Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорликни таклиф қилди
Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноати, жумладан, узоқ масофали баллистик ракеталар йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёр. Шунингдек, томонлар етти-саккиз ой ичида Тошкент — Белград тўғридан-тўғри авиарейсини йўлга қўйишни режалаштирмоқда, Ўзбекистон эса Сербия пойтахтида алоҳида дипломатик ваколатхонасини очади.

Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорликни таклиф қилди
Сербия мудофаа саноати, жумладан, узоқ масофали баллистик ракеталар йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Белградда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сербия бизнес-форумида Сербия президенти Александр Вучич маълум қилди.
Вучич икки томонлама муносабатлар «замонавий тарихдаги энг юқори даражада» эканини таъкидлади.
«Бугун биз Сербия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилдик. Бу шунчаки янги мақом эмас, балки ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий келажак фойдасига қилинган онгли танловдир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, энди томонлар стратегик шерикликни аниқ лойиҳалар — инвестициялар, иш ўринлари яратиш, савдо ҳажмини ошириш ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари билан тўлдиришлари зарур.
Александр Вучич Ўзбекистон-Сербия бизнес-форумида Белград ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиарейс яқин етти-саккиз ой ичида йўлга қўйилиши мумкинлигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мунтазам қатновларнинг йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқалари, туризм ва икки давлат фуқаролари ўртасидаги мулоқотларни ривожлантиришга ёрдам бериши керак.
Шавкат Мирзиёев ҳам тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти тўлақонли элчихона очилишини кутмасдан, Белградда мамлакатнинг алоҳида дипломатик ваколатхонасини очишга қарор қилганини билдирди.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, келаси ҳафтадаёқ Сербияга ўзбекистонлик дипломатлар юборилади. Уларнинг вазифаларидан бири Сербия компанияларига Ўзбекистондаги шериклар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишда кўмаклашишдан иборат бўлади.
Бизнес-форумда Александр Вучич мудофаа саноатида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Сербия тахминан бир йилдан кейин узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда ва бу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Вучич Сербия аллақачон қисқа масофали ракеталарни ишлаб чиқараётгани ва бир қатор давлатлардан технологиялар трансферини қабул қилаётганини қайд этди.
«Бир йилдан кейин биз узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу Сербиядаги одамларга жуда камдан-кам ҳолларда айтадиган янгилигимиздир, аммо бу бизнинг технологик, мазмуний ва саноат соҳасидаги тараққиётимиздан далолат беради. Мутахассисларимиз аллақачон кўп нарсага эришишди ва ишонаманки, айтганимдек, бир йилдан кейин биз буни ҳам уддалай оламиз. Биз бу соҳада ўзбекистонлик биродарларимиз ва дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Вучич.
Ташриф давомида Александр Вучич Шавкат Мирзиёевга мамлакатнинг олий давлат мукофоти — катта занжирдаги Сербия Республикаси орденини топширди. Сербия президенти ушбу мукофот икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилганини таъкидлади.

