Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг янги устувор йўналишларини белгилади
Муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш ва сунъий интеллектни жорий қилиш Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳамкорликдаги устувор йўналишларига айланиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги бизнес-форумда икки мамлакат иқтисодий алоқаларини кенгайтириш вазифаларини белгилаб берди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий ҳамкорлигининг янги устувор йўналишларини белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев 19-октабр куни Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди.
Тадбирда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор, шунингдек, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари ҳам қатнашди.
Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари кўп асрлар давомида халқлар, маданиятлар ва савдо йўлларини боғлаб келган шаҳар — Самарқандда муҳокама қилинаётгани рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, бунинг энг аввало АҚШ президенти Доналд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови билан боғлиқлиги қайд этилди.
Мустаҳкам сиёсий шерикликка таянган ҳолда иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бу йўлда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришга сезиларли ҳисса қўшаётган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳам тўхталди. Иқтисодиёт ўсиб бормоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда, иш ўринлари яратилмоқда, ёшлар учун таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда.
Шу билан бирга, саноатни янада ривожлантириш ва замонавий инфратузилма барпо этиш учун инвестициялар жалб этиш жараёни илғор технологияларни жорий қилиш, билим ва тажриба алмашиш билан бирга олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.
Бу борада АҚШ бизнеси билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажриба тўплангани қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар билан саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон компаниялари ҳам АҚШ иқтисодиётига инвестиция киритишни бошламоқда.
Муҳим минералларни ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий ва барқарор энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш, шунингдек, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилди.

