Самарқандда энага 3 ёшли болани электр плитага ўтқазиб қийнагани айтилган ҳолат бўйича жиноий иш очилди

Каттақўрғон туманида энага 3 ёшли болани қизиган электр плитага ўтқазиб, калтаклагани ва оч қолдириб келгани айтилмоқда. Бола оғир куйиш ва бошқа жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Воқеа бўйича жиноий иш очилди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўз назоратига олди.

Самарқандда 3 ёшли болани электр плитага ўтқазиб қийнаганликда гумонланаётган энага устидан жиноий иш очилди.

Каттақўрғон туманида энага қарамоғида бўлган уч ёшли бола зўравонликка учрагани айтилмоқда. Ҳозирда бола оғир аҳволда жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Маълум бўлишича, боланинг онаси тахминан икки ой давомида фарзандини энагага қолдириб, ўзи ишлаган. Оила Нарпай туманидан. Боланинг отаси чет элда ишлайди, онаси эса оилавий келишмовчиликлар туфайли Нарпайдаги уйидан кетиб, фарзандини Каттақўрғонда энагага қолдирган ҳолда кафеда идиш ювувчи бўлиб ишлаган.

Нашрга тақдим этилган видеоларда боланинг танасида куйишга ўхшаш оғир жароҳатлар ва кўкаришлар борлиги кўринади. Шунингдек, болага нисбатан шафқациз муносабатда бўлингани аниқ. Воқеадан хабар топган қўшнилар ички ишлар органларига мурожаат қилган. Шундан сўнг бола шифохонага олиб борилган.

Боланинг яқинларидан бирининг айтишича, воқеадан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо унинг сўзларига кўра, ҳолат бўйича тиббий экспертиза ҳам тайинланмаган.

"3 яшар боланинг баданида соғ жойи йўқ. Қўлларини сим билан боғлаб қўйган, сим изларидан қолган жароҳатлар йиринглаб кетган ҳаттоки. Қизиб турган электр плита устига болани ўтқазган, орқаси жуда чуқур, қаттиқ куйган. Одам боласи шундай қиладими...", — деди у.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати Газета сўровига жавобан ҳолатни ўз назоратига олганини ва ҳозирда Самарқанд вилояти бўйича минтақавий вакили вазиятни ўрганаётганини маълум қилди.

Мазкур воқеа юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 43 ёшли O.Yo. (аёл) гумонланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани жиноят иши юритувида жабрланувчи-боланинг қонуний манфаатлари таъминланиши юзасидан ўз кузатувини давом эттиришини билдирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.