Самарқандда умрага юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар талаб қилган турфирма раҳбари ушланди
Туристик фирма раҳбари Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган.

Самарқандда фуқароларни умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар сўраган туристик фирма раҳбари қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида фуқароларни умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар талаб қилган туристик фирма раҳбари ушланган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.
Билдирилишича, 14-октябр куни туристик фирма раҳбари умра тадбирларини ташкил этиш фаолияти учун лицензияга эга бўлмаса-да, фуқароларни зиёратга юборишни ваъда қилган. У хизмат эвазига 3 минг доллар сўраган.
Ўтказилган тезкор-қидирув тадбири чоғида фирма раҳбари ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Андижон ва Фарғонада фуқароларни умрага юборишни ваъда қилган шахслар аниқланган эди.

