Сибир маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин
Россиянинг «Сибереко» компанияси Ўзбекистонга экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, кейинги босқичда эса уларни ишлаб чиқаришни мамлакатда маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Компания Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш ниятини билдирган.

Сибир маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши мумкин
«Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров «Сибереко» МЧЖ бош директори Андрей Мандрик билан учрашди.
Учрашувда компания раҳбари Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, «Сибереко» дастлаб Ўзбекистонга экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, келажакда эса ишлаб чиқариш қувватларини мамлакат ҳудудида маҳаллийлаштиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Россия томонининг таъкидлашича, Бош консулхона билан ҳамкорлик натижасида компания Ўзбекистоннинг ФБФА Техтил Лц компанияси билан алоқалар ўрнатган. Ҳозирги босқичда ҳамкорлик косметика маҳсулотларини етказиб беришни назарда тутади. Шу билан бирга, «Сибереко» Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш ва ўз маҳсулотларини фаол тарғиб қилишни режалаштирмоқда.
Компания Сибир ҳудудида ўсадиган ёввойи ўсимликлар асосида экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маълумотига кўра, маҳсулотлар таркибига сунъий консервантлар, бўёқлар ва хушбўйлаштирувчи қўшимчалар қўшилмайди.
«Сибереко» озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида 10 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб келмоқда. Компания маҳсулотлари озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш бўйича ИСО 22000:2018 халқаро стандарти талабларига жавоб бериши қайд этилган.
Корхона Россиядаги йирик компаниялар, федерал савдо тармоқлари ва дистрибюторларга маҳсулот етказиб беради. Шунингдек, МДҲ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатлари ҳамда бошқа хорижий бозорлардаги ҳамкорлар билан ишлайди.

