Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Венгрияни тор-мор этиб, биринчи ўринга чиқиб олди
Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Венгрияни йирик ҳисобда (4:0) мағлуб этиб, кетма-кет бешинчи ғалабасини қўлга киритди ва беш турдан сўнг биринчи ўринга кўтарилиб олди. Жавоҳир Синдаров 4 имкониятдан 3,5 очко жамғарди. Аёллар терма жамоаси АҚШ билан дуранг ўйнади (2:2) ва имкониятдаги 10 очкодан 9 очкога эга бўлиб турибди.

Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Венгрияни тор-мор этиб, биринчи ўринга чиқиб олди
20 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг бешинчи тури бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Венгрияни ишончли тарзда мағлуб этиб, кетма-кет бешинчи жамоавий ғалабасига эришди. Аёллар терма жамоаси АҚШ билан учрашувни дуранг билан якунлади.
Гроссмейстер Жавоҳир Синдаров (2778) иккинчи тахтада қора доналарда тажрибали венгриялик гроссмейстер Петер Леко (2676) устидан ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик шахматчи учун бу ўз уйидаги Олимпиадада тўртта партиядаги учинчи ғалабадир. Беш турдан сўнг (улардан бирини ўтказиб юборди) Синдаровда имкони бўлган 4 очкодан 3,5 очко бор.
Синдаровнинг халқаро турнирларга, жумладан шахмат Олимпиадасига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши, шунингдек, мураббийлар билан ишлаши
Ўзбекистон Миллий банки
кўмагида амалга оширилмоқда.
Венгрия билан учрашувда асосий терма жамоанинг барча тўрт шахматчиси ғалаба қозонди. Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Рихард Раппортни (2726) мағлуб этди. Нодирбек Ёқуббоев Беньямин Гледурани (2620), Шамсиддин Воҳидов эса Глеб Дудинни (2560) мағлуб этди.
Натижада Ўзбекистон энг кучли рақиблардан бирини 4:0 ҳисобида тор-мор этди ва юз фоизлик жамоавий натижани сақлаб қолди — беш турдан кейин имкони бўлган 10 очкодан 10 очко.
Беш турдан сўнг жамоа турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. Германия ва Ҳиндистонда ҳам шунча очко бор, бироқ Ўзбекистон қўшимча кўрсаткичлар бўйича улардан олдинда бормоқда. Хитой ва Франция ҳисобида 9 очкодан бор.
Олимпиада давомида онлайн-рейтингда илк бор 2700 очколик довондан ўтган Нодирбек Ёқуббоевни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бешинчи турдаги ғалабадан сўнг унинг кўрсаткичи 2702,6 га кўтарилди, бу эса унга live-рейтингда 33-ўринга чиқиб олиш имконини берди. Ёқуббоев Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаровдан кейин рейтинги 2700 очкодан ошган ўзбекистонлик учинчи шахматчига айланди.
Ўзбекистоннинг иккинчи эркаклар терма жамоаси Филиппинни мағлуб этди — 2,5:1,5.
Учрашувдаги ягона ғалабани биринчи тахтада Майкл Консиони мағлуб этган Абдумалик Абдисалимов келтирди. Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов ва Ҳумоюн Бегмуратов ўз партияларини дуранг билан якунладилар.
Ўзбекистон-2 учун бу учинчи турда Германиядан учралган мағлубиятдан кейинги кетма-кет иккинчи ғалабадир.
Ўзбекистон-3 Австрия билан дуранг ўйнади
Ўзбекистоннинг учинчи эркаклар терма жамоаси Австрия билан учрашувни дуранг билан якунлади — 2:2.
Ўзбекистонликларга ягона ғалабани Валентин Байдецкийни мағлуб этган Асрорбек Омонов келтирди. Алмас Раҳматуллаев ва Муҳаммадали Абдураҳмонов мос равишда Феликс Блохбергер ва Лукас Дотцер билан дуранг ўйнашди. Баҳром Баҳриллаев Кирилл Алексеенкога имкониятни бой берди.
Германия терма жамоаси АҚШни мағлуб этди.
Бешинчи турнинг марказий учрашувларидан бирида Германия АҚШни мағлуб этди — 2,5:1,5. Ҳал қилувчи очкони Ханс Ниманни мағлуб этган Фредерик Сване келтирди. Винсент Кеймернинг Фабиано Каруана билан, Маттиас Блюбаумнинг Уэсли Со билан ва Александр Донченконинг Левон Аронян билан партиялари дуранг билан якунланди.
Ҳиндистон Нидерландияни мағлуб этди — 3:1. Прагнанандха Аниш Гирини, Гукеш Доммараджу эса Эрвин Л’Амини мағлуб этди. Аржун Эригайси ва Ниҳал Сарин дуранг ўйнашди.
Хитой Арманистон билан ўйинда илк бор жамоавий очко йўқотди — 2:2. Ушбу учрашувдаги барча тўртта партия дуранг билан якунланди.
Франция Чехияни мағлуб этди — 2,5:1,5, Англия худди шундай ҳисобда Грузиядан устун келди, Эрон Литвани 3:1 ҳисобида мағлуб этди, Польша — Вьетнамни (2,5:1,5). Украина Черногорияни тор-мор этди — 3,5:0,5, Туркия худди шундай ҳисобда Латвияни мағлуб этди.
Аёллар турнирида рейтинг бўйича 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистоннинг биринчи терма жамоаси илк бор жамоавий учрашувда ғалаба қозона олмади ва мусобақа пешқадамларидан бири — АҚШ (рейтингда 5-жамоа) билан дуранг ўйнади, 2:2.
Биринчи тахтада Афруза Ҳамдамова оқ доналарда Карисса Йипни (2468) мағлуб этди. Гулруҳбегим Тоҳиржонова Элис Лидан (2453) мағлубиятга учради.
Бундан олдинги барча тўртта партияда ғалаба қозонган Умида Омонова Татев Абрамян билан дуранг ўйнади ва мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолди. Нилуфархон Имомқўзиева ҳам Роуз Этвелл билан очкони бўлишиб олди.
АҚШ билан дурангдан сўнг Ўзбекистоннинг биринчи аёллар терма жамоаси имкони бўлган 10 очкодан 9 очко жамғарди ва пешқадамлардан бир очкога ортда қолмоқда. Беш тур якунларига кўра Польша, Хитой, Қозоғистон ва Озарбайжонда 10 очкодан бор. АҚШ ҳам 9 очко жамғарди. Польша қўшимча кўрсаткичлар бўйича турнир жадвалини бошқариб бормоқда, кейинги ўринларда Хитой ва Қозоғистон жойлашган.
Ўзбекистоннинг иккинчи аёллар терма жамоаси Тунис устидан йирик ғалабага эришди — 4:0.
Нилуфар Ёқуббоева, Маржона Маликова, Мадинабону Халилова ва Асал Салимова ўз партияларида ғалаба қозонишди.
Жамоа учун бу ўтган турдаги муваффақиятсизликдан кейинги муҳим ғалабадир.
Ўзбекистоннинг учинчи аёллар терма жамоаси ҳам ўз учрашувини ишончли тарзда ўтказиб, Мадагаскарни мағлуб этди — 3,5:0,5.
Зилола Актамова, Барчиной Шокиржонова ва Озода Шаҳзодова тўлиқ очкодан жамғаришди. Мафтуна Бобомуродова дуранг ўйнади.
Аёллар турнири бешинчи турининг асосий натижаларидан бири Польшанинг Ҳиндистон устидан қозонган ғалабаси бўлди — 2,5:1,5. Ҳал қилувчи очкони Вайшали Рамешбабуни мағлуб этган Александра Мальцевская келтирди. Қолган учта партия дуранг билан якунланди.
Қозоғистон Германияни мағлуб этди — 2,5:1,5. Ягона натижали партияда Меруерт Камалиденова ғалаба қозонди.
Хитой Чжу Цзиньэр ва Сун Юйсиньнинг ғалабалари эвазига Болгарияни мағлуб этди — 3:1. Озарбайжон худди шундай ҳисобда Сербияни мағлуб этди.
Украина Австрияни мағлуб этди — 2,5:1,5, Грузия — Индонезияни худди шундай натижа билан мағлуб этди. Нидерландия ва Швейцария дуранг ўйнашди — 2:2.
Бешинчи турдан сўнг аёллар секцияси пешқадамлари ўртасидаги кураш янада қизғин тус олди: Ўзбекистон АҚШ билан ўйинда илк жамоавий очкосини йўқотди, Польша, Қозоғистон ва Хитой эса тўғридан-тўғри рақобатчилари устидан ғалаба қозонишди.
Шахмат олимпиадаси швейцарча тизим бўйича 11 турдан иборат ҳолда ўтказилади. Ҳар бир жамоавий учрашувда тўрт нафар шахматчи ўйнайди, яна бир нафари захира таркибига киради. Жамоавий учрашувдаги ғалаба учун икки очко, дуранг учун эса бир очко берилади.
Вақт назорати: дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа, сўнгра партия охиригача яна 30 дақиқа. Биринчи юришдан бошлаб ҳар бир ўйинчига ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади.

