Дунё

Россия қийноқларга қарши Европа конвенсиясидан расман чиқди

Европа кенгаши Россия 2022-йилда Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери халқаро инспекторларни мамлакатдаги қамоқхоналарга киритмаганини маълум қилди.

Россия қийноқларга қарши Европа конвенсиясидан расман чиқди

Россия 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб Қийноқлар ва ғайриинсоний жазоларнинг олдини олиш тўғрисидаги Европа конвенсиясидан расман чиқди. Бу ҳақда Европа кенгаши маълум қилди.

Шундан сўнг Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Европа қўмитаси Россиядаги қамоқхоналар, колониялар ва бошқа озодликдан маҳрум қилиш жойларини текшириш ваколатига эга бўлмайди. Европа кенгашининг таъкидлашича, аслида Россия Украинага кенг кўламли босқин бошлаган пайтдан бошлаб бу текширувлар тўхтаб қолган.

Россия 2025-йил 30-октябрда конвенсиядан чиқиши ҳақида Европа кенгашини хабардор қилган. Ҳужжатнинг 22-моддасига кўра, бу қарор бир йил ўтгач кучга киради.

Россия конвенсияга 1998-йилда қўшилган эди. Шу давр мобайнида Европа қўмитаси вакиллари мамлакатга 30 марта бориб, 450 дан ортиқ қамоқхона ва бошқа сақлаш жойларини текширган. Бироқ Россия ҳукумати текширувлар бўйича фақат тўртта ҳисоботни эълон қилишга рухсат берган. Жумладан, 2000–2017-йилларда Чеченистон ва Шимолий Кавказда ўтказилган ўнта текширув натижалари ошкор этилмаган.

Европа кенгашининг билдиришича, 2022-йил февралидан бери қўмитага Россия ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги маҳбусларга нисбатан қийноқ ҳамда шафқациз муомала қўллангани ҳақида кўплаб хабарлар келиб тушган. Аммо Россия ҳукумати ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабабли халқаро инспекторлар бирор текширув ўтказа олмаган. Украина эса қамоқхоналарга халқаро кузатувчиларни киритишда давом этмоқда.

“Россиянинг конвенсиядан чиқиши қўмитанинг мамлакатдаги текширув ваколатлари тугаганини англатади. Бу, шунингдек, Россиядаги озодликдан маҳрум қилиш жойлари устидан ҳар қандай мустақил назорат тўхташини билдиради”, — деди қўмита раиси Алан Митчелл.

У мустақил текширувлар маҳбусларни қийноқ ва шафқациз муомаладан ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканини таъкидлади.

2025-йил сентябрида Россия Давлат думаси конвенсиядан чиқиш тўғрисидаги қонунни бир овоздан қабул қилган, кейин уни Владимир Путин имзолаган. Россия ҳукумати бу қарорни Европа кенгашининг камситувчи муносабати билан изоҳлаган. Москва Европа кенгаши Россия вакилининг қўмитага сайланишига тўсқинлик қилганини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.