Сиетл ва Тошкент сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилади
Вашингтондаги Бош консулхонада Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Форум Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, ИТ Парк Узбекистан ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси ҳамкорлигида ўтказилди.

Сиетл ва Тошкент сунъий интеллект йўналишида ҳамкорлик қилади
30-октябр куни Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида Сеаттле АИ Веек доирасида халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбирда технология соҳаси, университетлар, инвестиция ҳамжамияти ва давлат идораларидан қарийб 60 нафар вакил иштирок этди. Бу ҳақда Бош консулхона “Дарё”га маълум қилди.
Форум Ўзбекистон Бош консулхонаси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, ИТ Парк Узбекистан ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси (ВДТА) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги технологик шерикликни кенгайтириш, сунъий интеллект бўйича мутахассислар тайёрлаш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари кўтарилди.
Президент Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши Котибияти раҳбари Нозима Давлетова Ўзбекистоннинг рақамли ривожланишдаги устувор йўналишларини тақдим этди. У икки давлат ўртасидаги бизнес ва инвестиция алоқалари ривожланиб бораётганини таъкидлади.
ИТ Парк Узбекистан вакили Руслан Яппаров эса халқаро технологик компаниялар билан ҳамкорликда ёшларни ўқитиш, сунъий интеллект учун ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ва ўзбек стартапларини хорижий бозорларга олиб чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Сиетл шаҳрининг технологиялар бўйича бош директори Шеннон Смит сунъий интеллектдан коммунал хизматларни яхшилаш, қурилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишдаги тажрибасини тақдим этди.
Шунингдек, иштирокчилар сунъий интеллектни қишлоқ хўжалиги, сув тежовчи технологиялар, тил хизматлари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда қўллаш истиқболларини муҳокама қилди.
Форумда Мисрософт'нинг дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар йўналишининг собиқ президенти Жулия Люсон сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва таълим дастурларини замонавий талабларга мослаштириш муҳимлигини қайд этди.
Тадбир якунида Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ва ВДТА ўртасида технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат университетлар, компаниялар ва давлат муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, таълим ташаббуслари ва синов лойиҳаларини ўрганишни назарда тутади. Шунингдек, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

