Маҳаллий

Россия—Украина урушидан қочиб, симтўсиқ остидан Ўзбекистонга қайтган самарқандлик эркак 5,5 йилга қамалди

Россия-Украина урушидан қочиб, симтўсиқ остидан Ўзбекистонга қайтган самарқандлик эркак 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда "Дарё" нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.

Ма'лум бўлишича, 1988-йилда Нуробод туманида туғилган М.Б. 2020-йил ноябр ойида Москвага ишлаш мақсадида бориб, таксичилик билан шуғулланган. 2021-йил 2-март куни у тожикистонлик таниши Д.S.ni Ступино туманидан олиб кетаётганида, йўлда полиция ходимлари уларни тўхтатиб, машинани текширишган. Текширув давомида автомобилнинг орқа ўриндиғи остидан 109 грамм героин топилган.

М.Б. гиёҳванд модда шеригига тегишли эканлигини айтганига қарамай, Москва вилоятининг Кашира туман судининг 2022-йил 6-майдаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. У 2024-йил апрелигача Свердловск вилоятининг Новая Ляля шаҳридаги колонияда, сўнгра сентябргача Екатеринбургдаги жазони ижро этиш муассасасида сақланган.

М.B.ning кўрсатмасига кўра, қамоқнинг дастлабки йилида маҳкумларга нисбатан яхши муносабатда бўлинган. Бироқ, уруш кучайгач, босимлар ортиб борган. Унга кўра, Россия томонида Украинага қарши урушда қатнашганларга жазодан шартли равишда озод қилиш таклиф қилинган. Узоқ муддатли босимлардан сўнг, М.Б. бу таклифга рози бўлиб, 2024-йил 15-сентябрда ҳарбий хизмат бўйича шартнома имзолаган.

Шартнома имзолангач, М.Б. бошқа маҳкумлар билан бирга ҳарбий самолётда Ростов вилоятига, у ердан эса Луганскдаги "Шахта" ҳудудига олиб борилган. Улар Россия Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда 14 кунлик тайёргарликдан ўтгач, "УАЗ" автомобилларида жанг кетаётган ҳудудга юборилган.

"Жанг пайтида мина портлаб, оғир яраландим. Мени эвакуация қилишиб, Донецкдаги ҳарбий госпиталга олиб боришди. У ерда 2024-йил 8-декабр кунигача даволаниб, фурсат бўлгач, такси орқали қочдим", дейди судланувчи.

Шундан сўнг у Тамара исмли аёл билан боғланиб, уруш майдонидан қочганини ва Ўзбекистонга қайтгунича унинг уйида яшаб туришни сўраган. Аёл рози бўлгач, 2025-йил апрелигача унинг хонадонида яширинган ва Ўзбекистонга қайтиш йўлини излаган. Шу орада у ўзини "Дед" деб таништирган қозоғистонлик эркак билан танишиб, у билан Россиядан Қозоғистонга ўтказиб қўйиш бўйича 1,8 минг долларга келишган. Келишувга кўра, Маҳам исмли шахс ва бир чўпон уни Россия-Қозоғистон чегарасидаги симтўсиқ остидан Қозоғистон ҳудудига ўтказган. У ердан Жиззах вилояти ҳудудидаги давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктидан ташқари жойда кесиб ўтиб, симтўсиқ остидан Ўзбекистонга кирган. Бу ерда уни акаси кутиб олиб, Паркент туманида яшовчи опасининг уйига олиб борган.

Ўзбекистонга қайтганидан кейин М.Б. бир неча шахснинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишига ёрдам бериш билан боғлиқ ҳаракатларни содир этган.

М.Б. яна бир фуқарога Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб, Россияга ўтишига ёрдам беришга ваъда қилиб, ундан 2 минг доллар сўраган. Икковлон Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида, "Динамо" спорт мажмуаси яқинида учрашишга келишган.

6-феврал куни соат 18:00 атрофида М.Б. 2 минг долларни олиб, курткасининг чўнтагига солган пайтда ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди ҳукми билан М.Б. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш), 25, 168-моддаси 2-қисми "б" банди (фирибгарлик), 223-моддаси 2-қисми "б" банди (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 25, 223-моддаси 2-қисми "б,в" бандлари билан айбли деб топилган. Жиноятлар мажмуи бўйича тайинланган жазолар қисман қўшилиб, унга узил-кесил 5 йил 6 ойлик қамоқ жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Аввалроқ, Россияда 9 йилга қамалиб, Украинадаги урушга жалб қилинган ва ҳарбий полигондан қочган 22 ёшли андижонлик йигитга 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани хабар қилинганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.