Россиянинг маълум қилишича, Украинанинг Москва вилоятига уюштирган «яппасига» дронлар ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган
Хабарларга кўра, Москвадаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳам зарба берилган ва пойтахтдаги иккита аэропортда парвозлар тўхтатилган.

Россия расмийларига кўра, Украинанинг Москва вилоятига уюштирган «яппасига» дронлар ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Украинанинг Москва вилоятига тунда уюштирган «яппасига» дронлар ҳужуми оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди ва яна олти киши жароҳатланди, деб маълум қилди губернатор Андрей Воробьёв.
Воробьёвнинг сўзларига кўра, 249 та дрон уриб туширилган ва бир нечта турар жой биноларида ёнғин чиққан. Шунингдек, маҳаллий омборхона ҳам ёниб кетган. Москвада нефтни қайта ишлаш заводига шикаст етган, иккита аэропортда эса парвозларга чекловлар жорий этилган.
Бундан олдинроқ Украина расмийси шанба куни Россиянинг Киев ва Суми вилоятларига уюштирган ҳужумлари оқибатида етти киши, жумладан икки бола ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
Россия ва Украина сўнгги пайтларда бир-бирига зарба беришни кучайтириб, энергия ишлаб чиқарувчи ва транспорт инфратузилмаларига, шунингдек, йирик логистика марказларига ҳужум қилмоқда.
Якшанба куни Телеграм-каналида қолдирган постида Воробьёв Софьинода дрон уч қаватли турар жой биносига келиб урилиши оқибатида 44 ёшли аёл ҳалок бўлганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, яна беш киши, жумладан икки бола жароҳатланган.
Орехово-Зуево туманида эса хусусий уйга зарба берилиши оқибатида кекса ёшли эркак ҳалок бўлган, деб хабар берди вилоят губернатори.
Ижтимоий тармоқларда Москва вилояти узра тунги осмондаги портлашлар, шунингдек, ёнаётган омборхона акс этгани айтилаётган видеолар пайдо бўлди. Би-би-си ушбу тасвирларнинг ҳақиқийлигини тасдиқламаган.
Шу билан бирга, Москва мэри Сергей Собянин дрон пойтахт хиёбонларидан бири яқинидаги бинога урилгани ва нефтни қайта ишлаш заводидаги иншоотга шикаст етказганини маълум қилди.
У бундан олдинроқ Москва томон учаётган 152 та дрон уриб туширилганини айтган эди.
Москванинг энг йирик аэропорти бўлмиш «Шереметьево» йўловчиларни «вақтинчалик чекловлар» ҳақида огоҳлантирди, пойтахтдаги «Внуково» аэропортида эса барча учиш ва қўниш парвозлари тўхтатилди.
Украинада эса шанба куни Россиянинг Фастов шаҳрига (Киев вилояти) уюштирган ҳужуми оқибатида бир она ва унинг икки ёш фарзанди — ўғил ва қиз бола ҳалок бўлди, деб хабар берди Киев вилояти маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко.
У бир нечта хусусий уйларга ҳам шикаст етганини қўшимча қилди.
Шимоли-шарқий Суми вилоятида эса Россия дрони улар кетаётган машинага келиб урилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб маълум қилди маҳаллий юқори лавозимли мулозим Олег Григоров.
Россия президенти Владимир Путин 2022 йилнинг февралида Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаган эди.

