Спорт

Шаҳрам Ғиёсов нега Шоҳжаҳон Эргашевга жавоб қайтармаслигини айтди

Шаҳрам Ғиёсов Шоҳжаҳон Эргашевнинг чақириқларига нима сабабдан жавоб бермаслигини изоҳлади.

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов журналист Амирхон Умаровнинг "Марказда гаплашамиз" кўрсатувига берган интервюсида ўзига доимий равишда жанг таклиф қилаётган рақибининг чорловларига муносабати ҳақида гапирди.

Дастур давомида бошловчи, исм-шарифларни ошкор этмаган ҳолда, боксчига мунтазам равишда жанг таклиф қилаётган ҳамкасби ҳақида савол берди ва бу масалага қачон нуқта қўйилиши билан қизиқди. Бокс мухлисларига маълумки, бу ҳолатда гап Ғиёсовнинг азалий рақиби Шоҳжаҳон Эргашев ҳақида кетмоқда.

"Мен нуқта қўймайман, барчасига ҳаётнинг ўзи нуқта қўяди. Биз эмас, бизнинг қилаётган ишимиз, босиб ўтаётган йўлимиз сўзлаши керак. Бизни кузатаётган инсонлар гапирсин. Ким 'визов' ташлайди, ким ёмон ёки яхши гапиради — менга умуман фарқи йўқ. Ортимдан отилган тошларга қарамайман, менинг битта мақсадим бор ва фақат олдинга бораман", — деди Ғиёсов.

Шунингдек, суҳбат давомида бошловчининг "Сизнинг бу позициянгизни рақибингиз қачон тушуниб етади, деб ўйлайсиз?" деган саволига Ғиёсов кескин жавоб қайтарди:

"Тушунмайдиганлар ҳаётда ҳам тушунмайди. Тушунчаси паст инсонлар буни ҳеч қачон тушунмайди", — дея таъкидлади чарм қўлқоп устаси.

Маълумот учун, профессионал бокснинг биринчи ярим ўрта (супер енгил) вазн тоифасида фаолият юритувчи ўзбекистонлик боксчилар — Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев ўртасидаги зиддият кўп йиллардан буён давом этиб келади. Ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор тортишувлар кузатилган бўлса-да, ҳозирча улар профессионал боксда тўқнаш келмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.