Шимолий Корея кассетали бомбани синовдан ўтказди (фото)
Мамлакат 2023-йилда кассетали ўқ-дориларни “оммавий қирғин қуроллари” деб атаган ва АҚШ уларни Украинага юборишига қарши чиққанди.

Шимолий Корея кассетали бомбани синовдан ўтказди (фото)
Шимолий Корея катта ҳудуддаги нишонларни бир вақтнинг ўзида йўқ қилиш учун мўлжалланган кассетали жанговар каллакни синовдан ўтказди. Бу ҳақда НК Невс хабар берди.
Мамлакат 2026-йил охиригача ҳарбий бўлинмаларни ушбу қуролларнинг тўрт тури билан таъминлашни режалаштирмоқда. Шимолий Корея Ракета бошқармаси 31-октябр куни жанговар каллакнинг имкониятлари ва вайронкор кучини баҳолаш мақсадида синов ўтказган.
“Кассетали жанговар каллак 12–13 гектар майдондаги нишонларни энг юқори зичликдаги зарба кучи билан кулга айлантиришга қодир”, дейилади бошқарма баёнотида.
Синов қаерда ўтказилгани ва мутахассислар қуролнинг вайронкор таъсирини қандай баҳолагани ҳақида маълумот берилмаган. Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси (ЖСС) 31-октябр куни Сариқ денгиз томон ракета учирилганини тасдиқлаган.
ЖСС маълумотига кўра, Жанубий Корея ва АҚШ ракета учирилишидан олдин ҳам Шимолий Кореядаги ҳарбий фаолликни диққат билан кузатиб борган. Икки давлат разведка маълумотларини ўзаро алмашиш орқали жанговар шайликни сақлаб келган.
“Ҳарбийларимиз Шимолий Кореядаги турли жараёнларни яқиндан кузатмоқда ҳамда ҳар қандай провокацияга қатъий жавоб қайтариш учун зарур салоҳият ва жанговар шайликни сақлаб турибди”, дейилади баёнотда.
Шимолий Корея аввалроқ бошқа давлатларнинг кассетали ўқ-дорилардан фойдаланишини қоралаб, бундай қуролларни “оммавий қирғин қуроли” деб атаган эди.

