Сиёсат

Шавкат Мирзиёев: Озарбойжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.

Шавкат Мирзиёев Озарбойжонни ишончли иттифоқчи, стратегик шерик ва қардош давлат деб атади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканлигини чуқур мамнуният билан таъкидлади.

Президент Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этди. Ўзбекистон етакчисининг таъкидлашича, бу ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, мавжуд имкониятларни кенгайтириш ва муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодасидир.

Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари Озарбойжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилиб, ҳудудида янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

"Озарбойжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона сивилизацион код – муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам", – деди Ўзбекистон етакчиси.

Саммитга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани таъкидланди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилди.

Музокаралар давомида президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тингладилар.

Булар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардир.

Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.

Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бугун ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур қабул қилинди.

Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқталари белгиланди.

Мазкур ташрифга тайёргарлик доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.

Ушбу лойиҳаларни илгари суришда бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳудудлар имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича келишувга эришилди. Шу мақсадда жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбойжонда бўлдилар.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – транспорт-транзит соҳаси, хусусан, Транскаспий коридорини биргаликда ривожлантириш, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва юк ташувларини рағбатлантириш.

Икки халқ ўртасидаги яқин маданий-гуманитар алоқалар ишончли дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда.

Бугун Низомий Ганжавий номидаги Педагогика университетининг янги биноси очилади, Янги Тошкентда “Озарбойжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади.

Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбойжон маданияти кунлари ҳамда Озарбойжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади.

Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий филм суратга олиниши мамлакатларимизнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.

ФИФА қарорига кўра, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбойжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши таъкидланди.

Ушбу йирик спорт тадбири доирасида кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга оширишга келишиб олинди.

Ўзбекистон раҳбари сўзининг якунида Озарбойжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий ташриф якунлари ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳалар ва икки қардош мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.