Россияда Кеннедининг Украина учун жанг қилган қариндоши сиртдан ҳибсга олинди

Россияда Кеннедининг Украинадаги жангларда иштирок этган қариндоши сиртдан ҳибсга олинди.
Россия суди АҚШ собиқ президенти Жон Кеннедининг невара жияни, АҚШ соғлиқни сақлаш вазири кичик Роберт Кеннедининг ўғли Конор Кеннедини сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Билд нашрининг хабар беришича, у Украина қуролли кучлари сафида ёлланма аскар сифатида жангларда қатнашганликда айбланмоқда.
Конорнинг сўзларига кўра, у 2022-йилда ҳарбий тажрибаси бўлмаганига қарамай, кўнгилли равишда Украинага бориб, халқаро легионга қўшилган. У Украина шимоли-шарқида тахминан икки ярим ой бўлган, шундан сўнг АҚШга қайтган. Унинг оиласи бу ҳақда у қайтганидан кейин хабар топган.
Россия қонунчилигига биноан, Кеннедига етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. ТАСС агентлигининг маълумотларига кўра, ҳимоя томони суд қарори устидан аллақачон шикоят киритган.
Маълумот учун, Конор 2012-йилда америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт билан қисқа муддатли муносабатда бўлган. Ҳозирда у адвокат бўлиб ишлайди. 2026-йилнинг март ойида у бразилиялик хонанда Жулия Бига уйланган.

