Сингапур ишбилармонлари Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтиради

Сингапур ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги сармоявий фаолиятини кенгайтириш ниятида.
28-август куни Шавкат Мирзиёев Сингапур катта вазири Ли Сян Лун бощилигидаги делегацияни қабул қилди.
Президент матбуот хизматининг маълумотига кўра, суҳбат аввалида катта вазир Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнам ва бош вазири Лоуренс Вонгнинг самимий саломлари ҳамда эзгу тилакларини етказди. Учрашувда Ўзбекистон—Сингапур муносабатларининг изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Сиёсий мулоқот ва барча даражадаги икки томонлама алоқалар фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Сингапурнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди. Сингапур ишбилармонларининг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш режалари маъқулланди. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни ишлаб чиқишга келишиб олинди, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларга устуворлик берилади.
Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапурнинг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Сингапур олий таълим муассасаларининг мамлакатдаги фаолияти бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши билдирилди.
Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ва иқтисодий тузилмалар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенсиясига қўшилгани олқишланди.
Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

