Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифини Қарши университетига ташриф билан якунлади. Видео

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифини Қарши университетига ташрифи билан якунлади. Видео
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифини Қарши давлат университетига ташрифи билан якунлади. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди ва сўнг Тошкентга қайтиб келди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, университетда бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича 14 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Олий ўқув юрти штатида 579 нафар ўқитувчи бор. Инглиз филологияси, математика, амалий математика ва физика йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтди. Шунингдек, Россия ва Беларусь университетлари билан ҳамкорликда 14 та таълим дастури амалга оширилмоқда.
Тиллар факультетида минг ўринли медиастудия ҳамда хитой, немис, француз, инглиз ва рус тиллари марказлари очилган. Халқаро лабораториялар марказида сунъий интеллект, машинада ўқитиш ва робототехника соҳаларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили олий ўқув юртида йирик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Учта янги талабалар турар жойи ҳисобига 1,3 мингдан ортиқ қўшимча ўрин пайдо бўлди ва бу талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплади.
Университет ҳудудида 240 ўринли боғча, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва конференциялар саройи фаолият юритмоқда. Олий ўқув юрти ҳузурида «Лочин» футбол жамоаси ташкил этилган бўлиб, у учун замонавий майдон қурилган. Президент, шунингдек, талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Аввалроқ Мирзиёев Қашқадарё бир-икки йил ичида мамлакатнинг илғор ҳудудлари қаторига кириши мумкинлигини айтган эди. Бунинг учун, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, туман ҳокимлари ва банклар билим рағбатлантириладиган, меҳнат қилиш учун имкониятлар яратиладиган ва ташаббуслар қўллаб-қувватланадиган муҳитни яратишлари керак.

