Россияда узоқ умр кўриш лабораторияси очилди
Путиннинг қизи Мария Воронсова бу соҳада 10–20 йил ичида кескин бурилиш бўлишини башорат қилди.

Россияда узоқ умр кўриш лабораторияси иш бошлади
Россиянинг «Сколково» (Москва) бошқарув мактаби ҳузуридаги Соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази негизида узоқ умр кўриш лабораторияси ташкил этилди.
«Ведомости» нашрининг ёзишича, бу ерда умр давомийлигининг ошиши соғлиқни сақлаш тизими, бозорлар, меҳнат фаолияти ва давлат сиёсатига қандай таъсир қилиши ўрганилади. Тадқиқотлар натижасига таянган ҳолда, олимлар кексаларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган бошқарув ечимларини таклиф этади.
МДУ Тиббиёт илмий-таълим институти директори, Владимир Путиннинг қизи Мария Воронсова «Сколково»даги форумда чиқиш қилиб, илм-фан инсон умрини «табиатан берилган 85–90 ёшлик салоҳият»дан ҳам узоқроқ чўзиш масаласида ҳали унча илгариламаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қариликнинг касаллик сифатида тан олинмаслиги тадқиқотчилар учун тўсиқлардан бири ҳисобланади, чунки ташхис қўйилмаса, дори воситаларининг клиник синовларини ўтказиб бўлмайди. Шу билан бирга, Воронсованинг тахминича, 10–20 йилдан кейин «ўлим олдидаги умумбашарий қўрқув» соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддиларини бу муаммони ҳал этишга ундайди.
2025-йилда Воронсова ҳужайралар янгиланиши ва фаол узоқ умр кўришни ўрганиш лабораторияси учун Россия илмий жамғармасидан 30 млн рубл миқдорида грант олган эди.
2026-йил май ойида Тҳе Валл Стреет Жоурнал Россия ҳукумати «Саломатликни асрашнинг янги технологиялари» миллий лойиҳаси доирасида қаришга қарши курашиш бўйича 26 млрд долларлик кенг кўламли дастурни — жумладан, аъзоларни биопринтерда чоп этиш, митти чўчқалар иштирокидаги ксенотрансплантация ва ген терапиясини — молиялаштираётгани ҳақида ёзган эди.
Хабарларга кўра, дастурга Путинга яқин шахслар: унинг қизи, давлат генетик лойиҳалари учун масъул эндокринолог Мария Воронсова ҳамда Курчатов институти раҳбари, Путиннинг дўсти, банкир Юрий Ковалчукнинг акаси, физик Михаил Ковалчук бош-қош бўлмоқда. Катта Ковалчукни Кремлнинг узоқ умр кўриш дастурининг ғоявий меъмори деб аташади: унинг айтишича, илм-фан яқин орада инсон тана аъзоларини «чексиз таъмирлаш ва алмаштириш» имконини беради.

