СИ эмас: «нореал» кўринган табиат сурати танловда ғолиб чиқди
Фотосуратчи Метт Дикин дрон ёрдамида тасодифан олган денгиз манзараси Аустралиан Геограпҳис Натуре Пҳотограпҳер танловининг бош мукофотига сазовор бўлди. Сувда ёнма-ён сузиб кетаётган яшил аррабурун балиқ ва денгиз тошбақалари акс этган кадр шу қадар ғайриоддий чиққанки, айримлар уни сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир деб ўйлаган.

СИ эмас: «нореал» кўринган табиат сурати танловда ғолиб чиқди
Сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвирлар ҳақиқий фотосурат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, австралиялик фотограф Метт Дикин билан бунинг тескариси юз берди. У олган ҳақиқий табиат суратини бир неча киши СИ генерацияси деб ўйлаган.
Дикиннинг ушбу иши охир-оқибат Аустралиан Геограпҳис Натуре Пҳотограпҳер танловида бош мукофотни қўлга киритди. Фотосуратчининг айтишича, ноёб кадр олдиндан режалаштирилмаган ва деярли тасодифан олинган.
У ўша вақтда дрон ёрдамида сўниб бораётган қуёш нурлари саёз рифни қандай ёритаётганини тасвирга олаётган эди. Дронни яқинлаштирганда эса сувда денгиз тошбақалари гуруҳи томон сузиб келаётган яшил аррабурун балиқни пайқаб қолган.
Фотосуратчи шу онни юқоридан суратга олишга муваффақ бўлган. У суратга Этҳереал Энсоунтер — тахминан «Ғайриоддий учрашув» деб ном берган.
Қизиғи, Дикин бу кадрни олишга улгурмай қолиши ҳам мумкин эди. Суратга олиш вақтида дрон аккумулятори тугаб бораётган эди. Қурилма ерга қўндирилганида унинг қуввати атиги 3 фоиз қолган.
Суратдаги композиция ва денгиз жонзотларининг жойлашуви шу қадар ғайритабиий кўринганки, айримлар уни сунъий интеллект генератори ёрдамида тайёрланган деб ҳисоблаган.
Дикиннинг айтишича, бундай фикрлар уни ранжитмаган. Аксинча, фотограф суратнинг ҳақиқатан ҳам нореалдек кўринишини тан олган.
Фотограф ушбу ишини танловнинг йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларга бағишланган йўналишида тақдим этган. Суратда акс этган яшил аррабурун ҳам йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар қаторига киради.
Жанубий Австралия музейи ўтказадиган танловга тақдим этиладиган барча ишлар Австралия, Янги Зеландия, Антарктида ёки Янги Гвинея табиати билан боғлиқ бўлиши керак.

