Спорт

Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Туркияни мағлуб этди, Синдаров дуранг ўйнади

Ўзбекистон эркаклар ва аёллар жамоалари шахмат Олимпиадасида кетма-кет 4-ғалабасини қўлга киритиб, максимал 8 очколи натижани сақлаб қолди. Эркаклар Туркияни (2,5:1,5), аёллар Аргентинани (3:1) енгди. Жавоҳир Синдаров мағлубияциз сериясини давом эттирди, муҳим ғалабани Нодирбек Ёқуббоев келтирди.

**Шахмат Олимпиадаси. Ўзбекистон Туркияни мағлуб этди, Синдаров дуранг ўйнади**

19-сентабр куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг тўртинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг биринчи рақамли эркаклар жамоаси Туркия устидан ғалаба қозониб, кетма-кет тўртинчи жамоавий ютуғини қайд этди. “Ўзбекистон-2” Янги Зеландияни мағлуб этган бўлса, учинчи терма жамоа Яманни тор-мор келтирди. Аёллар турнирида эса асосий таркиб Аргентинани таслим қилди, “Ўзбекистон-3” Кубага имкониятни бой берди.

**Жавоҳир Синдаров.**

Иккинчи доскада ўйнаган Жавоҳир Синдаров (2778) Туркиянинг энг кучли ёш шахматчиларидан бири Эдиз Гурел (2636) билан дурангга рози бўлди. Ўзбекистонлик гроссмейстер ўз уйида ўтаётган Олимпиадада учинчи партиясини ўтказди; бунгача у Перу ва Австрия вакилларини мағлуб этган эди. Айни пайтда унинг ҳисобида максимал 3 очкодан 2,5 очко бор.

Синдаровнинг халқаро турнирларга, жумладан, шахмат Олимпиадасига тайёргарлиги ва иштироки, шунингдек, мураббийлар билан ишлаш жараёни Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Туркияга қарши учрашувда ҳал қилувчи ғалабани Нодирбек Ёқуббоев таъминлади. У учинчи доскада қора доналар билан Ваҳап Санални (2544) енгди. Нодирбек Абдусатторов Яғиз Каан Эрдоғмуш (2716) билан, Шамсиддин Воҳидов эса Эмре Жан (2534) билан дуранг қайд этди.

Натижада Ўзбекистон 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозониб, юз фоизлик натижасини сақлаб қолди — тўртта баҳсда тўртта ғалаба ва жамоавий 8 очко. Ушбу турга қадар Ўзбекистон ва Туркия ҳали бирорта ҳам очко йўқотмаган жамоалар сафида эди.

Бош вазир Абдулла Арипов мусобақа ўтказилаётган мажмуага ташриф буюриб, Ўзбекистон терма жамоаларининг ўйинларини кузатди.

Ўзбекистоннинг эркаклар ўртасидаги иккинчи жамоаси Янги Зеландия устидан 2,5:1,5 ҳисобида зафар қучди.

Муҳаммаджўҳид Суяров Сраван Ренжитни, Ҳумоюн Бегмуратов Даки Маони мағлуб этди. Абдумалик Абдисалимов Феликс Се билан дуранг ўйнади, Ортиқ Нигматов эса Том Мидделбургга ютқазди.

Учинчи турда Германиядан учраган мағлубиятдан кейин “Ўзбекистон-2” яна ғалаба йўлига қайтди.

Учинчи эркаклар жамоаси Яман устидан 3,5:0,5 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Олмос Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Асрорбек Омонов ўз партияларида ғалаба қозонди, Сайдакбар Сайдалиев эса Башир ал-Қудаймий билан дурангга имзо чекди.

Бу “Ўзбекистон-3” учун кетма-кет иккинчи йирик ғалаба бўлди: учинчи турда жамоа Марокашни ҳам худди шундай 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этганди.

**АҚШ шахмат терма жамоаси: Фабиано Каруана, Уесли Со ва Ҳанс Ниманн.**

Ўзбекистоннинг асосий рақобатчилари орасида Ҳиндистон Испанияни 3:1 ҳисобида таслим этди. Аржун Эригаиси ва Гукеш Доммаражу тўлиқ очко келтирган бўлса, Прагнанандҳа ва Ниҳал Сарин ўз учрашувларини дуранг билан якунлади.

Хитой ҳам Сербия устидан 3:1 ҳисобида устун келди. Вей И ва Сянжуй Кун ғалаба қозонди, Дин Лижен ҳамда Юй Янъи дуранг қайд этди.

Хабар эълон қилинган пайтда АҚШ Украинага қарши ғалабани деярли расмийлаштириб бўлган эди — ҳисоб 2,5:0,5 бўлиб, фақат Василий Иванчук ва Фабиано Каруана ўртасидаги баҳс давом этаётганди. Уесли Со Антон Коробовни, Левон Аронян Роман Дехтяровни енгди, Ҳанс Ниманн эса Игор Самуненков билан дуранг қайд этди.

Франсия ва Руминия 2:2 ўйнади — барча тўртта партия дуранг билан якунланди. Озарбайжон ҳам Чехия билан худди шундай ҳисобни қайд этди. Арманистон Аргентинани 2,5:1,5, Венгрия эса Исроилни шу ҳисобда мағлуб этди.

Ўзбекистоннинг биринчи аёллар жамоаси ҳам кетма-кет тўртинчи ғалабасини нишонлаб, Аргентина устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова Махо Кампосни, Умида Омонова эса Анапаола Бордани енгди. Афруза Ҳамдамова Кандела Гекамбуру билан, Гулдона Каримова эса Эрнестина Адам билан очколарни бўлишди.

Шу тариқа, аёлларнинг асосий таркиби ҳам эркаклар сингари дастлабки тўрт турдан сўнг максимал 8 очкога эга бўлиб турибди.

Учинчи аёллар жамоаси Кубага 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Мафтуна Бобомуродова Ерисбел Мирандани мағлуб этиб, жамоага ягона ғалабани олиб келди. Зилола Актамова Марица Аррибас билан дуранг ўйнади, Шоҳина Аҳмедова ва Барчиной Шокиржонова эса рақибларига ютқазди.

Иккинчи терма жамоа Қирғизистонга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Нилуфар Ёқуббоева Нурай Советбековани таслим этган бўлса-да, Маржона Маликова, Асал Салимова ва Мумтозбегим Мансурова ўз баҳсларида ютқазди.

Аёллар мусобақасидаги етакчилар орасида Ҳиндистон Мўғулистонни 3:1 ҳисобида енгди, Хитой Венгрияни 3,5:0,5 ҳисобида тор-мор этди, АҚШ ҳам худди шу ҳисоб билан Испанияни таслим қилди. Қозоғистон Арманистондан 3:1, Полша эса Ветнамдан худди шундай ҳисобда устун келди.

Германия Исроилни 3:1, Озарбайжон Англияни 2,5:1,5 ҳисобида енгди. Болгария кутилмаганда Руминия устидан 3,5:0,5 ҳисобида йирик ғалабага эришди, Сербия ҳам Эронни шу ҳисобда мағлуб этди. Грузия Австрия билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди, Франсия эса Молдова устидан 3,5:0,5 ҳисобида зафар қучди.

Мусобақа Швейсария тизими бўйича 11 турдан иборат тартибда ўтказилмоқда. Жамоавий ғалаба учун икки очко, дуранг учун эса бир очко берилади.

Партиялар трансляциясини ЁуТубеъдаги **УзЧесс** (ўзбек тилида) ва **Ситй Чесс** (рус тилида) каналлари орқали томоша қилиш мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.