Руминия АЕС фаолиятини тўхтатиб қўйди

**Руминия АЕС фаолиятини тўхтатди: Дунай дарёсидаги сув сатҳи рекорд даражада пасайиши оқибатлари**
Руминия Дунай дарёсида сув сатҳи мисли кўрилмаган даражада пасайгани сабабли мамлакатдаги ягона “Чернаводе” атом электр стансиясининг сўнгги ишлаётган энергия блокини ҳам тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан нашри хабар берди.
“Чернаводе” АЕСнинг иккита реактори Руминиянинг умумий электр энергияси ишлаб чиқаришининг қарийб 20 фоизини таъминлайди. Улардан бири июл ойининг охирида, иккинчиси эса 13-август куни Дунай дарёсидаги “сезиларли ва давом этаётган сув сатҳи пасайиши” туфайли тўхтатилди. Яқин ўн кун ичида унинг фаолиятини қайта тиклаш режалаштирилмаган.
**Энергетика инқирози ва фавқулодда чоралар**
Электр энергияси тақчиллиги фонида Руминия август ойи давомида энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Аҳоли ва компаниялардан электр энергияси истеъмолини тиғиз вақтларда камайтириш сўралди. Йўқотилган қувватларни қоплаш мақсадида ҳукумат 330 МВт қувватга эга қўнғир кўмир электр стансиясини ишга туширди. Шунингдек, шамол ва гидроелектр стансияларидан қўшимча энергия ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Аввалроқ расмийлар энергия тизимига тушадиган юкламани камайтириш учун Дасиа ва Форд автомобил заводлари 19-августгача фаолиятини тўхтатишини маълум қилганди.
**Молдова учун муаммолар**
“Чернаводе” АЕСнинг тўхташи қўшни Молдова учун ҳам жиддий муаммолар туғдирмоқда. Молдова Руминиядан электр энергияси импорт қилади ва бу импорт унинг тақчиллигининг 60 фоизини қоплайди. Энди Кишинёв Украинадан импорт ҳажмини ошириши ёки Ғарб давлатларидан қимматроқ электр энергиясини сотиб олиши керак бўлади. Яна бир эҳтимолий вариант – режали электр узилишлари.
Молдовалик энергетика мутахассиси Сержё Тофилатнинг сўзларига кўра: “Ўйлайманки, вазиятнинг ёмонлашишига, жумладан, электр энергиясидаги узилишларга тайёр туришимиз керак. Гарчи ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин бўлса-да”.
**Қурғоқчиликнинг оқибатлари**
Инқирозга узоқ давом этган қурғоқчилик сабаб бўлган. Коперник Европа иқлим хизмати маълумотларига кўра, Дунайнинг деярли учдан икки қисмида июл ойида сув сарфи 34 йиллик кузатувлар тарихидаги энг паст даражага тушган. Сув сатҳининг пасайиши 2850 километр узунликдаги дарёда кема қатновини ҳам қийинлаштирган.
Аввалроқ Руминия АЕСга сув етказиш учун тўртта кемани чўктирган эди. Дунай дарёсида сув сатҳи пасайгач, қарийб 1700 йиллик Рим кўприги қолдиқлари кўринганди. Шунингдек, Германия ҳарбий кемасининг қолдиқлари ҳам сув юзасига чиққанди.

