Шавкат Мирзиёев ТошТеч техника университети фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев ТошТеч техника университети фаолияти билан танишди
Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташрифи давомида ТошТеч техника университети фаолияти билан танишди.
Давлат раҳбарининг 2025-йил 8-сентабрдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган ушбу университет олий муҳандислик таълимини трансформация қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 69,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Ажратилган маблағлар ҳисобига Тошкент давлат техника университетининг 7 қаватли ўқув биноси тўлиқ реконструксия қилиниб, энг замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Мазкур олийгоҳ академик, молиявий ҳамда ташкилий-бошқарув жиҳатдан мустақил давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Белгиланган дастурга мувофиқ, 2030-йилга қадар Тошкент давлат техника университетининг тегишли факултет ва кафедралари босқичма-босқич ушбу янги инновацион экотизимга трансформация қилинади.
2026/2027-ўқув йили учун жами 1654 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Энг билимли ва иқтидорли деб топилган 400 нафар талаба сараланиб, ўқишга қабул қилинди. Қабул қилинган илк талабаларнинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида таълим олмоқда. Бу имтиёз сақланиб қолади ва 2029/2030-ўқув йилигача қабул қилинадиган талабалар ҳам тўлиқ грант билан қамраб олинади.
Университетда ўқув жараёни тўлиқ инглиз тилида олиб борилади, дарсларни маҳаллий олимлар билан бирга юқори малакали хорижлик мутахассислар ҳам ўтади.
Талабалар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ва нанотехнологиялар каби тўртта йўналишда таълим олади.
ТошТеч халқаро майдонда тан олинган таълим брендлари билан интеграциялашган. Университет дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари, жумладан, Шанхай Сзяо Тонг (Хитой), Милан политехника университети (Италия), Бремен конструктор университети (Германия) ҳамда дунёга машҳур Бостон Сонсултинг Гроуп консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди.
Университетнинг асосий мақсади қуруқ назариядан воз кечиб, талабаларни илк курсларданоқ реал саноат лойиҳалари ва мураккаб муҳандислик муаммолари устида ишлашга ўргатишдир. Шу боис талабалар ўқиш давридаёқ амалиёт ўташи ва келажакда кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши учун мамлакатимиз ва дунё саноати гигантлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улар орасида АСВА, УзАуто Моторс, “Иссиқлик электр стансиялари” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” каби йирик компаниялар бор.
Давлат раҳбарига университетнинг келгуси режалари ҳақида маълумот берилди. Ўқитувчи ва талабалар билан мулоқотда ТошТеч техника университети мамлакат саноат салоҳиятини янги босқичга олиб чиқувчи муҳандисларнинг янги авлодини етиштириб берадиган инновацион масканга айланиши зарурлиги таъкидланди.
“Яна бир бор такрорлайман, инсоннинг мол-мулки, мавқейи ёки бошқа моддий бойликлари вақтинчалик бўлиши ёки йўқолиши мумкин, аммо унинг онгидаги, қалбидаги билим ва тажрибани ҳеч ким ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Билим инсоннинг энг хавфсиз ва энг фойдали сармоясидир”, деди мамлакат етакчиси.
Президент университет талабалари билан суратга тушди.

