Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Давлат думасига сайловлар ўтказилгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Давлат думасига сайловлар ўтказилгани билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Россия етакчиси Владимир Путинга мактуб йўллаб, уни Россия Федерал Мажлиси Давлат Думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
IX чақириқ Давлат думаси депутатлари сайлови Россияда 18-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. 21 сентябрь ҳолатига кўра, овозларни ҳисоблаш ҳануз давом этмоқда.
Протоколларнинг 95,22 фоизи қайта ишлангандан кейинги дастлабки маълумотларга кўра, "Единая Россия" 57,83 фоиз овоз олмоқда. РФКП 13,80 фоиз, ЛДПР — 8,98 фоиз, "Новые люди" — 7,96 фоиз тўпламоқда. "Справедливая Россия" 4,96 фоиз овоз олмоқда. Россия МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг иштироки 59,32 фоизни ташкил этди.
Мирзиёев ўз мактубида, унинг баҳолашича, бўлиб ўтган сайловлар Россия жамиятининг юқори сиёсий маданияти ва фуқаролик жипслигини намойиш этганини таъкидлади. Мактубда сайловчиларнинг рекорд даражадаги иштироки ва овоз бериш натижалари алоҳида қайд этилган.
Мирзиёев, шунингдек, ушбу кўрсаткичлар Россия фуқароларининг Владимир Путин раҳбарлигида амалга оширилаётган стратегик курсга бўлган юқори ишончидан далолат беришини маълум қилди. Мактубда ушбу курс мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини давом эттириш ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани айтилади.
Ўзбекистон Президенти икки томонлама муносабатларга алоҳида эътибор қаратди. У Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожланиб бораётганини қайд этди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, икки мамлакат муносабатларида парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Мактубда таъкидланганидек, у бундан буён ҳам қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга хизмат қилиши лозим.
Ўзбекистон Президенти биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мамлакатлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлай олиши ва уни янги ташаббуслар билан бойита олишига ишонч билдирди.
Якунда Мирзиёев Путинга мустаҳкам соғлиқ ва давлат фаолиятида янги зафарлар, Россия халқига эса тинчлик, омонлик ва равнақ тилади.

