Мирзиёев ва Алиев Низомий номидаги миллий педагогика университетининг янги кампусини очиб берди (фото)
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Янги Тошкентда Низомий номидаги миллий педагогика университетининг янги кампусини очиб берди. 40 гектарда қурилаётган, 20 минг талабага мўлжалланган мажмуада давлат раҳбарлари дарахт экди ҳамда ахборот-ресурс маркази ва Низомий Ганжавий музейи билан танишди.

Мирзиёев ва Алиев Низомий номидаги миллий педагогика университетининг янги кампусини очиб берди (фото)
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Янги Тошкентда жойлашган Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишди.
Давлат раҳбарлари Низомий Ганжавий ҳайкали ёнида дарахт экишди. Уларга университет мажмуасининг қурилиш жараёнлари, таълим инфратузилмаси ва кампусни ривожлантириш режалари ҳақида маълумот берилди.
40 гектар майдонда барпо этилаётган кампус қурилиши икки босқичда амалга оширилмоқда. Бу ерда жами 20 минг нафар талабага мўлжалланган ўқув бинолари ҳамда 5 минг ўринли талабалар турар жойларини ташкил этиш кўзда тутилган. Биринчи босқич доирасида 12 минг ўринли беш қаватли ўқув биноси ва замонавий лаборатория мажмуаси қурилди.
Давлат раҳбарлари кампусда яратилган ўқув ва илмий муҳит, ахборот-ресурс маркази ҳамда Низомий Ганжавий меросига бағишланган музей экспозицияси билан танишдилар.
Музейда буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бой маънавий мероси, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик маданий ҳамда адабий алоқалар акс эттирилган.
Хабарда айтилишича, етакчилар таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги алоқалар икки қардош халқни янада яқинлаштириш, ёш авлодни умумий маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Янги Тошкентни барпо этиш дирексиясида унинг бош режаси ва қурилиш ишлари билан танишганди.
20 минг гектарда 2 миллион аҳолига мўлжалланган лойиҳанинг биринчи босқичида ОТМ кампуслари, “яшил” муҳандислик инфратузилмаси ҳамда янги транспорт тармоқлари қурилади.

