Шимолий Корея ракета учирди: уч давлат юқори жанговар шайликда
Шимолий Корея 3-октабр куни Япон денгизи йўналишида камида битта баллистик ракета учирди, деб хабар берди Жанубий Корея ҳарбийлари. Сеул, Вашингтон ва Токио юқори жанговар шайликни сақлаб, ракета учирилиши ҳақида маълумот алмашмоқда.

Шимолий Корея ракета учирди: уч давлат юқори жанговар шайликда
ДВ хабарига кўра, бу ҳақда шанба куни Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилган.
«Жанубий Корея, АҚШ ва Япония Шимолий Корея баллистик ракеталари ҳақида яқиндан ахборот алмашган ҳолда юқори жанговар шайликни сақламоқда», - дейилади Сеул баёнотида.
Хабарда ракетанинг аниқ тури, қанча масофага учгани ва қаерга тушгани ҳақида маълумот берилмаган.
Аввалроқ чегарадаги портлашда уч ҳарбий жароҳатланган
Ракета учирилгани ҳақидаги хабар икки Корея ўртасида чегарадаги портлаш юзасидан келишмовчилик давом этаётган пайтда тарқалди.
21-сентабр куни чегара ҳудудида юз берган портлаш оқибатида Жанубий Кореянинг уч нафар ҳарбий хизматчиси жароҳатланган.
АФП агентлиги Жанубий Корея ҳарбий манбаларига таяниб хабар беришича, Сеул ҳодисага Шимолий Кореянинг пиёдаларга қарши миналари портлаши сабаб бўлган, деб ҳисобламоқда.
Жанубий Корея мудофаа вазири Кан Син Чхол Пхенянни сулҳ келишувини бузишда айблаб, жавоб чоралари кўриш ниятини билдирган. Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси эса КХДРдан узр сўрашни талаб қилган.
Пхенян айбловларни рад этди
Шимолий Корея портлашга алоқадорлик ҳақидаги айбловларни тан олмади.
КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Жанубий Корея томонининг баёнотини «ўта тубан ва ифлос» деб атаган. Унинг сўзларини Шимолий Кореянинг КСНА давлат ахборот агентлиги тарқатган.
Икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси йўқ
Шимолий ва Жанубий Корея расман ҳануз уруш ҳолатида ҳисобланади. Корейс уруши 1953-йилда сулҳ келишуви имзоланиши билан тўхтаган, бироқ расмий тинчлик шартномаси тузилмаган.
Икки давлатни демилитаризация қилинган зона ажратиб туради. Миналар ўрнатилган ушбу ҳудуднинг ўртасидан демаркация чизиғи ўтади. Бу дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган ва миналар энг кўп жойлаштирилган чегаралардан бири ҳисобланади.

