Дунё

Россияда мигрантларнинг чет элга, жумладан Ўзбекистонга пул ўтказмалари учун солиқ жорий этиш таклиф қилинди

Россияда мигрантларнинг чет элга, жумладан Ўзбекистонга пул ўтказмаларидан солиқ ундириш таклиф қилинди

Россия Либерал-демократик партияси (РЛДП) чет эл фуқароларининг Россиядан хорижга пул ўтказмаларидан 5 фоиз миқдорида мажбурий йиғим жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Таклиф Молия вазирига юборилган. Россиядан катта миқдорда пул ўтказиладиган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон алоҳида тилга олинган.

Чет эл фуқаросининг Россия ташқарисига амалга оширадиган ҳар бир ўтказмасидан мажбурий тўлов ундиришни йўлга қўйиш ғоясини Молия вазирлиги раҳбарига РЛДП етакчиси Леонид Слуцкий юборди.

Ташаббусга кўра, банклар ва тўлов тизимлари ўтказма суммасидан 5 фоизни автоматик равишда ушлаб қолиши ва ушбу маблағларни федерал бюджетга ўтказиши керак бўлади.

"Агар пул Россияда ишлаб топилган бўлса, унинг бир қисми шу ерда қолиши ҳамда бизнинг иқтисодиётимиз ва одамларимиз учун хизмат қилиши керак", — деди Слуцкий.

Партиядан таъкидлашларича, ҳозирда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижга пул ўтказмаларидан алоҳида солиқ ёки мажбурий йиғим ундирилмайди.

Экспертларнинг баҳолашича, мигрантлар ҳар йили Россиядан қарийб 25 миллиард доллар олиб чиқиб кетади. Мурожаатда мисол тариқасида 2025 йил учун маълумотлар келтирилган. Россиядан Қирғизистонга пул ўтказмалари ҳажми 3,2 миллиард долларни, Ўзбекистонга эса қарийб 18,9 миллиард долларни ташкил этган.

Слуцкийнинг фикрича, янги йиғим федерал бюджет даромадларининг қўшимча манбаига айланади. РЛДПда, шунингдек, бу чет эл фуқароларининг Россияда бўлиши билан боғлиқ бюджет харажатларини қисман қоплаш имконини беради, деб ҳисоблашмоқда.

Ҳозирча бу фақат партиянинг таклифи холос. Бундай тўловни жорий этиш бўйича қарор қабул қилинмаган.

Бундан аввалроқ Слуцкий олий ўқув юртларида барча хорижлик талабаларнинг таълим олишини истисносиз тўлов-контракт асосига ўтказишни таклиф қилган эди. Ташаббус муаллифининг ҳисоблашича, давлат олий ўқув юртлари россияликларнинг солиқлари ҳисобидан молиялаштирилади, шу боис бюджет ўринлари ва ётоқхоналардаги жойлар улар учун мўлжалланиши керак, хорижликларни имтиёзлардан маҳрум қилиш эса камситиш эмас, балки "адолат" деб аталди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.