Сеул: Шимолий Корея Вонсандан бир нечта баллистик ракета учирди
Шимолий Корея қуролли кучлари артиллерия, зарба берувчи дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар иштирокида кенг кўламли ҳарбий машғулот ўтказди. Жанубий Корея маълумотига кўра, Пхенян Вонсан шаҳри ҳудудидан Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракетани ҳам учирган.

Сеул: Шимолий Корея Вонсандан бир нечта баллистик ракета учирди
Шимолий Корея қуролли кучлари 12-сентабр куни артиллерия ва узоқ масофага учувчи ракеталар қатнашган «ялпи ўт очиш» машғулотларини ўтказди. Бу ҳақда 14-сентабр куни КХДР давлат ахборот агентлиги — КСНА маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, машғулотларда Шимолий Корея армиясининг турли бўлинмалари қатнашган.
Машғулотлар чоғида «янги жанговар тизимлар», жумладан, турли хил зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари, тактик қанотли ракеталар, залп билан ўт очиш реактив тизимлари ва тактик баллистик ракеталардан фойдаланилган.
Шимолий Корея давлат ОАВ қуроллар «жамланган ўт очишнинг улкан вайронкор кучини» намойиш этгани ва белгиланган нишонларга «100 фоиз аниқликда» зарба берилгани ҳақида иддао қилди. Машғулотлар қаерда ўтказилгани айтилмаган.
Жанубий Корея ҳарбийлари эса 12-сентабр куни Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳри ҳудудидан Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракета учирилганини билдирди.
Бу учиришлар АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ҳарбийлари Фреедом Эдге деб номланган беш кунлик қўшма машғулотларни якунлаганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Ушбу машғулотлар асосан Шимолий Корея томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий таҳдидларга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган эди.
Шимолий Корея бундан аввал 20-август куни ҳам ҳарбий машғулот ўтказиб, Япон денгизи томон бир нечта ракета учирган эди. Ўша пайтда АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари ҳар йили ўтказиладиган Улчи Фреедом Шиелд қўшма машғулотларини олиб бораётганди.
Пхеняннинг навбатдаги ҳарбий фаоллиги АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Корея билан мулоқотни тиклашга уринаётган бир паллага тўғри келди. Трамп 2026-йил охирига қадар Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашиш нияти борлигини билдирган.
Шунингдек, Трамп Улчи Фреедом Шиелд машғулотлари кўламини қисқартириш бўйича кўрсатма берган. У бунга машғулотларнинг юқори харажатларини сабаб қилиб кўрсатган ва уларни Шимолий Кореяга нисбатан «душманона» деб баҳолаган.
Айни пайтда Жанубий Корея разведкаси Ким Чен Ин Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан олинган маблағларни қурилиш ва қурол-яроғ соҳасидаги бир қатор лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтираётганини билдирган.

