Дунё

СМТИ Қатардаги ҳамкорлар билан экспертлик ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда

2026 йилнинг 19–21 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Доҳа шаҳрида халқаро хавфсизликнинг долзарб масалалари ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишлаб ўтказилган 8-Глобал хавфсизлик форумида (Global Security Forum 2026) иштирок этди. Форум доирасида Э. Арипов давлат тузилмалари вакиллари ҳамда таҳлилий […] раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

СМТИ Қатардаги ҳамкорлар билан экспертлар даражасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

2026 йилнинг 19–21 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган, халкаро хавфсизликнинг долзарб масалалари ва глобал ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган 8-Глобал хавфсизлик форумида (Global Security Forum 2026) иштирок этди.

Форум доирасида Э. Арипов Қатар давлат тузилмалари вакиллари ва таҳлилий марказлари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Эътибор марказида экспертлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари бўлди.

Хусусан, Доҳа форуми бош менежери Маҳа Аль-Кувари билан музокаралар давомида Ўзбекистоннинг ушбу халқаро майдон ишида янада фаол иштирок этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

М. Аль-Кувари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларга Ўзбекистон ёндашувлари кенг ёритилишидан манфаатдорлик билдирди. Томонлар ушбу йўналишда фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Доҳа форуми халқаро тенденциялар, дипломатик ташаббуслар ва барқарор ривожланиш стратегияларини муҳокама қилиш учун етакчи глобал платформа ҳисобланади. 2002 йилда ташкил этилганидан бери форум дунё етакчилари, халқаро ташкилотлар, таҳлилий марказлар ва академик ҳамжамият вакилларини бирлаштирадиган майдонга айланди.

2025 йилда Доҳа форуми доирасида СМТИ томонидан Жоржтаун университети билан ҳамкорликда Термиз мулоқотига бағишланган алоҳида сессия ташкил этилган эди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бўлиб, Афғонистонни фаол жалб қилиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликнинг янги архитектурасини шакллантиришга қаратилган.

Учрашувларнинг муҳим йўналишларидан бири СМТИнинг Қатар илмий-тадқиқот тузилмалари билан институционал ҳамкорлигини ривожлантириш бўлди. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклигини мустаҳкамлаш манфаатлари йўлида қўшма таҳлилий ёндашувлар ва амалий таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Жумладан, Глобал стратегик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Али Чиҳи билан учрашувда икки институт ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ҳужжатни имзолаш бўлажак Доҳа форуми доирасида режалаштирилган.

Ҳамад бин Халифа университети ҳузуридаги Глобал стратегик тадқиқотлар институти (Қатар таълим жамғармаси) — халқаро ва минтақавий таҳдидларни ўрганиш ҳамда стратегик тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи фанлараро таҳлилий марказдир. Унинг фаолиятининг устувор йўналишлари қаторига низоларни ҳал қилиш, энергетика ва иқлим кун тартиби, сунъий интеллект, Афғонистон масалалари ва транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш киради.

Оз навбатида, Низолар ва инсонпарварлик тадқиқотлари маркази директори Гҳассан Эль-Каҳлут билан суҳбат чоғида СМТИ билан шериклик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди. Қатар томони ўзаро манфаатли масалалар бўйича экспертлар мулоқотини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.

Минтақадаги энг йирик таҳлилий муассасалардан бири бўлган Араб тадқиқотлар ва сиёсатни ўрганиш маркази таркибида 2016 йилда ташкил этилган Низолар ва инсонпарварлик тадқиқотлари маркази тинчликни мустаҳкамлаш, низоларни ҳал қилиш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш масалаларига ихтисослашган. Унинг фаолиятининг асосий йўналишлари динлараро мулоқот, Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик масалалари, низодан кейинги тикланиш ҳамда медиация ва инсонпарварлик ҳуқуқи соҳасида мутахассисларни тайёрлашни ўз ичига олади.

Умуман олганда, бўлиб ўтган учрашувлар СМТИнинг Қатардаги ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, институционал ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришиш ва келгусидаги экспертлар ҳамкорлиги истиқболларини белгилаб олиш имконини берди. Бу Ўзбекистон ташаббусларини халқаро мулоқот майдонларида илгари суриш ва Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.