Шавкат Мирзиёев Олмазор туманида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича янги тажриба натижаларини баҳолади

Шавкат Мирзиёев Олмазор туманида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича янги тажриба натижаларини баҳолади
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жорий этилган ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг янги усули натижаларини ўрганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва олимлар ҳамкорлигининг инновацион тизими туфайли криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларни тўлиқ бартараф этишга эришилди.
Йил бошидан буён туманга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчилари бириктирилди. Улар 23 нафар терговчи билан биргаликда кенг тарқалган жиноятларнинг олдини олиш ва тергов самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ёндашувларни жорий этмоқда.
Бундан ташқари, академиянинг 20 нафар талабаси дуал таълим доирасида тажрибали терговчилар ва профилактика инспекторларига бириктирилди. Бу нафақат уларнинг амалий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, балки маҳаллалардаги профилактика ишлари сифатини ошириш имконини ҳам берди.
Амалга оширилган ишлар натижасида тумандаги 64 та маҳалладан 13 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмади. Хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар сони 22 тадан 10 тага камайди, муқаддам судланган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари эса қайд этилмади.
Шу билан бирга, йиғилишда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳамон алоҳида эътибор талаб қилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан, Олмазор тажрибасини келгусида қўллаш учун ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

