Шавкат Мирзиёев АҚШ президентининг махсус вакилини қабул қилди
Сержио Гор давлатимиз раҳбарига Доналд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди

Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг махсус вакили билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрига ташрифи чоғида АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди.
Учрашув бошида Сержио Гор Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, давлатимиз раҳбарига АҚШ Президенти Доналд Трампнинг саломлари ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Сиёсий мулоқот, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларнинг ижобий ривожланиши, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг мунтазам кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Энергетика, транспорт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
“С5+1” форматидаги бўлажак тадбирларга ва Ўзбекистон-Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

