Дунё

Саудиядаги элчихона ўзбекистонликларни эҳтимолий рейс ўзгаришларидан огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ёки у ерга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди. Дипломатик ваколатхона минтақадаги кескинлик сабаб авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидалари ўзгариши мумкинлигини эслатди.

Саудиядаги элчихона ўзбекистонликларни эҳтимолий рейс ўзгаришлари ҳақида огоҳлантирди

«Дунё» ахборот агентлиги тарқатган мурожаатда Саудия Арабистонида ички вазият барқарор экани таъкидланган. Унда мамлакатда жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чораларига оид ҳолатлар қайд этилмагани билдирилган.

Шунга қарамай, минтақадаги умумий вазият ҳаво қатновларига таъсир қилиши мумкинлиги айтилган. Жумладан, парвозларнинг кечикиши, йўловчиларнинг бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгариши эҳтимоли бор. Транзит йўналишлари ва кутиш вақтларидаги ўзгаришлар ҳам сафар давомийлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу сабаб элчихона фуқаролардан сафарни режалаштиришда ушбу ҳолатларни инобатга олишни сўраган.

Ватандошларга Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, шунингдек, хавфсизлик борасида маҳаллий ҳокимият органлари кўрсатмаларига қатъий амал қилиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, ҳарбий обьектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юриш сўралган.

Зарурат туғилганда фуқаролар қуйидаги рақамлар орқали Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиши мумкин:

Ар-Риёддаги Ўзбекистон элчихонаси:

• Телефон: +966 11 263 52 23.

• Консул Шуҳрат Ибрагимов: +966 56 721 77 31 - Телеграм ва ВҳацАпп.

Жиддадаги Ўзбекистон Бош консулхонаси:

• Телефон: +966 12 607 72 50.

• Консул Азимжон Қобилжонов: +966 59 439 08 50 - Телеграм ва ВҳацАпп.

Элчихона барча ватандошларни эҳтиёткор бўлишга ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.