Россиядан Ўзбекистонга 30 килограммдан ортиқ радиоактив қўзиқоринларни олиб чиқишга уринишди. Видео

Россиядан Ўзбекистонга 30 килограммдан ортиқ радиоактив қўзиқоринларни олиб чиқишга уринишди. Видео
Москванинг Домодедово аэропортида божхоначилар радиация даражаси юқори бўлган 30 килограммдан ортиқ қуритилган оқ қўзиқоринларни аниқладилар. Уларни завод ўровида ташиётган йўловчи Ўзбекистонга учиб кетмоқчи бўлган. Товар радиоактив чиқинди деб топилди ва йўқ қилишга юборилди.
Россия Федерал божхона хизмати хабарига кўра, вазни 31 килограмм бўлган қутини кўздан кечириш чоғида "Янтарь" радиоактив материалларни аниқлаш тизими ишлаб кетган. Ичида Россияда ишлаб чиқарилган қуритилган қўзиқоринлар солинган картон пакет бўлган.
Текширув радиация фони меъёрдан ўн баравардан кўпроқ ошганини кўрсатди. Мутахассислар, шунингдек, хавфли радиоактив изотоп бўлмиш цезий-137 ни ҳам аниқладилар.
Маълумотлар Роспотребнадзорга топширилди. Маҳсулот радиоактив чиқинди деб топилди ва кўмишга юборилди.
Хавфли партия аниқлангач, ишлаб чиқарувчига кўрсатма берилди. Қуритилган оқ қўзиқоринларга мувофиқлик декларациясининг амал қилиши тугатилди, у бўйича маҳсулот чиқариш ва кейинги сотувлар ҳам тўхтатилди.
Олдинроқ Тошкентда Россиядан қалбаки дори-дармонларни етказиб бериш каналига чек қўйилган эди.

