Сергей Безруков Ўзбекистонда икки йил аввал берилган «Дўстлик» орденини олди

Сергей Безруков Ўзбекистонда икки йил аввал берилган «Дўстлик» орденини қабул қилиб олди
Россиялик актёр Сергей Безруков Ўзбекистон президенти томонидан икки йил аввал берилган «Дўстлик» ордени топширилганини маълум қилди. У ушбу мукофот билан фахрланишини ва ҳамкорлик бўйича қўшма режалар ҳаётга татбиқ этилишига умид қилишини таъкидлади.
«2022 йил кузида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мени «Дўстлик» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бугун, орадан икки йил ўтиб, менга ушбу гўзал орден топширилганидан жуда хурсандман ва у билан фахрланаман», – деб ёзди актёр ўзининг Telegram-каналида.
Ушбу мукофот Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиргани учун берилган. Актёр Ўзбекистондаги гастрол сафарларини, меҳмондўстликни ва томошабинлар билан учрашувларни илиқлик билан эслашини таъкидлади.
«Шуни қўшимча қилмоқчиманки, Ўзбекистондаги барча гастролларни, меҳмондўстликни, ажойиб томошабинларни, руҳан ва дунёқараши жиҳатидан менга жуда яқин бўлган инсонлар билан учрашувларни жуда илиқ туйғулар билан эслайман», – дея қўшимча қилди Безруков.
Бундан аввал, Ўзбекистонга ташрифи чоғида актёр Тошкентда рус шоири Сергей Есенинга ҳайкал ўрнатиш режалари ҳақида гапирган эди. Кейинчалик «Россотрудничество»нинг республикадаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская ҳайкал тайёр эканини, ваколатхона эса уни етказиб бериш бўйича логистика масалаларини ҳал қилиши ва Ўзбекистон пойтахтидаги жойни узил-кесил келишиб олиши кераклигини аниқлаштирган эди.

