Швейцария Альп тоғларида енгил моторли самолёт ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлган уч кишидан икки нафари Британия фуқаросидир
Расмийларнинг маълум қилишича, самолёт Рона водийсидан ҳавога кўтарилган ва тахминан 10 дақиқадан сўнг тоғ тизмасига бориб урилган.

Швейцария Альп тоғларида юз берган авиаҳалокатда ҳалок бўлган уч кишидан икки нафари Британия фуқаросидир.
Сешанба куни енгил моторли самолёт жанубий Вале кантонидаги Лейкербад шаҳри яқинида, тоғларнинг баланд қисмида қулаб тушди.
Расмийларнинг маълум қилишича, Cirrus SR22T самолёти Рона водийсидаги Сьон аэропортидан ҳавога кўтарилган ва ҳозирча номаълум сабабларга кўра, тахминан 10 дақиқадан сўнг тоғ тизмасига бориб урилган.
Гувоҳлар аланга ва тутунни кўришганини айтишди.
Воқеа жойига Вале қутқарув ташкилоти, полиция ва ўт ўчириш хизматининг фавқулодда гуруҳлари, шунингдек, учта вертолёт юборилди.
Швейцария транспорт хавфсизлиги бўйича кенгаши тергов бошлади.
Вале полицияси ва Бош прокуратура ҳам суриштирув ишларини йўлга қўйди.
Қурбонларнинг шахсини расман аниқлаш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича вазирлик (FCDO) "Швейцарияда ҳалок бўлган икки нафар Британия фуқаросининг оилаларига ёрдам кўрсатилаётганини" тасдиқлади.
Вазирлик расмийлар маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқада эканини билдирди.
"Ушбу оғир дамларда бизнинг фикру хаёлимиз уларнинг оилалари билан", дея қўшимча қилди вазирлик.

