Илоҳим хизматдаги ҳеч бир ўғлон билан менинг боламникидек вазият бўлмасин, ишлари бароридан келиб, оилалари бағрига соғ-саломат қайтишсин. Ҳеч қайси ота-онага менинг бошимга тушганлар тушмасин. Фарзанд доғи жуда ёмон экан.

Марҳум катта лейтенантни отаси Иномжон Хайдаров билан эслаймиз.

2018-йил 22-ноябрда укасининг туғилган куни эди. Кечқурун соат олтиларда телефон қилиб, “дада, торт-порт олдизларми ёки олиб борайми?”, — деди. Олдик, ўғлим, ҳамма ёғни чиройли қилиб қўйдик, сен келсанг бўлди, дедим. “Бугун навбатчи эканман, мени кутманглар, борсам ҳам кечқурун бораман”, — деди. Ўн бирларгача кутдик, келмади, энди ҳар доимги навбатчилиги деб, ухлашга ётдик.

23-ноябрга ўтар кечаси хизмат вазифасини бажариб, тунги рейдга чиққанларида беш-олти ичган болалар тўпланиб турган экан. Соат ўн иккидан ўтяпти, ҳамма уйига кецин дейишса, улар талабни бажармай жанжал чиқарган. Болалар қаттиқ жисмли темирлар билан қуролланган экан, ё шу темир билан, ё катта тош билан ўғлимга шикаст етказишган.

Бомдодга турган маҳалимиз қўшним “Илҳомжон қаерда?” деб телефон қилди. Навбатчиликда дедим. Ўғлимга қилсам, телефони ўчиқ. Беш дақиқалар ўтиб, қўшнимиз яна қилди.

“Ака, Илҳомжонни кимдир уриб қўйибди, ҳозир милиция бўлими олдидаман, одамлар тўпланган, машина жуда кўп”, — деди.

Кейин биз чиқиб борсак, нариги урган болаларни сўроқ қилишаётган экан. Раҳбарларидан бири чиқиб, “жароҳати оғир экан, ўтиб қолибди, узр сўраймиз, сабр тилаймиз”, — деди.

Қариндош-уруғларига ниҳоятда оқибатли, доим хабар олиб юрарди. Камгап, кўпроқ эшитадиган эди. Энг ажралиб турадиган жиҳати эса одамларга қараб фақат кулиб турарди. Ҳар сафар ишга чиқиб кетаётганда бир ярим яшар қизини қучоқлаб, ўйнатиб кетарди. Кўчага ўзим кузатиб қўярдим. Ота-бола уйда гаплашмайдиган нарсаларимизни кўчада гаплашардик.

“Ўғлим яхшимисан, ишларинг яхшими, ўзингни эҳтиёт қил”, деб дуо қилиб жўнатардим. Болам 29 ёшида, энг барваста даврида дунёни тарк этди. Саккизинчи синфдан бокс билан шуғулланган. Лицейни битириб, академияга топширди. Биринчи йил кира олмай, армияга кетди. Бухорода чегара қўшинларида хизмат қилиб, имтиёз олиб, кейинги йил ўқишга кирди.

Ўзим солиқ соҳасида ишлаганман. Ўқишга топширишидан олдин ички ишлар соҳасида ишлаш, ходим бўлиш осон эмаслиги, жуда оғир, масъулиятли, хавф-хатар кўп иш эканини кўп тушунтирганман. “Дада, агар ўлиш пешонамизда ёзилган бўлса, ватан учун хизмат қилиб ўламан-да”, деб барибир шу соҳани танлади.

Иш бошлаганда ҳам болам, тўғри ишла, тўғри юр, қўлингда “дело” турмасин, битта бўлса ҳам судга чиқарадиган бўлсанг судга чиқариб, прокуратурали иши бўлса, унга юборгин, дердим. Шунақа қиларди, кўнглим тўқ эди.

Кўчада юрганингда эҳтиёт бўл, ўғрига ҳам, тўғрига ҳам яхши гапир, бирор жиноят қилган бўлса, ўзидан керакли маълумотларини олиб, материалини керакли жойга чиқариб юбор, қўпол гапирма, жиноятчига ҳам яхши гапирсанг, ўзининг айбини айтади, деб келардим. Энг кўп айтганим шу “эҳтиёт бўл” деган жумла бўлса керак.

Курсдошлари, ҳамкасблари, вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳокимлар кўп ҳол сўраб келади. Байрамларда доим йўқлашади. Қизчаси ҳам ҳозир 10 ёшга яқинлашиб қолди.

Мактабда Иномжонова Ясминахон Илҳомжон қизи деб чақиришган экан, бир кун келиб, қараб турди-да,

“дадам ўлганми?”

, деб сўради. Йўқ, ўлмаган, дадангнинг исми олдин Илҳомжон эди, ҳозир Дилёрбек, деб қўйдим. Онаси бошқа турмуш қурган, неварам ҳам улар билан. Уйдаги дадасидан кўнгли совуб қолмасин, деб ҳали ҳақиқатни айтмадик. Лекин барибир бир кун айтамиз.

Марҳум лейтенантни онаси Маҳбуба Ортиқова билан эслаймиз.

2017-йил 14-август душанба куни ишга юбордим. Қишлоқда иккита одам сув талашиб жанжал кўтарган, ҳамкасби ўзи эплолмай, Дониёржонни ёрдамга чақирган. Ўғлим улардан бирининг қўлидан тутиб, “кел, ука, ташқарига чиқайлик, ҳамма сенга қараяпти” деб олиб чиқиб кетаётганда, ўша йигит енгининг ичидан пичоқни чиқариб, ўғлимнинг юрагига санчган. Арзимаган нарса, битта сувни деб мени ўғлим йўқ бўлди-да.

Воқеа кундузи соат ўн бирлар атрофида бўлган. Хўжайиним масжидга пешин намозини ўқишга кетгандилар. Бир пайт қарасам, соат ўн иккиларда эшик тагида турибдилар. Тавба, масжидга бориб, пешинни ўқимай келибдимикан, десам, ҳовлида қайноғамнинг ўғли ҳам ўтирибди. “Вой, тузукмисизлар, тинчликми, нима бўлди?” десам, шу хабарни айтишди. У ёғи нима бўлганини билмайман, бир қарасам, кўча одамга тўла экан…

Эрталаб ўзи юриб чиқиб кетган бақувват болангизни тўшакка солиб, жонсиз ҳолатда олиб келишса, жуда оғир экан. Ўша куни ҳар доимгидек дуо олиб, ишга жўнади. Орқасидан қизи чиқиб “бўпти, дада, яхши бориб келинг” деди, бурилишга етгунча ҳам қизи қараб турди.

Қизига қўлини силкитиб-силкитиб кетиб қолганди болагинам.

Катта ўғлим ҳам ўн саккизга кирганда шунақа учта ифлоснинг қўлида ўлганди. Унга ҳам 32 йил бўлибди. Иккинчи марта ҳам фарзанд доғини кўрдим. Энди иложингиз йўқ экан, яхшига кун, ёмонга ўлим йўқ, деб бекорга айтишмаган экан-да, нимаям қилардик.

Пичоқ суққан одам ёш, иккита боласи бор, кўп жиноятларни қилиб, тўрт мартача судланган экан. 18,5 йилга қамалди. Энди жони ичида бўлса, бир кун кириб келади. Меники йўқ бўлди, тупроққа аралашиб кетди.

29 га кирган боламни кўмиб келишди. Қизи ўшанда 2 ёшар эди, ҳозир бешинчи синфда ўқияпти. Онаси бошқа турмуш қурган, неварам ҳам бирга кетган. Ҳар замонда келиб, хабар олади. Қўшнилар “вой мана бу қизалоқ кимнинг қизи?” дейишса,

“биринчи ўринда Дониёржоннинг қизиман, кейин бошқаларни”

— дейди.

Боламнинг интилиши ниҳоятда кучли эди. Дадаси билан мен колхозда ишлаб қийналиб, етти болани катта қилганимизни кўриб, “сизлар қийналганларингни биз бу ёғдан чиқариб берамиз” деб тинмай ҳаракат қилиб, ТАТУга ўқишга кирган.

Устозларидан ҳам доим мақтов эшитардим. Ўқишни битириб, уч йил мактабда дарс берди. Ички ишларга кираман деб орзу қилиб, қизиқиб юрарди. Кейин шу соҳага ўтиб кетди.

Ҳозир кимга рўпара келиб қолсам, вой фалончи акам деб меҳр билан эслашади. Ўзи хизмат қилган Олтиариқдаги чоллар ҳам уйга келиб, у ҳақда кўп яхши гаплар айтиб, дуо қилиб кетишган.

Дониёр Ортиқовнинг қизи. Фото: Оиланинг шахсий архивидан.

Ишидан қийинчиликлар, ёмон хабарларни сира олиб келмасди.

“Ая, қаранг, мана бу ерда жума куни пешингача киракашлар бепул қатнар экан”

, фалончи жойда мана бунақа яхши нарса бўлибди, деб фақат яхшиликларни етказиб юрарди болагинам.

Худойим шу соҳада ишлаётган йигит-қизларни тан-жонларини соғ қилиб, умрлари, ризқларига барака берсин. Топганлари тўйларга, яхшилик кунларга насиб қилсин. Ёмон ҳалокатлардан ўзи асрасин!

Марҳум маёрни унинг турмуш ўртоғи Заҳро Мардонқулова билан эслаймиз.

Турмуш ўртоғим 2024-йил 26-август куни тушлик учун уйга келди. Ҳар доим шошиб юрарди, овқатни ҳам шошиб еб, тезда чиқиб кетарди.

Негадир ўша куни шошмади.

Мен ҳовлида кир ювиб тургандим. Баҳорда ўзи пайванд қилган олма, нокларнинг дарахт бўлиб кетганини кўриб, хурсанд бўлиб гапириб берди.

“Катта ўғлимизни учувчи қиламиз, авиация йўналишида ўқитамиз, Жавоҳиржонни хусусий мактабга ўтказамиз, кучли билим бераркан, 90 фоиздан зиёд ўқувчиси ўқишга кираркан”, — деди. Болам янада яхши мактабда ўқиркан деб мен ҳам хурсанд бўлдим. Одатда бунақа бемалол ва хотиржам гаплашиб ўтиролмасдик. Кейин “бугун навбатчиликдаман” деб кетди.

Вақт топса ҳар доим уйдан овқатланар, кўча овқати емасди. Навбатчиликда бўлса, кечки овқатга ҳаракатимни қилай деб ўзи яхши кўрадиган ловияли ош қилдим. Қайнонам билан кутиб ўтирдик. Келди-да, “шошаяпман, тез ейман-у қайтаман”, — деди.

Бирпасда чақирув келди. Хизмат машинасига чиқиб, жўнади. Ҳар доим хайрлашиб, тез ичкарига кирардим, бу гал кўнглим сезгандек то кўринмай қолгунича ортидан қараб турдим шекилли.

Дониёр Мардонқулов турмуш ўртоғи билан. Фото: Оиланинг шахсий архиви.

Соат кечки ўн ёки ўн бирмикан, болаларни ухлатиб, ҳовлига чиқсам, тоғам, қайнисингилларим кириб келишди.

“Кийиниб чиқинг, бир ерга бориб келамиз”

, — дейишди. Юрагим шувиллаб кетди. Хўжайинимга нимадир бўлганини тушундим. Шунда ҳам ўта қўрқинчли нарсани ўйлашни истамай, машинада авария бўлган бўлса, қўл-оёғи лат егандир, деб ўйладим.

Йўлдамиз, қаерга кетаётганимизни ҳеч ким айтмаяпти, тинмай йиғлаб борардим. Бир жойда тўхтадик, машинадагилар тушиб, бинога кириб кетди. Мен ҳам секин тушиб, бинодаги ёзувни ўқисам,

Қўқон шаҳар суд-тиббий экспертиза

деб ёзилган экан.

Ўшанда ҳам жароҳати чуқурроқ бўлса, экспертизага олиб келишгандир, деб ўйладим. Яна индашмади, кейин ортга қайтдик. Уйга келсам, амакилар тўн кийиб, қийиқ бойлаганини кўриб тамом бўлдим.

Кейин ўзи нима бўлганини эшитдик. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ўтаётган шахс жазони ўташ тартибига амал қилаётганини текшириши керак бўлган. Борса, у одам чиқиб кетган экан.

Уйдагиларидан “қани?” деб сўраса, далага чиқиб кетди дейишган. “Бу пайтда уйда ўтириши керак эди, нимага чиқиб кетиб қолди?” деб сўраб турганда ўзи ҳам кириб келган. “Нимага сен бизни текширасан?”, деб бақир-чақир қилишган.

Ўзи у одам маст ёки қанақадир наша чеккан экан. Ошхонадан пичоқ кўтариб чиқиб, эримга санчиб юборган. Ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, машинасидан дубинкасини олмоқчи бўлса, пичоқни кўкрак қафасига урган, бу сафар юракка теккан.

Тез ёрдам қидириб қолишган, қишлоқда тез ёрдам йўқ эди. Ёнидаги ёшлар етакчиси ўзининг машинасига солиб, олиб кетган. Йўлда етакчига нимадирлар деб гапириб келаётган бўлган, бир пайт овози чиқмай, қўлидан телефони шилқ этиб тушиб кетган. Шу пайт жони узилган.

Одамлар орасида жиддий, камгап, яқинлари даврасида очиқ инсон эди. Турмуш ўртоғи бўлганим учун эмас, ҳақиқатдан тан берганим учун айтяпман, жуда ҳалол инсон эди.

Пора, пул аралашган ишларни доим рад қилиб келарди.

Лавозими, номидан ҳеч қачон фойдаланмай, оддий яшашни танлаган. Ҳаммани бир хил кўриб, бир хил муомала қиларди.

Жуда тартибли, тозаликка талабчан инсон эди. Айтилган жойга, айтилган пайт етиб борар, уйдаги иш ҳужжатларини ҳам бир текис тахлаб қўяр, битмаган ишларини овқат, уйқуни йиғиштириб бўлса ҳам бажариб қўярди.

Милиция ходимининг хотини ҳам аскар бўлади. Ҳар қанақа ҳолатга шай турасиз. “Тревога” берса, солдатдай дарров сакраб турасиз, нарсаларни тайёрлайсиз, ухламай кутиб оласиз. Қанчалик машаққатли бўлмасин, эримнинг касби менинг ҳам касбимга, ҳаётимнинг бир қисмига айланганди.

“Пенсияга чиқсам, супер опоқи (бобо) бўлиб юраман”, деб ният қиларди. Жигарларига жуда меҳрибон эди. Онасининг дилини оғритмай кетди, кўнглим тўқ деб юраман. Онамнинг ҳам энг яхши кўрган куёви эди.

Учта фарзандимиз бор. Катта ўғлим 15, қизим 12, кичкина ўғлим эса 10 ёшда. Ҳаммасини бирдек кўрар, қизи битта бўлгани учун ҳам кўп эркалатарди. Бўш вақти бўлди дегунча болаларни олиб, дарёнинг бўйигами, тоққа айлантиргани олиб кетардик.

“Пенсияга чиқсам, сизларни маза қилиб айлантираман, кўп жойларга олиб бораман”, — дерди. Ойда бир дам олиш куни бўлса, шуни ҳам болалар билан ўтказиб оларди. Болаларимиз кичкиналигида дадасини жуда оз кўрган. Ухлаб ётганда чиқиб кетар, яна ухлаб қолишганда кириб келарди.

Катталарим мени эзилмасин деб, йиғисини кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Лекин кўнгли тўлиб кетганда бир-бири билан урушиб, баҳона топиб бўлса ҳам ўзини у тараф-бу тарафга уриб,

“соғиндим, дадажон”

деб йиғлашади. Майли, ичидагини чиқариб олишсин, деб қўйиб бераман. Йўқлиги ҳар қачон ҳам билинади.

Жанозадан бир кун олдин тасаввуримда ҳаёт тугаб қолгандек эди. “Кириб, хайрлашиб чиқ” дейишса ҳам, кирмайман, мени тоғ-тошларга чиқариб юборинглар, деб йиғлардим. Гўё марака-маросимини тан олмасам, эрим ҳам ўлмагандек, кириб келадигандек хаёл ўтарди. Жасадини кўрсам, ўлганига ишониб қоламан дегандим. Лекин барибир эрталаб хайрлашдим.

Кўп вақт мазам бўлмай даволандим. Ҳозир Фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Азизбек Икромов ўшанда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи эди. Бир кун уйимизга келиб, “Эрингиз шу юртнинг тинчлиги йўлида ҳалок бўлди. Энди ёлғизман деб ўйламанг, ортингизда Ички ишлар вазирлиги, бутун Ўзбекистон турибди, биз ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз”, — деди. Шу гап анча куч ва далда бўлиб, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим.

Уйимиз ҳам, машина ҳам кредитга олинганди. Эримнинг орқасида шунча қарзи бор, савол-жавоби қандай бўлади, тезроқ ёпишим керак деб ич-этимни еб юргандим. Азизбек Икромов машина ва уйнинг кредити тўлангани бўйича ҳужжатни ҳам қўлимга тутқазди. Қарзи бўйнида қолиб кетмаганига ҳам шукур.

Собиқ ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов, вазир маслаҳатчиси Зокиржон Алматов ва ИИО ходимлари марҳум Нодирбек Мардонқуловнинг оиласи билан.

Нима бўлса ҳам болалар учун давом этиш керак экан. Эрим олган уйга кўчиб ўтдим, кичик кийим-кечак ишлаб чиқариш корхонасини очдим. Маҳсулотларимизни четга ҳам экспорт қиламиз. Болаларимизни қандай инсон сифатида кўришни хоҳлаган бўлса, қўлимдан келганча ҳаракат қилиб, эримнинг ниятларини амалга ошираман.

Салкам 15 йил бир-биримизга ҳамроҳ бўлдик. Қуръон тиловатларим, дуоларимда Аллоҳ таоло эримни шаҳидлар қаторида қўшишини кўп сўрайман. Охирати обод бўлсин!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.