«Шарафли йўл» танлови ғолибларига мукофотлар топширилди
Танлов ҳақида илк эълон берилган кундан бошлаб 28-августга қадар ижодий ишлар қабул қилинди. Шу давр

«Шарафли йўл» танлови ғолибларига мукофотлар топширилди
Танловнинг бош мақсади — ёш журналистлар ва блогерларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, замонавий медиа воситалари орқали Ватан, истиқлол ва юртимиз ҳаётини таъсирчан тарзда ёритишга ундаш ҳамда сифатли видеоконтент яратиш маданиятини ривожлантиришдан иборат эди.
«Шарафли йўл» видеороликлар кўрик-танлови уч йўналишда ташкил этилди. Иштирокчилар «Энг яхши видеоролик», «Сунъий интеллект ёрдамида яратилган энг яхши видеоролик» ҳамда «Мобилография асосида яратилган энг яхши видеоролик» йўналишларида ўз ижодий ишларини тақдим этдилар.
Танлов эълон қилинган илк кундан 28-августга қадар ижодий ишлар қабул қилинди. Шу вақт давомида ёш ижодкорлар турли мавзулардаги, замонавий ёндашув ва креатив ғояларга таянган видеороликларини тақдим этишди. Танлов жараёни, эълонлар ва муҳим босқичлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг расмий Телеграм канали орқали мунтазам ёритиб борилди.
Келиб тушган ижодий ишлар профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Унда иштирокчиларнинг ғояси, мавзуни очиб бериш маҳорати, тасвирий ечим, монтаж, ижодий ёндашув ва замонавий медиа талабларига мослиги алоҳида эътиборга олинди. Натижада энг муносиб ишлар сараланиб, ғолиблар аниқланди.
Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Ўзбекистон Миллий кино санъати саройининг «Панорама» залида бўлиб ўтди. Ғолибларга эсдалик совғалари ва мукофотлар топширилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига тавсия этилган бир гуруҳ журналистларга Уюшма аъзолик гувоҳномалари ҳам тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбир доирасида «Журналист» бадиий филми намойиш этилди.
«Шарафли йўл» кўрик-танлови ёшларнинг ижодий имкониятларини намоён этиши, замонавий медиа муҳитида ўз ўрнини топиши ва журналистика соҳасига қизиқишини янада оширишга хизмат қилувчи муҳим ташаббус бўлди.

