Сомали қароқчилари қутқарув операциясидан олдин нефть танкери экипажини ўлдирган, деди расмий вакил BBC’га
Сомали қирғоқлари яқинидаги қароқчилик 2011 йилда халқаро ҳарбий-денгиз операциялари бошланганидан кейин камайган эди, бироқ сўнгги йилларда яна авж олди.

Сомали қароқчилари қутқарув операциясидан олдин нефть танкери экипажини ўлдиришди, деди расмий вакил BBC’га
Сомали қирғоқлари яқинида қароқчилар ҳужумлари кўпайиши фонида Пунтленд хавфсизлик кучлари патрулликни кучайтирди.
Сомали қирғоқлари яқинида қароқчилар томонидан эгаллаб олинган нефть танкери бортидаги беш нафар экипаж аъзоси маҳаллий хавфсизлик кучлари кемани қайтариб олгунига қадар ўлдирилган, деди минтақанинг юқори мартабали мулозими BBC’га.
Пунтленд ахборот вазири ўринбосари Биле Қабовсаденинг айтишича, беш киши минтақавий кучлар «MT Hoarner 25» кемаси бортига чиқишидан олдин қароқчилар томонидан ўлдирилган.
Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида уч нафар Покистон, бир нафар Ҳиндистон ва бир нафар Мьянма фуқароси бор. Яна тўрт нафар экипаж аъзоси, жумладан, уч покистонлик ва бир ҳиндистонлик жароҳатланган.
Сомали пойтахти Могадишога тахминан 18 500 баррель нефть олиб кетаётган танкер апрель ойида Сомали қирғоқлари яқинида сузиб кетаётганда олти нафар қуролланган шахс томонидан эгаллаб олинган эди.
Расмийларнинг билдиришича, қароқчиликда гумон қилинган 16 киши ҳибсга олинган, қолганлари эса қочиб кетган ва уларни таъқиб қилиш давом этмоқда.
Қабовсаде Сомалининг ярим мухтор ҳудуди бўлмиш Пунтленд кучлари айрим қароқчиларнинг қочиб кетишига ёрдам бергани ҳақидаги даъволарни рад этди. Расмийлар экипажнинг беш аъзоси қандай ўлдирилгани ёки қароқчилар кема назоратини қандай қўлга киритгани ҳақида батафсил маълумот бермади.
Олиб қочилган танкер Сомали қирғоқлари яқинида, Хаафун ва Бандер Бейла балиқчилик шаҳарчалари оралиғида лангар ташлаган эди.
Апрель ойида расмийлар кема олиб қочилган пайтда бортда 17 нафар экипаж аъзоси бўлганини маълум қилганди. Улар орасида 10 нафар Покистон, тўрт нафар Индонезия, бир нафар Ҳиндистон, бир нафар Шри-Ланка ва бир нафар Мьянма фуқароси бор эди.
Сомали қирғоқлари яқинида қароқчилик халқаро ҳарбий-денгиз операцияларидан сўнг 2011 йилдан кейин кескин камайган эди, бироқ сўнгги йилларда ҳужумлар ва кемаларни олиб қочиш ҳолатлари яна кўпайди.

