Швейсарияликлар бетарафлик қоидаларини қатъийлаштиришни рад этди
Швейсарияда ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 70,15 фоизи мамлакат бетарафлигини янада қатъий талқин қилиш ташаббусига қарши овоз берди. Таклиф санксияларга қўшилиш имкониятларини кескин чеклаш, шунингдек, ҳарбий иттифоқларга аъзо бўлиш ва улар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлашни назарда тутган эди.

Швейсарияликлар бетарафлик қоидаларини кучайтиришни рад этди
Швейсария ҳукумати сайтида 27-сентабр, якшанба куни эълон қилинган расмий натижаларга кўра, «Швейсария бетарафлигини сақлаш» ташаббуси аҳолининг қўлловига эга бўлмади.
Бу ташаббусни ўнг консерватив Швейсария халқ партиясига яқин бўлган «Швейсария учун» — Про Счвеиз бирлашмаси илгари сурган эди.
Муаллифларнинг фикрича, бетарафлик мамлакат Конституциясида мустаҳкамланган бўлса-да, ҳукумат Украинадаги уруш сабаб Европа Иттифоқининг Россияга қарши санксияларига қўшилиб, аралашмаслик тамойилини заифлаштирган.
Ташаббус муаллифлари Конституцияда «доимий ва қуролланган» бетарафлик тамойилини белгилашни таклиф қилган. Бунда мамлакат бетараф мақомини сақлаган ҳолда ўзини ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилишга тайёр туриши назарда тутилган.
Шунингдек, Швейсариянинг НАТО каби ҳарбий иттифоқларга қўшилиши ёки улар билан ҳамкорлик қилишига қонуний тақиқ жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Фақат мамлакатнинг ўзи ҳужумга учраган ҳолатлар бундан мустасно бўлиши керак эди.
Ташаббус санксияларга нисбатан ҳам кенг қамровли чекловларни назарда тутган. Агар ўзгартишлар қабул қилинганида, ҳукумат иқтисодий санксияларни фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқуллаганидан кейингина жорий эта оларди.
Швейсария халқ партиясидан ташқари, мамлакатдаги барча йирик сиёсий кучлар ташаббусга қарши чиққан.
Ташқи ишлар вазири Иняцио Кассис теледебатларда Швейсария бетарафлиги амалиётда доимо муайян мослашувчанлик билан қўлланганини айтган.
Унинг таъкидлашича, бетарафликни бефарқлик билан тенглаштирмаслик керак. Вазир Швейсария ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ёки тинчликни сақлашни важ қилиб, халқаро ҳуқуқ бузилишларига кўз юмиши мумкин эмаслигини билдирган.
Референдумда овоз берганларнинг 70 фоиздан ортиғи озиқ-овқат хавфсизлигига оид ташаббусни ҳам қўллаб-қувватламаган.

