Шавкат Мирзиёев 7−8-сентабр расмий ташриф билан Сербияда бўлади
Шавкат Мирзиёев 7−8-сентабр кунлари Александр Вучичнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Сербияда бўлади. Белграддаги музокаралар ва бизнес-форумда савдо, саноат, АТ ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинади.

Шавкат Мирзиёев 7−8-сентабр кунлари расмий ташриф билан Сербияда бўлади
Шавкат Мирзиёев Сербия президенти Александр Вучичнинг таклифига биноан 7−8-сентабр кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Ташриф дастурига кўра, Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакатнинг расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форуми ташкил этилади.
Кутилаётган учрашувлар кун тартибидан Ўзбекистон — Сербия кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши режалаштирилган.
Сербия президенти Александр Вучич расмий ташриф билан Ўзбекистонга 2025-йил 28-октабр куни келганди.
Икки давлат президентлари иштирокидаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида Қўшма декларация имзоланган.
Турли соҳалар, жумладан, Инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодий ҳамкорлик, меҳнат миграцияси бўйича 10 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган.

