Сирдарёда эрининг қонуний хотини ва қизини пичоқлаб ўлдирган аёлга 13 йил 4 ойга қамалди
Сирдарёда шаърий эрининг қонуний хотини ва 5 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирган, яна бир қизини жароҳатлаган 29 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. Жанжал сабаб ушбу жиноятни содир этган аёл 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. ъАсабда эдим, кўзимни юмиб нима қилганимни билмайманъ, — деди у.

Сирдарёда эрининг қонуний хотини ва қизини пичоқлаб ўлдирган аёл 13 йил 4 ойга озодликдан маҳрум қилинди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида она ва унинг бир қизини пичоқлаб ўлдирган, яна бирини жароҳатлаган аёлга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Ҳодиса шу йилнинг апрел ойида юз берган. Амир Темур маҳалласида яшовчи 29 ёшли аёл жанжал оқибатида шаърий турмуш ўртоғининг қонуний рафиқаси ҳамда унинг икки нафар вояга етмаган қизига пичоқ билан оғир тан жароҳатлари етказган.
Натижада аёл ва унинг 5 ёшли қизи вафот этган, 3 ёшли қиз эса шифохонага ётқизилган. Марҳуманинг яқинлари аёлнинг яна 8 ёшли ўғли ва 20 кунлик чақалоғи қолганини айтган.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар суди раиси Алишер Эргашевнинг сўзларига кўра, томонлар ўртасидаги низо фарзанд кўриш масаласи сабаб юзага келган. Олти йилдан буён эркак билан шаърий никоҳда яшаб келган аёл эрининг қонуний оиласида мунтазам фарзанд туғилаётгани, ўзига эса фарзандли бўлишга рухсат берилмагани учун доимий равишда жанжаллашиб келган.
“Асабда эдим, кўзимни юмиб нима қилганимни билмайман”, — деди суд мажлисида айбланувчи.
Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси 2-қисми (Оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) тегишли бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Суд томонидан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш орқали аёлга 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

